Нодавлат нотижорат ташкилоти мақсадли беғараз молиявий ёрдам олган ва сумманинг катта қисмини сарфлаб бўлган. Бироқ маблағлар ажратилган мақсадлар амалга оширилганидан кейин сумманинг бир қисми қолган. ННТ сумманинг қолган қисмини молиявий ёрдам кўрсатган донор билан келишиб олмаган ҳолда, бошқа устав мақсадларига сарфлашни режалаштирган.
Беғараз молиявий ёрдамнинг қолган қисмини мақсадли йўналиш бўйича эмас, балки бошқа мақсадларда фойдаланишни донор ва текширувчи органлари билан келишиб олиш лозимми?
- Ҳа, келишиб олиш зарур.
Молиявий ёрдам берганнинг розилиги билан мақсадли пулли маблағлардан белгиланган мақсади бўйича эмас, балки бошқа мақсадларда фойдаланиш мумкин. Акс ҳолда у ажратилган маблағларни қайтаришни талаб қилишга ҳақли (ФК 511-м.).
Пул маблағларининг қолган қисмидан дастлабки шартномада қайд этилмаган бошқа мақсадларда фойдаланишга ёзма розиликни олинг.
Текширувчи органларни алоҳида хабардор қилиш шарт эмас. Бироқ текширув чоғида сизда тасдиқловчи ҳужжатлар бўлиши лозим.
Альберт Сафин,
«Norma» МЧЖ эксперти.