Ташкилот янги ходимни ишга қабул қилмоқчи. Унда 2 та меҳнат дафтарчаси бор экан. Биринчиси меҳнат фаолиятини бошлаганда берилган. Кейин йўқотилган. Охиргидан олдинги иш жойига жойлашишда унга янги меҳнат дафтарчаси очилган. Аввалги иш жойидан ишдан бўшатилгандан кейин унинг биринчи меҳнат дафтарчаси топилган. Иккинчи меҳнат дафтарчасини очган ташкилот 2019 йил охирида тугатилган.
Ходимда иккита меҳнат дафтарчаси бўлганда, ташкилот ёзув киритиш учун қайси меҳнат дафтарчасини танлаши лозим?
– Ходимнинг биринчи меҳнат дафтарчасини асос сифатида сақлаш учун қабул қилиш тавсия этилади.
Биринчи меҳнат дафтарчасига иккинчи меҳнат дафтарчасидаги барча ёзувларни кўчириб ўтказишингиз ҳамда имзо ва муҳр ўрнига қуйидагиларни кўрсатиш мумкин: « ___N дан ___ N гача бўлган ёзувлар ____ N ____серияли меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар асосида киритилган».
Бундан кейин ташкилотингизда ишга қабул қилиш ва бошқа ишга ўтказишлар ҳақидаги ёзувлар амалга оширилади. Шу тариқа, сиз ходимнинг тўлиқ меҳнат стажини сақлаб қолишингиз мумкин. Шунингдек унга иккинчи ташкилотдаги меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотномани архивдан олишни тавсия қилинг.
Бир вақтнинг ўзида таъкидлаб ўтиш жоизки, охирги ташкилот меҳнат дафтарчасини йўқотган ходимга янги меҳнат дафтарчасини эмас, балки дубликатини очиши ва унга ходим томонидан тақдим этилган архив маълумотномаларига асосан аввалги меҳнат фаолияти ҳақидаги барча ёзувлар киритилиши лозим (АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 4.1–4.5-бандлари).
ЯММТ ишлаб чиқувчилари ҳозирги пайтда ходимларнинг қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаларини сақлашга қабул қилишни тавсия қилмайдилар. Бироқ Меҳнат кодексига ва Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартиришлар киритилмаганлиги боис қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаларини юритиш ва сақлаш ЯММТда меҳнат шартномаларини параллел равишда рўйхатдан ўтказиш ва электрон меҳнат дафтарчаларини яратиш зарурий шарт деб ҳисоблаймиз. Қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаларидаги меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотлар вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси миқдорини аниқлаш учун асос бўлади, чунки у стажга боғлиқ бўлади. Бундан ташқари, аввалги иш жойларидан маълумотлар қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасидаги ёзувларга асосан электрон меҳнат дафтарчасига киритилади.