Ташкилот бинони ижарага беради. Ижарага берувчига уяли оператордан унга антенна ўрнатиш учун бино томини ижарага бериш таклифи тушди.
Бошқа ташкилотга бинони ижарага берган ижарага берувчи бино томини уяли операторга ижарага бериши мумкинми?
- Ижара шартномаси бўйича бино эгалик қилиш ва фойдаланишга ёки фақат ижарага олувчи фойдаланиши учун берилади (ФК 573-м.). Бино функционал мақсадига қараб одамлар яшаши ёки бўлишига ва ҳар хил турдаги ишлаб чиқариш жараёнларини бажаришга мўлжалланган, ёпиқ ҳажмни ташкил этувчи таянч, тўсма ёки ҳар иккала мақсадга хизмат қилувчи конструкциялардан иборат қурилиш тизимидир (Шаҳарсозлик кодексининг 2-моддаси).
Ушбу таърифдан келиб чиқиладиган бўлса, бинонинг тепа қисми унинг конструктив элементи ҳисобланади. Ижара шартномаси ижарага олувчига ижарага олинган бинодан, шу жумладан унинг ажралмас қисми ҳисобланган тепа қисмидан фойдаланиш ҳуқуқини беради.
Шу тариқа, сиз бошқага ижарага берилган бино томини ижарага бера олмайсиз. Бироқ ижара шартномасига қўшимча битимни имзолашингиз мумкин. Унда бино тепа қисмисиз ижарага берилаётганлиги, ижарага берувчи уйнинг тепа қисмини бошқа шахсга ижарага бериши мумкинлиги, шунингдек ижарага олувчининг бинонинг тепа қисмидан фойдаланиш йўл бериш мажбуриятлари кўрсатилиши лозим.
Наргиза Воҳидова,
«Norma» МЧЖ эксперти.