Пандемия шароитида ҳомий тадбиркорларни янада қўллаб-қувватлашга доир таклиф
Давлатимиз раҳбари 20 апрель куни саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.
Президентимиз вақтинча ишламаётган ва ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаб, уларни манзилли асосда озиқ-овқат ва дори-дармонлар билан таъминлаш кўламини янада кенгайтириш кераклигини таъкидлади, халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат сингари юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди.
Албатта муҳтож ва кам таъминланган аҳоли қатламига моддий кўмак бераётган тадбиркорлик субъектлари ушбу ҳаракатнинг энг фаол иштирокчиларига айланишларида шубҳа йўқ.
«Давлат томонидан ўз навбатида бундай тадбиркорларга солиқ, лизинг, кредит тўловлари, зарур ресурслар билан таъминлаш бўйича турли имтиёз ва преференциялар берилади. Яъни, бу аҳолига давлат томонидан тадбиркорлик субъектлари орқали кўрсатиладиган саховат ва кўмак бўлади» дея таъкидлади давлатимиз раҳбари ўз нутқида.
Айни пайтда оммавий ахборот воситаларида тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатилаётган ёрдам ҳақида жуда кўп маълумотлар бериб борилмоқда. Ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотларни хайрия мақсадларида тарқатаётган тадбиркорларимизнинг сафи анча кенг. Аммо саховат ва кўмак фаолиятига солиқ солиш масаласини бугунги вазиятдан келиб чиқиб омилкорона қайта кўриб чиқиш давримиз тақозо этаётган масалалардан ҳисобланади. Зеро, хайр-саховат ҳаракатларига солиқ солиш бундай ҳаракатларнинг янада оммалашувига тўсиқ бўлиши мумкин.
Маълумки, Солиқ кодекси 239-моддасига кўра товарларни бепул бериш ҳам товарларни реализация қилиш бўйича айланма ҳисобланади ва мазкур ҳолат қўшилган қиймат солиғи солиқ солиш объекти ҳисобланади. Ўз навбатида бундай ҳаракат солиқ тўловчида кўрсатилган бепул ёрдам бўйича қўшилган қиймат солиғини тўлаш мажбуриятини вужудга келтиради.
Сир эмаски, ҳозирги пайтда минглаб фуқароларимиз карантин объектларида сақланмоқда. Хусусан, тиббиёт муассасалари, санаторий ва хусусий меҳмонхоналар шундай объектлар сирасига киради. Албатта, мазкур карантин объектлари учун тадбиркорлик субъектлари ҳам ўз ёрдамини кўрсатиши мумкин. Тадбиркорлик субъекти коронавирус бўйича даволанаётган тиббиёт муассаси ёки карантинда сақланаётган фуқаролар турган санаторийга жиҳоз ёки ўзи ишлаб чиқарган товар ёхуд бошқа маҳсулотларни ҳомийлик ёрдамида бепул берган тақдирда ушбу тадбиркорда ҚҚС тўлаш мажбурияти вужудга келади ва шу тариқа кўрсатилаётган ҳомийлик ёрдами унга яна қўшимча мажбурият юклайди.
Ҳолбуки, Ўзбекистон Республикасининг «Ҳомийлик тўғрисида»ги Қонуни 15-моддасида ҳомийлик субъектларига қонун ҳужжатларига мувофиқ имтиёзлар берилишини назарда тутадиган қоида белгиланган. Шуни айтиб ўтиш зарурки, эски таҳрирдаги Солиқ кодексида ҳомийлик кўрсатилган ҳолатларида солиқ имтиёзлари назарда тутилган эди.
Пандемия шароитида тиббиёт муассасалари ва нодавлат ташкилотларига тадбиркорлик субъектлари томонидан бепул мол-мулк (жиҳоз, товарлар) берилган ҳолатларда, яъни ҳомийлик ёрдами кўрсатилган ҳолатларда ушбу беғараз ёрдам берувчи шахсларда бепул берилган мол-мулк реализацияси бўйича ҚҚС тўлаш мажбурияти вужудга келади. Бу ҳолат ҳомийлик ёрдами кўрсатиш истагидаги тадбиркорлик субъектларига қийинчилик туғдириши мумкин.
Пандемия оқибатларини юмшатиш мақсадида тадбиркорлик субъектлари томонидан тиббиёт муассасалари ва саховат уйлари каби ташкилотларга ҳомийлик ёрдами кўрсатилишини рағбатлантириш мақсадида Солиқ кодекси 243-«Солиқ солишдан озод этиладиган товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланма» моддасига «ҳомийлик кўмаги тарзида бериладиган (кўрсатиладиган) товарларни (хизматларни) бериш» ҚҚСдан озод қилинадиган оборот эканини назарда тутувчи ўзгартириш киритиш ёки мазкур ҳолат вақтинчалик эканини эътиборга олган ҳолда ҳомийлик кўмаги тарзида бериладиган (кўрсатиладиган) товарларни (хизматларни) бериш 2020 йил 1 октябргача муддатга ҚҚСдан озод қилинишини назарда тутувчи бошқа норматив ҳужжат қабул қилиниши мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
Ихтиёр ТЎРАБОЕВ,
Тошкент давлат юридик университети Бизнес ҳуқуқи кафедраси катта ўқитувчиси.