Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида гидропоника усулида иссиқхоналар ташкил этилаётгани сифатли полиз маҳсулотларини етиштиришда муҳим ўрин тутмоқда. Бундай ихчам ва самарадор иссиқхоналар кўплаб янги иш ўринлари яратиш имконини бераётир.
Жорий йилда ўз фаолиятини бошлаган Самарқанд вилоятидаги «Green Agro Trade Group» МЧЖда ана шундай инновацион технология асосида помидор парваришланмоқда. 8 киши доимий иш билан банд. Мавсум вақтида бу ерда 20 нафар ишчи меҳнат қилади.
Иссиқхона 3 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, «Асака банк» томонидан ажратилган 1,5 млн АҚШ доллари миқдоридаги кредит эвазига ташкил этилган. Иссиқхонада етиштирилган помидор ички бозорга чиқарилишдан ташқари, ҳозирги карантин даврида маҳсулотни Россия давлатига экспорт қилиш имкони ҳам туғилган. Бугунги кунга қадар 300 минг АҚШ долларига тенг маҳсулот четга чиқарилган.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати.