Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2020 год / № 43 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантиришга 2021 йилда 17,1 трлн сўм ажратилади

 

Президентнинг 16.10.2020 йилдаги ПҚ-4864-сон қарори билан 2021 йилда мамлакатимизнинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурининг асосий параметрлари тасдиқланди.

 

Уни амалга ошириш учун 2021 йил Давлат бюджетида 17,1 трлн сўм назарда тутилиб ва яна 1,5 трлн сўм Президент топшириқларига мувофиқ ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш харажатлари учун сарфланади. Дастурни шакллантириш ва амалга ошириш доирасида соҳа вазирликларига қўшимча вазифалар юклатилди.

2021 йилдан бошлаб бундай дастурлар доирасида қуйидаги тадбирларни молиялаштириш учун алоҳида сатрларда маблағлар назарда тутилади:

а) ЭИЗни, КСЗни ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларини муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаш;

б) туман марказлари ва шаҳарларнинг меъморий қиёфасини замонавийлаштириш ва ободонлаштириш. 2021 йилда бунинг учун 1,4 трлн сўм ажратилади. Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва пойтахт ҳокимликлари ажратилган маблағлар ҳисобидан қуйидаги ишларни амалга оширади:

  •  туман марказлари, шаҳарлар ва йирик аҳоли пунктларида парк зоналарини ривожлантириш, ташқи ёритиш, суғориш ва дренаж тизимларини яратиш, шунингдек, пиёда ва велосипед йўлакларини қуриш;
  •  ҳар бир туман маркази ва шаҳарда камида биттадан марказий кўчани замонавий шаҳарсозлик лойиҳалари асосида режалаштирган ҳолда мукаммал таъмирлаш.

Дастурнинг манзилли қисмига, биринчи навбатда, аввалги йиллардан ўтувчи ва қурилиш-монтаж ишлари якунланмаган объектлар, шунингдек, молиявий ресурслар билан тўлиқ таъминланмаганлиги сабабли тугатилмай қолган объектлар киритилади. Шунингдек, уларни фойдаланишга топшириш учун зарур маблағлар назарда тутилади. Мудофаа ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг моддий-техника базасини ривожлантиришга мазкур ташкилотларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан маблағлар ажратилиши муносабати билан, уларга йўналтириладиган марказлашган инвестиция ҳажмлари мос равишда қисқартирилади. 2022 йилдан бошлаб эса бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳалар ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларига киритилади.

Қурилиш вазирлигининг ҳудудий бошқармаларига қуйидагиларни ишлаб чиқиш бўйича буюртмачи функциялари ўтказилди:

  •  шаҳарлар ва шаҳар типидаги посёлкаларининг бош режаларини;
  •  қишлоқлар (овуллар) фуқаролар йиғинлари ҳудудларини архитектура-режалаштириш жиҳатидан ташкил этиш лойиҳаларини.

Бундан ташқари, кенг миқёсдаги норма ижодкорлиги ишлари режалаштирилган:

биринчидан, объектларнинг лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, уларни қабул қилиш тизимини ҳамда ушбу соҳада давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий тартибларини янада такомиллаштириш режалаштирилмоқда. Хусусан:

  •  лойиҳа-смета ҳужжатларининг сифати, ишончлилиги ва асосланганлиги ҳамда меъморий ва техник ечимларнинг мақбуллиги юзасидан лойиҳа ташкилотларининг жавобгарлигини кучайтириш, лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказишда объектнинг тавсиявий қийматини эмас, чекланган қийматини аниқ белгилаш;
  •  шаҳарсозлик ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ва молиявий ресурслар билан таъминланмаган объектларда қуриш-монтаж ишларини амалга оширишга йўл қўйган юридик ва жисмоний шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш, шунингдек, тегишли ваколатларга эга бўлмаган шахсларнинг қурилиш жараёнига ҳамда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилишига аралашувини қатъиян тақиқлаш. Зарур ҳолларда, уларни жиноий жавобгарликка тортишни назарда тутувчи нормаларни қонунчиликка киритиш;
  •  2022 йил 1 январдан бошлаб қурилиш-монтаж ишлари якунланганлиги тўғрисида қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияларининг фойдаланишга рухсати олинмаган объектларни жорий сақлаш учун Давлат бюджетидан маблағлар ажратмаслик;
  •  қурилиш соҳасида электрон давлат харидларини жорий қилиш.

иккинчидан, «Давлат инвестицияларини бошқаришни баҳолаш (PIMA)» тизимини жорий этишни якунлаш кўзланмоқда. У дастлаб синов тариқасида айрим тармоқларда қўлланилади, тажриба натижалари асосида босқичма-босқич қолган соҳаларга жорий этилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 17.10.2020 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 188 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика