Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2020 год / № 37 / Паспорт масалалари

Янги прописка қоидалари

 

Жорий йилнинг март ёки апрель ойида Президентнинг прописка институтини ислоҳ қилиш тўғрисидаги Фармони чиққанини яқинда эшитиб қолди. Унга мувофиқ 2020 йил 1 сентябрдан паспорт, уй дафтарлари ва прописка карточкаларида доимий прописка штампи қўйилмаслиги режалаштирилган экан.

Шундайми?

 

– Кенг жамоатчилик фикрларини инобатга олинган ҳолда, Президентнинг «Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (22.04.2020 йилдаги ПФ-5984-сон) қабул қилинди. Фармон билан рухсат бериш хусусиятига эга бўлган доимий прописка қилиш тизимидан босқичма-босқич хабар бериш хусусиятидаги рўйхатдан ўтказиш тизимига ўтиш ҳамда биринчи босқичда қуйидагиларни амалга ошириш ҳақидаги таклифлар маъқулланди:

  • «доимий прописка қилиш» ва «турган жойи бўйича ҳисобга олиш» тушунчаларини «доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш» ва «вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш» тушунчаларига ўзгартириш;
  • фуқароларга биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини ўзи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатда бўлган манзил билан бир қаторда эгалигида бўлган уй-жой майдонига доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш имкониятини яратиш;
  • доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш учун эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ҳамда бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши йўқотилиши тўғрисидаги қоидани олиб ташлаш;
  • оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши;
  • илгари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар доимий яшаш учун тегишинча қайтиб келганида, уларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига ҳеч қандай тўсиқларсиз доимий яшаш жойи бўйича қайта рўйхатга олиш;
  • тегишли лавозимларга сайланган, тайинланган, тасдиқланган фуқароларга ҳамда республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларига ишга таклиф этилаётган юқори малакали мутахассислар учун лавозимни эгаллаб туриш даврига бериладиган доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниш ҳуқуқига чекловни бекор қилиш;
  • Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган давлат органлари ва ташкилотларида 5 йил муддат мобайнида узлуксиз меҳнат фаолиятини юритаётган мутахассисларни (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари) мазкур ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш;
  • республиканинг бошқа ҳудудларида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларни сотиб олиб, 3 йил ичида сотган ҳолатларда давлат божининг алоҳида ставкаларини қўллаш тартибини бекор қилиш.

Шу билан бирга нотариат органлари, шунингдек миграция ва фуқароликни расмийлаштириш (МваФР) бўлинмалари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинмоқда. Қуйидагилар белгиланган:

  • Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги талаб қилинмайди;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш билан боғлиқ ишлар идоралараро электрон ҳамкорлик орқали «ягона дарча» тамойили асосида Ички ишлар вазирлигининг «Манзил» автоматлаштирилган ахборот тизими воситасида амалга оширилади. Бунда Ўзбекистон фуқароларини «Манзил» тизими орқали доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш:

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида – 2020 йил 1 сентябрдан;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – 2021 йил 1 январдан бошлаб амалга оширилади;

  • доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартибини бузганлик Ўзбекистон Республикаси фуқароларини тегишли ҳудуд ва манзилдан чиқариб юбориш учун асос бўлиб ҳисобланмайди.

Президентнинг ПФ-5984-сон Фармонига мувофиқ МваФР бўлинмалари фаолиятида 2020 йил 1 сентябрдан қуйидагиларни назарда тутувчи тартиб жорий этилади:

  • Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан истиқомат қилиш муддати 15 кун ҳисобланади;
  • доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишни расмийлаштириш 1 кун ичида амалга оширилади.
  • Бундан ташқари 2020 йил 1 сентябрдан қуйидагилар бекор қилинади:
  • Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда аввалги доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқиш тартиби;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқароларига доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинишини расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига рўйхатга олиш штампини босиш амалиёти;
  • доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда ҳарбий хизматга мажбурларнинг мудофаа ишлари бўлимларига ҳарбий ҳисобдан чиқиш ва ҳарбий ҳисобга туриш учун бориши тартиби;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқароси томонидан солиқ идораларида ҳисобга олинган ижара шартномаси ҳақида маълумот тақдим этилганда вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинишда уй-жой эгасининг розилиги талаб этилмайди;
  • Шунингдек қуйидагилар режалаштирилмоқда:
  • туғилган болага фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан туғилганлик тўғрисида гувоҳномани расмийлаштириш чоғида отаси ёки онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган манзилига идоралараро электрон ҳамкорлик орқали маълумотларни киритиш йўли билан уни доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби жорий қилинади;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг муайян ҳудудида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тегишинча ушбу ҳудуднинг бошқа манзилида истиқомат қилса, турган жойи бўйича вақтинча рўйхатга олиниши шарт эмас ва улар паспорт тизими қоидаларини бузган деб ҳисобланмайди.

 

Прочитано: 63 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика