Фирма жисмоний шахсдан бинони ижарага олади. Шартномада қайд этилишича, фирма электр энергия харажатларини қоплайди. Қопланадиган сумма ижарага берувчининг пластик карточкасига ўтказилади. Бироқ ижарага олинганда бошланишига фирма электр энергияси учун тўловни электр тармоғига тўлаган.
Бино кадастри ижарага берувчи жисмоний шахс номига расмийлаштирилганлиги сабабли электр тармоғи ва ижарага олувчи фирма ўртасида тўғридан-тўғри шартнома тузишнинг имкони бўлмаса, электр энергияси учун ўтказилган тўловлар қандай расмийлаштирилади?
– Электр тармоғи электр таъминоти учун шартнома тузиши ва нафақат бино мулкдорига, балки ижарага олувчи юридик шахсга ҳам шахсий ҳисобрақам очиб бериши мумкин (Қоидаларнинг 93-банди, ВМнинг 12.01.2018 йилдаги 22-сон қарорига 1-илова).
Электр тармоғи бино ижарага берилишидан қатъи назар, бино мулкдори билан ҳисоб-китобни амалга оширади, ижарага олувчи юридик шахс бўлган ҳолатлар бундан мустасно (Қоидаларнинг 95-банди).
Бундан ташқари, ижарага олувчи юридик шахслар бино мулкдори билан шартнома тузганидан кейин ижарага олинган бинода электр энергиясидан фойдаланиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш учун 3 кун муддатда электр тармоғига мурожаат қилишлари шарт (Қоидаларнинг 100-б.). Бундай мурожаат қилинмаган тақдирда бу ҳуқуқбузарлик деб баҳоланади.
Шу тариқа, сиз электр тармоғига шартнома тузиш ва бевосита етказиб берувчига электр энергияси ҳақини тўлаш учун мурожаат қилишингиз лозим.
Амалга оширилган тўловлар бўйича жисмоний шахс билан тузилган шартномага қўшимча битим тузишингиз керак, унда муайян давр учун электр энергиясига тўловлар бевосита етказиб берувчига тўланганини қайд этиш лозим.
Альберт Сафин,
«Norma» МЧЖ эксперти.