Умумбелгиланган солиқларни тўловчи корхонада инвентаризация натижалари бўйича тўлиқ амортизацияланган асосий воситанинг камомади аниқланди.
1. Асосий восита камомади қандай бухгалтерия проводкалари билан акс эттирилади?
2. Бу қандай солиқ оқибатларини юзага келтиради?
1. Инвентаризация ўтказиш ва унинг натижаларини расмийлаштириш 16-сон БҲМС «Инвентаризацияни ташкил этиш ва ўтказиш» (АВ томонидан 2.11.1999 йилда 833-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тартибга солинади.
Мол-мулк камомади айбдор шахслардан ундирилади. Айбдор шахс мавжуд бўлмаса ёки уни аниқлашнинг имкони бўлмаса, камомад корхона харажатларига ҳисобдан чиқарилади (19-сон БҲМСнинг 5.70-банди).
Бухгалтерия ҳисобида инвентаризация вақтида аниқланган мол-мулк камомади айбдор шахслар аниқлангунга қадар 5910-«Камомадлар ва қийматликларнинг бузилишидан йўқотишлар» счётида акс эттирилади. Мол-мулк камомадини ҳисобга олиш бўйича бухгалтерия проводкалари Инвентаризация жараёнида аниқланган мол-мулк камомади ва ортиқчасининг бухгалтерия ҳисоби тартиби тўғрисида низомда (АВ томонидан 6.04.2004 йилда 1334-сон билан рўйхатдан ўтказилган) келтирилган.
2. Иш берувчининг мулки ўғирланганда, кам чиққанда, қасддан йўқотиш ёки қасддан бузиш натижасида ҳамда бошқа ҳолларда етказилган зарар ҳажми бозор қиймати бўйича ҳисобланади (Низомнинг 2-банди). Бунда асосий воситанинг тўлиқ амортизацияланганлиги аҳамият касб этмайди.
Корхона томонидан камомад айбдорини аниқлашнинг имкони бўлмаганда, кам чиққан АВни ҳисобдан чиқаришдан кўрилган зарар бозор қиймати бўйича эътироф этилади. Ушбу зарар суммаси фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда чегирилмайди (СК 317-м. 10-б.).
Қимматликлар камомадини ҳисобдан чиқарилишини расмийлаштириш учун тақдим этиладиган ҳужжатларда тегов ёки суд органларининг айбдор шахслар йўқлигини тасдиқлайдиган ёки айбдор шахслардан зарар ундирилиши рад этилган қарорлари бўлиши керак (19-сон БҲМСнинг 5.70-банди).
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА, «Norma» МЧЖ эксперти.