Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2020 год / № 37 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Кадастр йиғмажилдини тайёрлаш ва кўчмас мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказишнинг янги қоидалари

 

Президентнинг 7.09.2020 йилдаги ПФ-6061-сон Фармони билан ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари белгиланди. 

 

Бугунги кунда ерларни ажратиш, уларнинг ҳисобини юритиш, қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш, ер назоратини амалга ошириш вазифалари битта идорада тўпланган. Ер участкалари, бино ва иншоотларга кадастр йиғмажилди рўйхатдан ўтказувчи органнинг ўзи томонидан тайёрланади. Буларнинг барчаси манфаатлар тўқнашувини юзага келтирмоқда. Ҳужжат билан ушбу муаммони ҳал қилиш бўйича қуйидаги қадамлар назарда тутилган.

Биринчидан, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг қишлоқ хўжалиги ерлари ва экинларини мониторинг қилиш, қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш, қишлоқ хўжалиги ерларини муҳофаза қилиш бўйича давлат назоратини амалга ошириш, тупроқ бонитировкасини ўтказиш, қишлоқ хўжалиги ерларининг меъёрий қийматини аниқлаш, тупроқ унумдорлигини ошириш, тупроқшунослик, геоботаникага оид тадқиқотларни амалга оширишга доир вазифалари, функциялари ҳамда ваколатлари Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ўтказилади.

Бунда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларнинг таркибидаги ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш, салбий жараёнларнинг олдини олиш ва оқибатларини тугатиш мақсадида уларнинг мониторингини ўтказиш Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги доирасида амалга оширилади.

Тегишинча, қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қийматини аниқлаш ва қайта баҳолаш, тупроқ бонитировкаси ва тупроқ хариталарининг корректировкасини ўтказиш, суғориладиган ерларда тупроқ ­агрокимёвий тадқиқот ишларини бажариш ва агрокимёвий картограммалар тузиш, тупроқ (ер) мониторингини ўтказиш учун бюджетдан назарда тутиладиган маблағлар 2021 йил 1 январдан бошлаб Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ажратилади.

Тупроқ бонитировкаси ишларини ўтказиш, қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қийматини аниқлаш ва геоботаникага оид тадқиқотларни амалга оширишга тадбиркорлик субъектлари жалб қилинади.

Иккинчидан, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси негизида Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ташкил этилади. Идора халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, ўз соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек ягона давлат сиёсатини амалга ошириш ва учта асосий йўналишда бошқа вазифаларни амалга ошириш билан шуғулланади:

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш

 

Геодезия ва картография

 

Давлат кадастрларини юритиш

 

  • кўчмас мулкка - ер участкалари, бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш;
  • давлат ер кадастри, бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш;
  • кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлашга ва ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига йўл қўймасликка қаратилган самарали ер назоратини амалга ошириш.
  • аэрокосмик суратга олиш, топография-геодезия, картографияга оид изланишлар ҳамда тадқиқотларни, ерларни масофадан зондлаш, геодинамик тадқиқотлар маълумотлари ва материалларидан фойдаланган ҳолда картографик мониторингни амалга ошириш;
  • давлат картография-геодезия кадастрини юритиш;
  • давлат геодезия назорати.
  • давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мазкур соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • Давлат кадастрлари ягона тизимини юритиш, ҳудудлар давлат кадастрининг самарали юритилишини таъминлаш;
  • давлат кадастрларини юритиш тартибларига риоя қилинишини таъминлашга қаратилган самарали кадастр назоратини амалга ошириш.

 

Бундан ташқари, ҳужжат билан қуйидаги тартиб жорий этилмоқда:

а) кадастр йиғмажилди қуйидагилар мурожаати бўйича тайёрланади:

  • захирада турган ва янги ажратилаётган ер участкаларига қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда – туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлимининг;
  • қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларда – туман (шаҳар) қурилиш бўлимининг мурожаатига мувофиқ туман (шаҳар) ҳокимлигининг буюртмасига асосан.

Харажатлар ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш вақтида унга эга бўлган шахс томонидан қопланади;

б) ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар шарҳланаётган Фармон кучга киргунга қадар вужудга келган, бироқ давлат рўйхатидан ўтказилмаган бўлса, уларга кадастр йиғмажилдини тайёрлаш ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳуқуқ эгаларининг буюртмаларига асосан уларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

в) давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик бошқаруви органлари, шу жумладан, ўрмон хўжаликлари, сув хўжалиги ташкилотлари, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар, ижтимоий муассасаларга берилган ер участкаларига кадастр йиғмажилдини тайёрлаш ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш балансда сақловчиларнинг буюртмаларига асосан ва уларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

г) кадастр йиғмажилди Кадастр агентлиги томонидан шаҳодатланган кадастр муҳандислари ҳамда агентлик тизимидаги ташкилотлар томонидан шартнома асосида тайёрланади;

д) 2020 йил 1 октябрдан бошлаб ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши, ўзгариши, бошқа шахсга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлишини назарда тутувчи қарорлар, аукцион ва танлов баённомалари, нотариал тасдиқланган битимлар ҳамда бошқа ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Миллий географик ахборот тизимида давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин кучга киради;

е) давлат ер кадастри, бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш орқали тўпланган маълумотлар асосида амалга оширилади.

2021 йил 1 январдан бошлаб эса:

  • ер тури, контури, чегараси ва ҳуқуқ эгалари ҳақидаги барча маълумотлар Миллий геоахборот тизимига интеграция қилинган онлайн геопорталга киритилади. 2020 йил 1 ноябрга қадар уни синов тариқасида ишга туширадилар, 1 декабрга қадар барча қишлоқ хўжалиги хариталарини киритадилар ва интеграция қилинишини якунлайдилар, 2021 йил 1 январда тўлиқ ишга туширилади;
  • ер баланси ва унинг ҳисоботи, туман (шаҳар) ер кадастри дафтари фақат Миллий геоахборот тизимида юритилади;
  • Давлат кадастрлари ягона тизими Миллий геоахборот тизимида шакллантирилади;
  • тегишли давлат кадастрлари маълумотлари Миллий геоахборот тизимига фақат телекоммуникация тармоқлари орқали тўғридан-тўғри тақдим этиб борилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 7.09.2020 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов,

 «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 218 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика