100 фоизлик хорижий капиталли ташкилот (МЧЖ) муассиснинг қарорига кўра 2019 йил июнь ойида тугатиш жараёнини бошлаган. Барча кредиторлик қарзи сўндирилган, ходимларнинг кўпчилиги пулли компенсация тўланиб ишдан бўшатилган. Октябрь ойида солиқ текшируви ўтказилган. Бироқ компания балансида асосий воситалар – ишлаб чиқариш ускуналари ҳисобда туради, улар юзасидан муассис бир қарорга келмаган: уларни сотиш ёки дивиденд сифатида олишдан бирини танламаган. Шунингдек яна 5 нафар ходим (қоровул, бухгалтер, тугатувчи) ишлайди, уларга иш ҳақи ҳисобланади, солиқлар тўланади, ДСИга ҳисобот топширилади. Ҳозирги пайтда муассис тугатиш жараёнини 2020 йил 3 июлга қадар узайтирган, яъни корхона деярли бир йилдан ортиқ муддатда тугатилади.
- Муассис ихтиёрий тугатишни узайтира олмайди.
Ихтиёрий тугатиш умумий муддати бу ҳақда Давлат хизматлари маркази хабардор қилинган кундан бошлаб 6 ойдан ошмаслиги лозим.
6 ой ўтгач Давлат хизматлари марказига ташкилотни давлат реестридан чиқариш учун ҳужжатлар тақдим этилмаса, ихтиёрий тугатиш тўхтатилади. Давлат хизматлари маркази бу ҳақда солиқ хизмати ва статистика органларига хабар қилади ҳамда ёпилган банк ҳисобрақамлари тикланади (Низомнинг 38-банди, ВМнинг 21.08.2019 йилдаги 704-сон қарорига 1-илова).
Ихтиёрий тугатиш муддатида якунланмаган ёки тугатиш жараёни тўхтатилган ва фаолият тикланган бўлса, белгиланган имтиёзлар (Низомнинг 18-банди «а» кичик банди 3-хатбошиси) қўлланилмайди ва ҳисоблашлар тўхтатилган давр учун барча тўловлар тўлиқ ҳажмда ундирилади (Низомнинг 39-банди).
Мазкур ҳолатда ихтиёрий тугатишни қайтадан бошлаш лозим.