Товарларни божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда олиб ўтиш мақсадида ҳужжатларни сохталаштиришга бўлган навбатдаги уринишнинг олди олинди.
Мазкур ҳолат Давлат божхона қўмитасининг Тошкент ва Хоразм вилояти божхона бошқармалари ходимлари томонидан ўзаро ҳамкорликда фош этилди. Республикамиз ҳудудидан транзит тарзида ҳаракатланаётган юк поездидаги контейнерлардан бири «Ўзбекистон» темир йўл чегара божхона постида божхона назоратидан ўтказилди. Контейнердаги товарлар юзасидан тақдим этилган йўл юк кузатув ҳужжатлари ўрнатилган тартибда кўздан кечирилганда ҳужжатлардаги имзо ва муҳрлар божхоначиларда шубҳа уйғотади.
Шундан сўнг ҳужжатларда қайд этилган МЧЖнинг раҳбари А.Ш. билан боғланилганда, ушбу шахс ҳам йўл юк кузатув ҳужжатларидаги имзо ва муҳрлар ўзига тегишли эмаслигини маълум қилди. Шу зайлда контейнердаги 1 095 та телевизор, 271 та кондиционер ва бошқа товарларнинг сохта ҳужжатлар асосида божхона чегарасидан олиб ўтилишига чек қўйилди.
Вақтинча сақловга олинган мазкур товарларнинг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 1 млрд сўмдан ошар эди.