Корхонада ишлайдиган ходимлар учун ҳақиқатда ишланган соатларга қараб ҳақ тўлаш билан сменали иш графиги тузилган.
Штат жадвалини тузишда ушбу ходимларнинг маошлари қандай кўрсатилади? 1 соат учун тўланадиган ҳақни кўрсатиш лозимми ёки МҲЭКМними?
– Саволдан келиб чиқадики, корхонада меҳнатга вақтбай ҳақ тўланади. Шу боис штат жадвалида соатлик ставка, яъни 1 соат ишлаганлик учун меҳнат ҳақ тўлаш миқдори кўрсатилишини тавсия қиламиз.
Бунда иш ҳақи муайян ойда ҳақиқатда ишланган соатлар учун ҳисобланади. У ишланган соатлар сонини соатлик ставка миқдорига кўпайтириш орқали ҳисобланади. Соатлик тариф ставкаси ойлик тариф ставкасини иш вақти нормасига бўлиш орқали аниқланади.
Соатбай ставкани белгилашда ходимларнинг иш вақти графиги, иш вақти нормаси бажарилиши учун ходимга белгиланган бир ойдаги соатлар сони ҳисобга олиниши лозим ҳамда натижада иш ҳақи ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан (МҲЭКМ) кам бўлмаслиги керак.
МҲЭКМга қўшимча тўловлар, устамалар, рағбатлантирувчи тўловлар, нормал иш вақтидан четга чиқишларда оширилган иш ҳақи, шунингдек туман коэффициентлари бўйича тўловлар қўшилмайди.