Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 32 / Божхона

Карантин шароитида божхона расмийлаштируви

Қулай санитария-эпидемиологик муҳитни таъминлаш мақсадида мамлакатимиз Бош вазири бошчилигида Ўзбекистон Республикасига коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси ташкил этилган эди (29.01.2020 йилдаги Ф-5537-сон). Комиссия коронавирусни профилактика қилишнинг замонавий ва самарали усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, шунингдек профилактик ва эпидемиологияга қарши комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш ишларини мувофиқлаштиради.

 

Шуни қайд этиш керакки, карантин чора-тадбирларига сўзсиз риоя қилишни талаб қилар экан, Ўзбекистон ҳозирга қадар ҳам юкларни олиб ўтишга чекловларни жорий этмади ҳамда айни вақтда юкларнинг чегарадаги божхона постлари орқали тезкор тарзда олиб ўтилиши ва узлуксиз божхона расмийлаштирувидан ўтишини таъминлаб келмоқда. 

ДБҚга ТИФ иштирокчиларидан келаётган саволлар юзасидан қуйидаги маълумотни тақдим этамиз. 

 

– Карантин шароитларида божхонадаги товарлар билан қандай «муомала қилинмоқда»?

– Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Респуб­ликасининг божхона органлари келаётган товарлар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштирувини барча санитария-эпидемиологик меъёрларга амал қилган ҳолда доимий ва белгиланган тартибда амалга ошириб келаётирлар.

 

Агар товарга ишлов берилаётган бўлса, унга ишлов бериш ва сақлаш харажатлари учун корхонага қўшимча тўлов учун ҳисоб тақдим этиладими?

– Ўзбекистонда карантин чора-тадбирлари белгиланганига қарамай, тадбиркорлик субъектларига ортиқча юк бўладиган божхона тартиб-таомилларига нисбатан ҳеч қандай қўшимча йиғим ёки тўловлар жорий этилгани йўқ. 

 

Карантин шароитларида божхона омборидаги товарни сақлаш божхона режимига ўтказиш мумкин бўладими? Бундай ўтказишнинг қандай шартлари, афзаллик ва камчиликлари бор?

– Божхона кодексининг 26-моддасига мувофиқ товарларнинг божхона чегараси орқали олиб ўтилиши ваколатли шахсларнинг товарларни божхона режимларидан бирига жойлаштириш ва мазкур божхона режими талаблари ҳамда шартларига риоя этиш мажбуриятини келтириб чиқаради.

Ваколатли шахс товарларнинг ва транспорт воситаларининг хусусияти, миқдори, ишлаб чиқарилган мамлакати ёки қайси мақсадга мўлжалланганлигидан қатъи назар, исталган божхона режимини танлашга ёки уни бошқа божхона режимига ўзгартиришга ҳақли.

Танланган божхона режими божхона расмийлаштирувини амалга ошириш учун божхона органига тақдим этиладиган божхона декларациясида декларант томонидан маълум қилинади.

Божхона омбори божхона режими шундай режимки, бунда божхона ҳудудига олиб кирилган ва божхона ҳудудидан олиб чиқиш учун мўлжалланган товар божхона божлари, солиқлар тўланмаган ҳамда иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда муайян биноларда (жойларда) божхона назорати остида сақланади.

Товарни мазкур божхона режимига жойлаштириш БКнинг 14-боби ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Божхона омбори божхона режимига ҳар қандай товар, шу жумладан илгари бошқа божхона режимига жойлаштирилган товар жойлаштирилади, қуйидагилар бундан мустасно:

l божхона ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган товар;

l божхона ҳудудидан олиб чиқилиши тақиқланган Ўзбекистон товари;

l қонун ҳужжатларига мувофиқ божхона ҳудуди орқали транзит қилиниши тақиқланган товар;

l божхона омбори божхона режимига жойлаштириш учун маълум қилинган кундаги яроқлилик муддати БКнинг 94-моддасига мувофиқ маълум қилинадиган муддатдан кам бўлган дори воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари.

Мазкур режимда турган товар божхона омборида сақланиши керак, бундан БКнинг 93-моддасида белгиланган ҳоллар мустасно.

Агар товар вақтинча олиб кириш ёки божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимида турган бўлса, у ҳолда товар вақтинча олиб кириш ёки божхона ҳудудида қайта ишлаш режимларининг амал қилишини тўхтатиб туриш мақсадида божхона омбори божхона режимига жойлаштирилиши мумкин.

Товарни божхона омбори божхона режимига жойлаштириш учун декларант божхона органига БЮДни ва товарнинг кузатув ҳужжатларини тақдим этади. Товар божхона омбори режимида 3 йил туриши мумкин.

Товарни божхона омборига жойлаштирган шахс мазкур божхона режимини унинг амал қилиш муддати БКнинг 98-моддасига мувофиқ тугагунига қадар тугаллаш ҳуқуқига эга.

Яроқлилик, сақлаш, ишлатиш ва (ёки) реализация қилиш муддати чекланган товар мазкур муддат тугагунига қадар камида 180 календарь кундан кечиктирмай бошқа божхона режимига жойлаштириш учун маълум қилиниши ва божхона омборидан олиб чиқилиши керак.

 

 – Карантин шароитларида товар реэкспорт ва реимпорт режимларига қандай расмийлаштирилади?

– Товарларни «Реэкспорт» ва «Реимпорт» божхона режимларига расмийлаштириш БКнинг 6 ва 10-бобларига мувофиқ белгиланган тартибда амалга оширилади.

 

– Карантин шароитларида товар божхонадан қай йўсинда олиб кетилади, бунинг қадамма-қадам механизми қандай? Масалан, дейлик, корхона Самарқандда жойлашган, юк эса Тошкентдаги омборга келиб тушган бўлса нима қилинади? 

– БКнинг 247-моддасига мувофиқ божхона расмийлаштируви божхона органлари жойлашган ерда ва уларнинг иш вақтида амалга оширилади.

Божхона расмийлаштируви декларантнинг ёки бошқа ваколатли шахснинг сўровига кўра ва унинг ҳисобидан бошқа жойларда ҳамда божхона органининг ишдан ташқари вақтида амалга оширилиши мумкин.

Божхона расмийлаштируви божхона органига товарлар ва (ёки) транспорт воситалари хусусида ҳужжатлар тақдим этилган пайтдан эътиборан бошланади. БКнинг 162-моддасида назарда тутилган ҳолларда эса, оғзаки маълум қилинган ёхуд жисмоний шахснинг божхона расмийлаштирувини амалга ошириш ниятидан далолат берувчи бошқа ҳаракатлар бажарилган пайтдан эътиборан бошланади.

Божхона расмийлаштируви божхона органи ва декларант ёхуд ваколатли шахс ўртасидаги товарларни божхона режимига жойлаштириш ва (ёки) божхона режимининг амал қилишини тугаллаш, божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш ёхуд БКда назарда тутилган бошқа ҳаракатларни бажариш билан боғлиқ бўлган муносабатлар тартибга солинганидан кейин тугалланади.

Божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларнинг ва (ёки) транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви:

l қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ветеринария, фитосанитария назорати, экологик назорат ва бошқа турдаги давлат назорати амалга оширилганидан кейин;

l агар рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган бўлса, мазкур ҳужжатларнинг мавжудлиги тасдиқланганидан кейин тугалланади.

Товарларнинг ва (ёки) транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви ҳамда тақдим этилган ҳужжатларни текшириш божхона декларацияси қабул қилинган ва барча зарур ҳужжатлар ҳамда маълумотлар тақдим этилган кундан эътиборан 3 иш куни ичида божхона органи томонидан амалга оширилади. Кўрсатилган мазкур муддат бошқа давлат органлари томонидан товарлар ва (ёки) транспорт воситалари юзасидан назоратни амалга ошириш учун зарур бўлган вақтни ўз ичига олмайди.

Бундан ташқари, божхона назорати ва расмийлаштируви тартиб-таомилларини ўтказишнинг умумқабул қилинган тартибидан ташқари, божхона органлари ўз фаолиятларини эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда барча санитария-эпидемиологик меъёр ва тадбирлар талаблари ва кўрсатмаларига риоя қилган ҳолда амалга оширмоқда. 

 

Анвар МУҲАММАДИЕВ,

ДБҚ Божхона назоратини ташкил этиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари.

Прочитано: 543 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика