«Йирик солиқ тўловчилар» тушунчаси «йирик корхоналар» тушунчасидан нимаси билан фарқ қилади?
– «Йирик корхона» тушунчаси қонун ҳужжатларида келтирилмаган. Амалиётда кичик тадбиркорлик субъекти жумласига кирмайдиган корхона йирик корхона ҳисобланади. Қуйидагилар кичик тадбиркорлик субъектлари ҳисобланади («Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддаси):
● якка тартибдаги тадбиркорлар;
● ишлаб чиқариш соҳасида банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони 20 кишидан ошмайдиган, хизмат кўрсатиш ва бошқа ноишлаб чиқариш тармоқларида – 10 кишидан ошмайдиган, улгуржи, чакана савдо ва умумий овқатланишда – 5 кишидан ошмайдиган микрофирмалар;
● ходимларининг ўртача йиллик сони соҳага қараб белгиланадиган кичик корхоналар (Классификатор, ВМнинг 24.08.2016 йилдаги 275-сон қарорига 1-илова).
Микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан белгиланган ўртача йиллик ходимлар сони оширилган тақдирда, улар ходимлар сони оширилишига йўл қўйилган даврда қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар, преференциялар, кафолатлар ва ҳуқуқлардан маҳрум бўладилар.
Масалан, кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан асосий фондлар 3 йилда 1 марта қайта баҳоланади, бошқа субъектлар йил якунига бўйича молиявий ҳисоботни (фақат 1 ва 2-сон шакллар) ҳар йили, қолганлар эса ҳар чоракда (молиявий ҳисоботнинг барча шакллари) тақдим этадилар.
Юридик шахсларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритиш мезонлари Низомда (АВ томонидан 12.07.2019 йилда 3172-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган ва солиқ маъмуриятчилигини амалга ошириш мақсадларида қўлланилади. Йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган солиқ тўловчилар алоҳида бўлинмаларни ҳисобга олиб марказлашган ҳолда солиқ ҳисоботини тақдим этади ва солиқларни (йиғимларни) тўлайди (СК 20-м. 3-қ.). Йирик солиқ тўловчилар, жойлашган еридан қатъи назар, солиқ ҳисоботини Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясига тақдим этади (СК 82-м. 4-қ.).
Қуйидагилар йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилади (Низомнинг 4-банди):
а) акциз солиғига тортиладиган товарларни ишлаб чиқарувчи ва акциз тўланадиган хизмат кўрсатувчи корхоналар;
б) тижорат банклари, товар-хом ашё, фонд ва валюта биржалари;
в) «Навоий КМК» ДК, «Алмалиқ КМК» АЖ ҳамда уларнинг таркибига кирувчи ташкилотлар;
г) маҳсулот тақсимотига оид битим бўйича ишларни бажаришда иштирок этаётган ташкилотлар;
д) маҳсулот (товар, иш ва хизмат)ларни сотишдан олинган соф тушуми ўтган календарь йил якуни бўйича 100 млрд сўмдан юқори бўлган ёки кетма-кет келадиган 12 ойлик давр якуни бўйича ушбу миқдордан ошган юридик шахслар;
е) углеводород хом ашёси ва минерал ресурсларни қазиб олувчи, қайта ишловчи, етказиб берувчи ва сотувчи ҳам электр энергиясини ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи юридик шахслар, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари бундан мустасно;
ж) Ўзбекистон Республикасининг ҳаво бўшлиғидан йўловчиларни ташиш мақсадларида фойдаланувчи, халқаро ҳаво алоқаларини амалга оширувчи ва уларнинг таркибига кирувчи юридик шахслар.
«2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ Фойда солиғи тўлиқлигича Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига йўналтириладиган йирик солиқ тўловчилар рўйхати тасдиқланган (30.12.2019 йилдаги ПҚ-4555-сон қарорга 5-илова).
Замира ЖЎРАЕВА, «Norma» МЧЖ эксперти.