Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 32 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини тиклаш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»

  

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини туризм ҳамда унга бевосита боғлиқ бўлган тармоқларни қўллаб-қувватлаш орқали камайтириш, мамлакатда санитария-эпидемиологик вазият яхшиланишига қараб туризм соҳасини жадал қайта тиклаш, шунингдек, «Туризм тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 13 августдаги ПФ–5781-сон Фармони ва «Санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда, туризм соҳасини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 19 июндаги ПҚ–4755-сон қарорида белгиланган устувор вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

Қуйидагилар:

Туризм фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага** мувофиқ;

Туристик хизматларни сертификатлаштириш ва туристик индустрия объектларини таснифлаш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага** мувофиқ;

Туроператор ва турагентлик хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага** мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлаштириш бўйича хизматларни кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом 4-иловага** мувофиқ;

Ўзбекистон Республикасида хостеллар фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом 5-иловага** мувофиқ;

Хорижий мамлакатлардан Ўзбекистон Республикасига чартер рейсларининг ташкил қилиш харажатларини компенсация қилиш учун маблағлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низом 6-иловага** мувофиқ;

Халқаро туризм ярмаркалари ва кўргазмаларида янги турдаги хизмат ва маҳсулотлар билан иштирок этиши учун туризм соҳаси субъектларини танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низом 7-иловага** мувофиқ;

Фуқаролар йиғинларига «Туризм маҳалласи», «Туризм қишлоғи» ва «Туризм овули» мақомини бериш тартиби тўғрисидаги низом 8-иловага** мувофиқ;

Гид (гид-таржимон), экскурсия етакчиси ва йўриқчи-йўл бошловчиларга малака сертификатини бериш тартиби тўғрисида низом 9-иловага** мувофиқ;

Туризм соҳасида мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низом 10-иловага** мувофиқ;

Тадбиркорлик субъектларига грантлар бериш, компенсация ва молиявий ёрдам кўрсатиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳамкорлари – нодавлат нотижорат ташкилотларини институционал қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги низом 11-иловага** мувофиқ;

Туризм ахборот марказларини барпо этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш тартиби тўғрисидаги низом 12-иловага** мувофиқ;

«Туризм фидойиси» кўкрак нишони тўғрисидаги низом 13-иловага** мувофиқ;

«Туризм фидойиси» кўкрак нишони ва унинг гувоҳномасининг тавсифлари 14 ва 15-иловаларга** мувофиқ;

Сотишдан тушган маблағларининг Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига тақсимланадиган қисми бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармасига йўналтириладиган амалдаги ва бугунги кунда фойдаланилмаётган собиқ туризм соҳасидаги давлат активлари ва улар эгаллаб турган ер участкалари рўйхати 16-иловага** мувофиқ;

Коронавирус пандемияси ва глобал инқирозли ҳолатларнинг мамлакат туризм соҳасига салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар режаси (кейинги ўринларда– Чора-тадбирлар режаси) 17-иловага** мувофиқ;

Туризм соҳасида амалга ошириш тавсия қилинадиган инновацион бизнес ғоя ва стартаплар рўйхати 18-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан Чора-тадбирлар режаси бажарилиши устидан доимий мониторингни олиб борилишини ҳамда мониторинг натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2018-2019йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида» 2017 йил 16 августдаги ПҚ–3217-сон қарори билан ташкил этилган Туризмни ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашга (кейинги ўринларда – Мувофиқлаштирувчи кенгаш) ҳар ой якуни билан кейинги ойнинг 10 санасига қадар ахборот киритилишини таъминласин.

2. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлигининг амалдаги автоматлаштирилган махсус электрон дастури негизида жисмоний шахсларнинг мулки бўлган турар жойларни ижарага беришнинг ягона Реестрини жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Турар жойларни ижарага беришнинг Ягона электрон реестрини юритиш ва уларни сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низом 19-иловага** мувофиқ тасдиқласин.

3. Белгилансинки:

а) Туризм фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ чиқиш туризми йўналиши бўйича туроператор ва турагент фаолиятини амалга ошириш учун қўйилган қуйидаги лицензия талаблари 2021 йил 1 августдан кучга киради:

туроператор ва турагентнинг фуқаролик жавобгарлигини суғурталашни тасдиқловчи суғурта полисининг мавжудлиги;

15 минг АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги маблағларни Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузурида Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиш;

б) Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги «Туристларга хизмат кўрсатиш маркази» давлат унитар корхонаси (кейинги ўринларда – «Туристларга хизмат кўрсатиш маркази» ДУК) туризм ахборот марказлари (кейинги ўринларда – Марказ) фаолиятини мувофиқлаштиради ва қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

Марказ тизими орқали бошқа ташаббускорлар томонидан ташкил этилган ва тегишли ҳудудларда фаолият олиб бораётган марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш;

барча марказларга керакли методик ва амалий ёрдам кўрсатиш, уларни зарур ахборот ва тарғибот материаллари билан таъминлаш;

марказлар реестрини юритиш ва мониторингини олиб бориш;

марказлар фаолиятида мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

в) «Туристларга хизмат кўрсатиш маркази» ДУК томонидан ташкил этилган марказлар учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида давлат мулки объектлари, шу жумладан устав фондида 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган бинолар ва ер участкалари доимий фойдаланишга бепул асосда ажратилади;

г) Марказ ташкил этиш жойни белгилаш Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан келишилган ҳолда амалга оширилади;

д) Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига аэропорт, темир йўл вокзали ҳамда давлат мулки объекти бўлган, шу жумладан устав фондида 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган автовокзалларда Марказ ташкил этиш учун ажратилган майдонлардан текин фойдаланиш ҳуқуқи берилади;

е) Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг буюртмасига асосан «Давлат белгиси» давлат унитар корхонаси «Туризм фидойиси» кўкрак нишони ва унинг гувоҳномасини белгиланган тартибда тайёрланишини таъминлайди;

ж) «Чорвоқ» сув омборида моторсиз, муқобил энергия манбаларида ҳаракатланувчи ҳамда махсус вазифаларни бажариш ваколатига эга бўлган вазирлик ва идораларнинг моторли сув транспорти воситаларидан ташқари барча моторли сув транспорти воситаларининг ҳаракатланиши, шунингдек, Чирчиқ дарёси ва унинг ирмоқларида (махсус ажратилган сув ҳавзаларидан ташқари) чўмилиш, транспорт воситаларини ювиш ва маиший чиқиндиларни ташлаш тақиқланади;

з) жойлаштириш воситасининг турини аниқлаш ва ўрнатиш халқаро стандартлаштириш ташкилотининг стандартлари асосида фақатгина Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан амалга оширилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг 2020 йил 1 июлдан бошлаб 2023 йил 31 декабрга қадар Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан чекка қишлоқ ва тоғли жойларда оилавий меҳмон уйлари ташкил қилиш харажатларининг 30 %гача, лекин 10миллион сўмдан ошмаган миқдорда, камида 5 йил давомида фаолият олиб бориш ҳамда белгиланган тартибда ташриф буюрувчиларни автоматлаштирилган махсус электрон дастурга киритиб бориш шарти билан белгиланган тартибда компенсация қилиш бўйича таклифларига розилик берилсин.

5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат асосида айрим муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, шунингдек, давлат ўрмон фонди участкалари ҳамда бошқа ҳудудларда амалга ошириладиган тоғ, трек, чанғи, велосипед, мотоцикл, ғор туризми, отда сайр қилиш ва туризмнинг бошқа махсус турларидаги экскурсияларнинг бошланиш қисмида енгил конструкцияли туризм ахборот марказлари (ташриф марказлари – Visitor center) фаолиятини йўлга қўйиш учун туризм соҳасининг субъектларига
ўрнатилган тартибда муайян муддатга вақтинчалик фойдаланишга берилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрларини ҳисобга олган ҳолда «Туроператор ва турагентларнинг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 19 июндаги ПҚ – 4755-сон қарорига мувофиқ Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузурида Хавфсиз туризм жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 28 майдаги ПФ–6002-сон Фармонига асосан туризм соҳасининг субъектларига тақдим этиладиган фоизсиз субсидия, компенсация ва фоизсиз ссудалар учун бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратилган маблағлар ҳамда Жамғармага Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармасининг маблағлари ҳисобот йилида фойдаланилмаганда олиб қўйилмайди ва кейинчалик Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги жамғармалар маблағларидан фойдаланиш учун белгиланган тартибда ва мақсадларда фойдаланилади.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва Жамғармага тушадиган маблағларни тижорат банкларида очиладиган шахсий ғазна ҳисобварақлари ва хорижий валютадаги банк ҳисобрақамида жамғариб бориш ҳамда  вақтинча бўш маблағларни депозитга жойлаштириш ваколати берилади.

8. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси уч ой муддатда:

туроператорлик фаолияти учун берилган лицензияларни хатловдан ўтказсин ва якунига кўра туроператор ва турагентлар фаолиятларини амалда бўлган лицензияларига асосан алоҳида фаолиятларга ажратишни таъминласин;

туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари учун мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган ўқув-семинарлар ташкил этсин;

хостел хизматларининг мувофиқлик сертификатларини хатловдан ўтказиб, уларни Оилавий меҳмон уйлари ва хостеллар ягона реестрига киритсин.

9. Белгилансинки, «Ипак йўли» туризм халқаро университетига (кейинги ўринларда – Университет деб аталади) 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб, ҳар ўқув йили учун Давлат тест маркази веб-сайти орқали бакалавриатга ва Университет томонидан магистратурага амалга ошириладиган қабул жараёнларида, истисно тариқасида, хорижий тиллар (инглиз тили) бўйича етакчи халқаро ва баҳолаш тизимларининг амалдаги сертификатларига, шу жумладан IELTS бўйича камида 5,5 балл ва ундан юқори, Common European Framework of Reference for Languages (CEFR) бўйича камида В2 ва ундан юқори, TOEFL IBT бўйича камида 72 ва ундан юқори балл билим даражаси кўрсаткичи билан халқаро сертификатларга, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Таълим муассасаларида чет тилларини ўқитишнинг сифатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 11 августдаги 610-сон қарори талабларига мувофиқ, Давлат тест маркази томонидан тақдим этилган инглиз тилини билиш даражаси (В2 ва ундан юқори) тўғрисидаги сертификатга эга бўлган абитуриентларнинг ҳужжатлари расмийлаштирилишига рухсат этилади.

10. Самарқанд вилояти ҳокимлиги бир ҳафта муддатда:

Самарқанд вилояти Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси билан биргаликда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилган ҳолда «Ипак йўли» туризм халқаро университети ректоратини Самарқанд шаҳри, Университет хиёбони, 20-уй манзилида жойлашган бинога (туташ ҳудуди билан биргаликда) оператив бошқарув ҳуқуқи билан беғараз асосда топширилишини, «Ипак йўли» туризм халқаро университети қабул қилиб олинишини;

Самарқанд Ҳарбий прокуратураси билан биргаликда Самарқанд шаҳри Бобир Мирзо кўчаси 3-уй манзилида жойлашган маъмурий бино (бино ва иншоотлари)ни ўрнатилган тартибда «Ипак йўли офиси» унитар корхонаси тасарруфига беғараз асосда топширилишини, «Ипак йўли офиси» унитар корхонаси маъмурий бинони қабул қилиб олиниши ҳамда ундан самарали фойдаланилишини таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига тегишли Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, А.Темур шоҳкўчаси, 107 «б»-уй манзилида жойлашган маъмурий бинонинг туташ ҳудудидаги ер усти ва ости автотураргоҳи, дов-дарахтлар, кириш йўлаклари оператив бошқарув ҳуқуқи билан «Interhotel» МЧЖ ва «Халқаро ҳамкорлик маркази» АЖ устав капиталидаги давлат улушини бериладиган  мол-мулкнинг қолдиқ (баланс) қийматига камайтирган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига бепул берилиши таъминлансин.

12. Белгилансинки, «Оtel O’zbekiston» қўшма корхона шаклидаги масъулияти чекланган жамиятининг устав фондидаги 80,13 фоиз давлат улушини сотишдан тушган маблағларнинг бир қисми, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Давлат активларини бошқариш, трансформация қилиш ва хусусийлаштириш бўйича жамғарма тасарруфида қоладиган маблағларидан ташқари, имзоланган битимга мувофиқ «Шаҳрисабз юлдузи» меҳмонхона комплекси қурилиши учун Польша Ҳукумати томонидан ажратилган кредитни сўндириш учун Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қилган харажатларни қоплаш мақсадида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобига йўналтирилади.

13. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 20-иловага** мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 21-иловага** мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

15. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

16. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига ушбу қарор ҳамда туризм соҳасида яратилган имкониятларни кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.

17. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.А.Абдуҳакимов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2020 йил 10 июль

433-сон.

Прочитано: 565 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика