Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.
Биржа савдолари – алоҳида товар секциялари орқали
Товар хом ашё биржалари фаолиятига илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш ва электрон тижорат фаолиятини изчил ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинди (18.03.2020 йилдаги 170-сон ВМҚга қаранг).
Ҳужжат биржа савдоларини такомиллаштиришга, хусусан ўтказиладиган электрон савдолар шаффофлигини ҳамда ушбу жараёнларга аралашишга йўл қўйилмаслигини таъминлашга қаратилган. Бунинг учун қуйидаги асосий йўналишларни назарда тутувчи чора-тадбирлар режаси тасдиқланган:
♦ электрон биржа савдоларини ташкил этиш ва ўтказиш жараёнларига инновацион IT-технологияларни жорий этиш;
♦ нархларни, талаб ва таклифларни прогнозлаштириш мақсадида товар бозорларида конъюнктурани ва унга жиддий таъсир ўтказувчи омилларни ҳар томонлама таҳлил қилиш;
♦ биржа савдоларини ўтказиш шаклларини такомиллаштириш, янги савдо воситаларини жорий этиш, шунингдек электрон тижоратни жадал ривожлантириш;
♦ халқаро стандартлар талабларига мувофиқ замонавий ва самарали молиявий ва НR-менежмент услубларини жорий этиш.
♦ 2020 йил 1 июндан бошлаб қуйидагилар назарда тутилган тартиб жорий этилади:
♦ товар сегментлари бўйича биржа савдоларини маҳсулотнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиб ва биржа аъзоларига фойдаланиш ҳуқуқини берган ҳолда алоҳида секцияларда ўтказиш;
♦ маҳсулотни секция тамойили бўйича сотишни таъминлаш ва брокерлик ўринларини биржанинг расмий веб-сайти орқали тақдим этиш бўйича шаффоф механизмини инобатга олган ҳолда, юридик шахсларни биржа аъзолари сифатида аккредитациядан ўтказиш;
♦ биржа савдоси қоидалари талабларига мувофиқлиги бўйича фаолият кўрсатувчи биржа аъзоларининг малака даражасини мунтазам (ҳар 3 йилда бир марта) аниқлаш.
Биржа савдоларида юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни сотиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Ҳужжатда қуйидагилар батафсил кўрсатилган:
♦ биржа савдолари орқали сотиладиган маҳсулотлар ҳажмини шакллантириш ва уларни сотиш;
♦ етказиб берилаётган товарнинг бошланғич нархи ҳамда ўзаро ҳисоб-китоблар ва маҳсулотни юклаб жўнатиш механизмини белгилаш;
♦ маҳсулотни 1 ойдан ортиқ муддатга кечиктирган ҳолда етказиб бериш шарти билан (форвард савдо тури бўйича) сотиш;
♦ ўртача биржа котировкаларини (нархларини) ҳисоблаш;
♦ маҳсулот нархлари мониторингини юритиш;
♦ товарни экспортга реализация қилиш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 19.03.2020 йилдан кучга кирди.
Ленара Хикматова.