Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 32 / Долзарб мавзу

Яширин иқтисодиёт: самарали кураш учун бирлашиш зарур

l Сўнгги 5 йилда саноатда норасмий сектор улуши 20%дан 6%га тушган

l Солиқларнинг юқори даражадалиги яширин иқтисодиётнинг палак отишига туртки беради

l Маъмурий чоралар минимал маошни ошириш каби иқтисодий механизмлар билан биргаликда қўлланилмоқда

l Давлат, бизнес ва кенг жамоатчиликнинг яқин ҳамкорлигини таъминлаш керак

 

Шу йилнинг 27 июль куни Президентимиз раҳбарлигида яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокамасига бағишланган йиғилишда мамлакат раҳбари ушбу йўналишда етарли даражада ишлар қилинмаётганини танқид қилди.

 

Масаланинг бундай кўндаланг қўйилгани бежиз эмас. Бу муаммо нафақат мамлакат бюджетидан, демакки халқ чўнтагидан айланиб ўтаётган жуда катта маблағ, балки мамлакат ривожига тўғаноқ бўлаётган тўсиқ ҳамдир.

Аксар ривожланган давлатларда яширин иқтисодиётнинг ЯИМдаги улуши 7-15 фоиз оралиғида, АҚШ, Австрия, Швейцарияда 10 фоизга етмайди. Аксинча, собиқ иттифоқ таркибига кирган давлатлар, бир қатор Осиё ва Африка мамлакатларида бу кўрсаткич йиллар давомида ниҳоятда баланд — ЯИМнинг 30-50 фоиз оралиғида қолаётганини кўриш мумкин. Оқибатда бу муаммо ушбу давлатлар иқтисодиётини пастга тортаётган оғир тошга айланган.

Шу ўринда савол туғилади: Ўзбекистонда яширин иқтисодиётнинг даражаси қандай? Ривожланган давлатлар нима ҳисобига бундай натижага эриша олгану, уларнинг қайси тажрибаларидан Ўзбекистонда фойдаланиш мумкин?

Кейинги тўрт йилда амалга оширилаётган давлат сиёсати доирасида 2018-2019 йилларда илк бора яширин иқтисодиётнинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсирига оид тадқиқотлар ўтказилди. Таҳлиллар яширин иқтисодиёт даражаси ЯИМга нисбатан 40-50 фоиз атрофида эканини кўрсатди.

Мамлакатлар ЯИМида яширин иқтисодиёт улушини баҳоловчи Халқаро валюта жамғармаси рейтингига мурожаат қилсак, Ўзбекистонга ўхшаш аҳволни Украина ва МДҲга аъзо айрим мамлакатлар ҳамда Гамбия, Белиз, Конго, Гондурас каби давлатларда кўриш мумкин.

Бундай вазиятнинг вужудга келиши яширин иқтисодиётни «гуллатишга» ҳисса қўшаётган «уддабурон тадбиркорлар»нинггина эмас, уларга ҳомийлик қилаётган айрим амалдорларнинг хатти-ҳаракатлари натижасидир. Шунинг учун ҳам давлат раҳбари бу иллатларга нисбатан жамиятда нафрат туйғусини шакллантириш лозимлигини таъкидлаётгани бежиз эмас.

Албатта, Ўзбекистон ЯИМида яширин иқтисодиётнинг ҳозирги даражаси бир йилда, беш ёки ўн йилда шаклланиб қолмагани аниқ. Балки собиқ иттифоқ давридан буён давом этиб келаётган иллатдир. Лекин ўтган даврда муаммони тизимли равишда камайтиришга доир амалий чораларга эътибор қаратилмади. Фақатгина кейинги йилларда амалга оширилаётган тизимли ишлар туфайли ўтган 5 йил ичида саноатда норасмий сектор улуши 20 фоиздан 6 фоизга тушганлигини бу борада эришилган катта натижа сифатида эътироф этиш лозим.

Мамлакатимиз яширин иқтисодиётнинг улушини камайтиришни режалаштираётган экан, у билан муваффақиятли курашаётган давлатлар тажрибаси қизиқиш уйғотиши табиий.

Айниқса, Европа давлатлари тажрибаси эътиборга молик. Ушбу давлатларнинг аксарияти яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашишда солиқ механизмларига бирламчи эътибор қаратганини кўриш мумкин. Чунки айнан солиқларнинг юқори даражадалиги кўп ҳолларда яширин иқтисодиётнинг палак отишига туртки берадиган омиллардан ҳисобланади. Германия, Австрия, Дания, Швеция, Испания, Туркияда бу иллатга қарши курашда тадбиркорлик субъектларига солиқ юкини пасайтириш йўлидан борилганлигини кўриш мумкин.

Германияда фақатгина уйда меҳнат қилувчиларга солиқларнинг камайтирилиши қисқа муддатда 4,8 млн шундай фаолият юритувчиларни ёки 16 ёшдан 64 ёшгача бўлган аҳолининг 13 фоизи расмий рўйхатдан ўтиб, солиқ тўловчилар сафига киришига асос яратди.

Яширин иқтисодиётнинг асосида турувчи яна бир муаммо нолегал ишчи кучидан фойдаланиш билан боғлиқ. Германияда бу муаммони ҳал қилиш мақсадида меҳнат бозори устидан назоратни босқичма-босқич кучайтириш каби маъмурий чоралар минимал ойлик маошларини ошириб бориш каби иқтисодий механизмлар билан биргаликда қўлланилмоқда. Мамлакатда аноним тарзда ишга таклиф қилишга йўл қўйилмайди. Ишга таклифга оид эълонлар иш берувчи тўғрисидаги тўлиқ маълумотларни ўзида қамраб олган бўлиши шарт.

Бундан ташқари, Германия қонунларига кўра, нолегал меҳнат кучидан фойдаланган корхоналар уч йилгача давлат харидларида иштирок этиш хуқуқидан маҳрум қилинади. Испанияда бундай ҳолатларда тадбиркорлик субъекти жуда катта миқдорда жаримага тортилиб, беш йилгача давлат харидларида иштирок қилишдан четлатилади.

Германияда энг коррупциоген соҳалардан бири қурилиш ҳисоблангани учун ушбу тармоқни тартибга солувчи қонунларга ҳам айрим ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, йирик тендерларни фақат битта корхона ютиб олишига йўл қўйилмайди. Бундай тендерларга бир-биридан мустақил икки ёки ундан кўп тадбиркорлик субъекти жалб қилинади. Уларнинг битта одамга ёки манфаатдор бирорта ташкилотга боғлиқ экани аниқ бўлиб қолса, бу жиноят иши очишга асос бўлади. Яна бир эътиборли жиҳати, тендерда ютиб чиққан корхоналарнинг бирортасида нолегал ишчи жалб қилиниш ёки ижтимоий тўловлардан қочиш ҳолатлари аниқланса, бунинг учун коллегиал жавобгарлик белгиланган — қурилишда иштирок этаётган барча тадбиркорлик субъектлари биргаликда жавобгарликка тортилади.

Европада давлат ходимларининг яширин иқтисодиётга ёки бошқа коррупцион ҳолатларга аралашиб қолишининг олдини олиш мақсадида қонунчиликда бир қатор нормалар кўзда тутилган. Хусусан, Буюк Британияда вазирликка даъвогар лавозимга тайинланишдан олдин ўзининг кўчмас мулклари, даромад манбалари тўғрисида ҳаққоний ҳисобот тақдим этиши лозим. Агар кейинчалик бирор маълумот яширилгани аниқлангудек бўлса, бу ҳолат вазирнинг истеъфо беришига асос бўлади. Германияда давлат тизимидаги лавозимни эгаллаган раҳбар шахс на ўзи, на ишончли вакиллари орқали тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, тадбиркорлик субъектлари бошқарувида ёки уларнинг назорат кенгашлари фаолиятида иштирок этиши мумкин эмас. Мамлакат қонунчилигида нафақат коррупция ҳолатларига, балки ноқонуний йўл билан топилган даромадни легаллаштиришга бўлган ҳаракатларга йўл қўймасликка ҳам жуда катта эътибор қаратилган.

Канада қонунчилигида парламент вакилларининг коррупцияга аралашиши Конституцияга қарши ҳаракат ва ҳатто давлатга хиёнат билан баравар ҳолат сифатида баҳоланади.

Ушбу давлатларнинг барчасида кўриб чиқилаётган масалалар билан алоҳида ваколатли ташкилотлар шуғулланади.

Алоҳида эътиборга молик жиҳатларидан бири — мазкур давлатлар жамоатчилигида ҳар қандай иқтисодий махинациялар ва коррупция ҳолатларига ниҳоятда қаттиқ салбий муносабат шаклланганлиги. Жамиятда ушбу иллатларга нисбатан шаклланган бундай фикр уларга қарши курашда жуда катта таянч нуқталардан бири бўлиб хизмат қилади.

Хитой, Ҳиндистон, Филиппин, Мўғилистон ва Вьетнам каби давлатлар ҳам кейинги йилларда яширин иқтисодиётга қарши курашишда катта муваффақиятларга эришганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Уларда баъзи ўзига хос ёндашувлар ҳам қўлланилмоқда. Масалан, Филиппинда яширин иқтисодиётга қарши курашда кенг жамоатчилик кучига таянилганлигини кўриш мумкин. Аҳолининг катта қисмига хизмат қилувчи кичик савдо шохобчаларида «Чекни талаб қил» каби акцияларнинг ўтказилиши уларда банкдан ташқари пул айланишига барҳам беришга хизмат қилган. Дунё амалиётида Ўзбекистон учун ҳам қизиқиш уйғотадиган кўплаб ўзига хос бошқа ёндашувлар ҳам мавжуд.

Эндиги масала мамлакатимиз раҳбари томонидан қўйилган вазифани тезликда ҳал қилиш, яъни муаммога қарши курашиш борасида пухта ишланган стратегияни ишлаб чиқиш. Белгиланган ишларни муваффақиятли амалга оширишда Президентимиз томонидан илгари сурилган бир ғоя айниқса муҳим, у ҳам бўлса, давлат, бизнес ва кенг жамоатчиликнинг яқин ҳамкорлигини таъминлаш.

Албатта, ғоят машаққатли ва тинимсиз курашиш талаб этиладиган ишларнинг барчасини бажариш мумкин, кенг жамоатчилик, айниқса, тадбиркорлик субъектларини бу умумхалқ ишига кенг жалб қила олсак, янгиланаётган Ўзбекистонда шу каби масалаларга ечим топилади, мамлакатимиз келажакда юқоридаги рейтингларда ўз муносиб ўрнини эгаллайди.

Бахтиёр ЯКУБОВ,

O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси

раисининг ўринбосари.

(ЎзА материали асосида, қисқартирилган ҳолда берилмоқда).

Прочитано: 419 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика