Цехда технологик ускуна ўрнатилган. 31.12.2019 йил ҳолатига унинг қолдиқ қиймати 4 млрд сўмни ташкил этади.
Мазкур технологик ускуна мол-мулк солиғи солинадиган объект бўлиб ҳисобланадими?
– Кўчмас мулк юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ солиш объекти ҳисобланади (СКнинг 411-моддаси 1-қисми).
Кўчмас мулк жумласига қуйидагилар киради:
1) кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органларда рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган бинолар ва иншоотлар;
2) қурилиши тугалланмаган объектлар. Қурилиши тугалланмаган объектларга қурилиш объектига доир лойиҳа-смета ҳужжатларида белгиланган норматив муддатда қурилиши тугалланмаган объектлар, агар қурилишнинг норматив муддати белгиланмаган бўлса, ушбу объектнинг қурилишига ваколатли бўлган органнинг рухсатномаси олинган ойдан эътиборан 24 ой ичида қурилиши тугалланмаган объектлар киради;
3) темир йўллар, магистраль қувурлар, алоқа ва электр узатиш линиялари, шунингдек мазкур объектларнинг ажралмас технологик қисми бўлган иншоотлар;
4) қурилиш ташкилотлари ёки иморатларни қурувчилар балансида кейинчалик сотиш учун кўрсатилган турар жой кўчмас мулк объектлари, кўчмас мулк объекти фойдаланишга топширилгандан кейин 6 ой ўтгач (СКнинг 411-моддаси 2-қисми).
Цехда ўрнатилган технологик ускуна, мол-мулк солиғи солиш объекти бўлиб ҳисобланмайди.