Norma.uz

Корхонада ички меҳнат тартиби қоидалари бўлмаслиги қандай оқибатларга олиб келади

Корхонада ички меҳнат тартиби қоидалари мавжуд эмаслиги қандай оқибатларга олиб келиши мумкин? Бунинг учун юридик шахс жазога тортилиши мумкинми? Амалдаги қоидаларини ҳақиқий деб ҳисобланмаслигига нималар сабаб бўлади? buxgalter.uz илтимосига кўра саволларга «Norma» компаниясининг меҳнат ҳуқуқлари бўйича эксперти Ленара Хикматова жавоб берди.

 

 

Ички меҳнат тартиби қоидалари – локал (ички) норматив ҳужжат бўлиб, ходимларни ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш, корхонадаги меҳнат тартиби, рағбатлантириш ва ундирув чоралари қўлланилиши тартибини белгилайди, шунингдек мулкчилик шаклидан қатъи назар, ташкилотларда меҳнат муносабатларини тартибга солишга доир бошқа масалаларни ҳал этиш тартибини белгилайди.

Қоидалар мажбурий тартибдаги локал ҳужжатлар жумласига киритилади (МК 174-м.), улар текширув чоғида меҳнат инспекцияси томонидан сўраладиган ҳужжатлардан бири ҳисобланади. Дарвоқе нафақат ҳужжатнинг мавжудлиги, балки қандай расмийлаштирилганлиги, ходимлар ҳужжат билан таништирилганлиги текширилади.

Қоидаларнинг қўлланилиши билан боғлиқ яна бир муҳим жиҳат бор: компанияда бундай ҳужжат мавжуд бўлмаса, ходимни ўз меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузганлиги учун ишдан бўшатиш мумкин бўлмайди (МК 100-м. 2-қ. 4-б.). Масалан, ишга алкоголь ичимлик таъсирида маст ҳолатда келиш, ишга сабабсиз келмаслик ҳолатлари ва ҳ.к.

Бир марта содир этилганлиги сабабли ходимни ишдан бўшатиш мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар рўйхати айнан қоидаларда кўрсатилиши лозим. Ташкилот бундай рўйхатни, масалан, жамоа шартномасига киритадиган бўлса, меҳнат шартномаси МКнинг 100-моддаси 2-қисми 4-бандига кўра бекор қилиниши ноқонуний ҳисобланади. Айрим тоифадаги ходимлар бундан истисно этилади, уларнинг ушбу асос бўйича ишдан бўшатилиши бошқа ҳужжатларни қўллаган ҳолда амалга оширилади: интизом тўғрисидаги қоидалар ва низомлар (масалан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда), корхона мулкдори ва корхона раҳбари ўртасидаги меҳнат шартномаси.

МКнинг 100-моддаси 2-қисми 4-банди бўйича меҳнат шартномаси бекор қилинишининг қонунийлиги қоидалар лозим даражада расмийлаштирилганлигига ҳам боғлиқ бўлади.

Қоидаларни тасдиқлашдан олдин касаба уюшмаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органлари билан келишиш шарт (МК 174-м.). Ташкилотда вакиллик органи мавжуд бўлмаса ва қоидалар унинг розилигисиз тасдиқланган бўлса, улар ҳақиқий ҳисобланмайди.

Вакиллик органи мавжуд бўлганда ва келишув тартиб-таомили бузилган ҳолатларда ҳам қоидалар юқорида қайд этилган тарзда ноқонуний ҳисобланади. Тегишинча, меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузган ходим билан тузилган меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳам қоидаларни расмийлаштириш тартиби бузилганлиги сабабли ноқонуний деб эътироф этилиши мумкин. Натижасида ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ бекор қилиниши ва ходим аввалги ишига тикланиши мумкин.

 

 

Прочитано: 756 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика