Компания муассиси вақтинча олиб кириш режимида расмийлаштирилган ускуналарни устав капиталига ҳисса сифатида бермоқда. Бунда қандай хавф-хатарлар юзага келиши, қандай қилиб уларни имкон қадар камайтириш мумкинлигини экспертлар тушунтириб беради.
Вақтинча олиб кириш режимида божхона тўловлари бирйўла эмас, балки даврий равишда – қисмлаб тўланиши назарда тутилади, бу импорт қилувчи учун фойдали. Бунда товар ўзгармас ҳолатда қолиши шарт, вақтинча олиб кириш муддати эса, одатда, икки йилни ташкил этади, бироқ муайян шароитларда узайтирилиши мумкин (БК 62-м.).
Товарни вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирган шахс мазкур режимни унинг амал қилиш муддати ўтгунига қадар тугаллаш ёки вақтинча олиб кирилган товардан фойдаланиш ва (ёки) уни тасарруф этиш ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш ҳуқуқига эга. Бунда ушбу ҳуқуққа эга бўлган шахс божхона органлари олдида вақтинча олиб кириш божхона режими шартларига риоя этиш бўйича мажбуриятларни ўз зиммасига олади (БК 64-м.).
Бундан ташқари, вақтинча олиб кириш режимини божхона тўловларини тўлаган ҳолда исталган пайтда эркин муомалага чиқариш (импорт) режимига қайта расмийлаштириш мумкин.
Пул, қимматли қоғозлар, ўзга ашёлар ёки мулкий ҳуқуқлар ёхуд пул баҳосига эга бўлган бошқа шахсга ўтказиладиган ўзга ҳуқуқлар жамиятнинг устав фондига (устав капиталига) қўшиладиган ҳиссалар бўлиши мумкин.
УФга (устав фондига) ҳисса сифатида жамиятга фойдаланиш учун берилган мол-мулкнинг муддат ўтгунга қадар ушбу мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқи тугатилган тақдирда, жамиятнинг мол-мулкни берган иштирокчиси жамиятнинг талабига биноан унга шундай мол-мулкдан ўхшаш шароитларда қолган муддат мобайнида фойдаланганлик учун тўланадиган ҳақига тенг пул товони тўлаши шарт («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонун 15-м.).
Вақтинча олиб кириш режими даврида ускуналардан фойдаланишга келсак, бунда турли вазиятлар юзага келиши мумкин, масалан:
1-вазият.
Устав капиталининг кўпайтирилишини расмийлаштирмасдан ускуналардан фойдаланиш
Ускуналарнинг ссуда (ижара) шартномаси тузилади, вақтинча олиб кириш режимида ускуналардан фойдаланиш ҳуқуқи муассисдан корхонага қайта расмийлаштирилади.
2-вазият.
Ускуналардан фойдаланиш ҳуқуқи ҳисобига УКни кўпайтириш расмийлаштирилади (давлат рўйхатидан ўтказилади)
УФ вақтинча олиб кириш муддатида ускуналардан фойдаланишни тақдим этиш бўйича мулкий ҳуқуқлар қиймати ҳажмига кўпайтирилади. Фойдаланиш ҳуқуқини бериш қийматининг пул баҳоси муассислар йиғилиши томонидан белгиланади. Муддат ўтгач, муассис устав капиталига ҳиссани киритиш бўйича ўз мажбуриятини бажарган деб эътироф этилади. Тегишинча, муддат тугагач, ускуналар эгасига қайтариб берилиши лозим. Муддат ўтгач фойдаланиш ҳуқуқи тугатилганда иштирокчи жамият таркибидан чиқиб кетмайди. Вақтинча олиб кириш режими якунига етганда ускуналар Ўзбекистондан олиб чиқиб кетилиши керак.
Бу ҳолда қуйидагича йўл тутишни тавсия этамиз:
- вақтинча олиб кириш режимида божхона тўловларини ўз вақтида тўлаш;
- вақтинча олиб кириш режими даврида корхонанинг ускуналарни сақлаш ва улардан фойдаланиш шартларига риоя этиши.
3-вазият.
УКнинг ускуналар қийматига кўпайтирилиши расмийлаштирилади
УФ ускуналар қиймати миқдорига кўпайтирилади. Бунинг учун вақтинча олиб кириш режими божхона йиғимларини тўлаган ҳолда эркин муомалага чиқариш (импорт) режимига қайта расмийлаштирилади. Ускуналарни бериш қийматининг пул баҳоси муассислар йиғилиши томонидан белгиланади.
Ускуналар эркин муомалага чиқариш режимига ўтказилмасдан УКга ҳисса сифатида қабул қилинса, қуйидаги хавф-хатарлар юзага келади:
- божхона тўловларини ўз вақтида тўламаслик, шу сабабли жарима ва пеняларнинг қўлланилиши;
- УФни ускуналар ҳисобига кўпайтириш бўйича операциянинг бекор қилиниши.
Бунда:
- корхонада ускуналардан текинга фойдаланишдан олинган даромад (бозор қиймати бўйича) тан олинади (СК 299-м.);
- корхонанинг ҳисоб (активлар ва пассивлар) ва солиқ солинадиган базаларга тузатиш киритишига, солиқ ҳисоботларини қайта топширишига тўғри келади;
- муассисда Ўзбекистон ҳудудида жойлашган мол-мулкни корхонага фойдаланишга беришдан солиқ солиш юзага келади.
Татьяна Белоусова,
«Norma» МЧЖ етакчи эксперти,
Альберт Сафин, юрист,
«Norma» МЧЖ эксперти.