ЙПХ ходими жисмоний шахсга светофорнинг қизил чироғида ўтганлиги учун баённомани ноқонуний равишда расмийлаштирган.
Ҳайдовчи ЙПХ ходими устидан қандай шикоят қилиши мумкин?
Судга мурожаат қилишда давлат божи тўланиши лозимми?
- Ҳайдовчи қуйидагилар бўйича юқори турувчи органга (мансабдор шахсга) ёки судга шикоят қилишга ҳақли (ВМнинг 1.12.2018 йилдаги 975-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 18-банди 15-хатбошиси):
- ЙПХ ходимининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги);
- маъмурий ҳуқуқбузарликни расмийлаштириш тўғрисидаги баённома;
- чиқарилган қарор (МЖТК 314-м.).
Маъмурий судда ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги далилини низолашишингиз, бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларингизни ҳимоя қилишингиз мумкин (МЖТКнинг 4-м. 1-қ.; 245-м. 2-қ.). Шикоятга қуйидагиларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади:
- давлат божи ва почта харажатлари тўланганлиги тўғрисидаги квитанция;
- шикоятга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгарга ва учинчи шахсларга юборилганлиги;
- арз қилинган талабларга асос бўлган ҳолатларни;
- шикоятни имзолаш ваколатини, агар у вакил томонидан имзоланган бўлса.
Давлат божи миқдори БҲМнинг 1бараварини ташкил этади (6.01.2020 йилдаги ЎРҚ-600-сон Қонун билан тасдиқланган Ставкаларнинг 3-банди «б» кичик банди). Почта харажатлари суммаси судья томонидан мустақил равишда белгиланади, бироқ БҲМнинг 1/10 қисмидан ошмаслиги лозим (Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 113-м. 2-қ.).