Умумбелгиланган солиқларни тўлайдиган корхона биологик фаол қўшимчаларни ишлаб чиқаради. Фаолият турини кенгайтириш мақсадида бино қуряпти. 2017 йил 5 июлда ҳокимият томонидан қурилиш учун ер ажратилган, лойиҳа-смета ҳужжатларида қурилишни якунлаш муддати кўрсатилмаган.
1. Қурилиш учун ер участкаси 2017 йил июлда ажратилган ва ЛСҲда қурилишни якунлаш муддати кўрсатилмаган бўлса, 2019 йил учун мол-мулк солиғи ҳисоб-китобида тугалланмаган қурилишнинг ўртача йиллик қиймати қайси ойдан қўшилади?
2. Қурилиши тугалланмаган объектнинг қиймати ойма-ой ошиб борганлиги сабабли 2020 йилга мол-мулк солиғи бўйича жорий тўловларни ҳисоблаш учун Маълумотномада солиқ базаси қандай ҳисобланади?
1 |
Қурилиш объектига доир лойиҳа-смета ҳужжатларида қурилишнинг норматив муддати белгиланмаган бўлса, у ушбу объектларнинг қурилишига ваколатли органнинг рухсати олинган ойдан эътиборан 24 ой ичида қурилиши тугалланмаган объектлар жумласига киритилади (2007 йилги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 266-моддаси 1-қисми 3-банди). Тугалланмаган қурилиш объектининг ўртача йиллик қиймати айнан шу ойдан бошлаб 2019 йил учун мол-мулк солиғи бўйича ҳисоб-китобга киритилади.
2 |
Қурилиши тугалланмаган объектлар бўйича уларнинг ўртача йиллик қиймати солиқ базаси ҳисобланади (янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 412-моддаси 1-қисми 2-банди). Қурилиши тугалланмаган объектларнинг ўртача йиллик қиймати солиқ давридаги ҳар бир ойнинг охирги кунидаги ҳолатга кўра солиқ солиш объектларининг ўртача йиллик қийматларини қўшишдан олинган сумманинг 1/12 қисми сифатида ортиб борувчи якун билан аниқланади (янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 413-моддаси 1-қисми).
Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича жорий тўловлар миқдорини ҳисоблаб чиқариш учун маълумотнома (7-илова, АВ томонидан 21.01.2019 йилда 3126-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мўлжалланаётган солиқ базасидан ва тегишли солиқ ставкасидан келиб чиққан ҳолда тақдим этилади (янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 417-моддаси 5-қисми). Қурилиши тугалланмаган объектнинг тахминий ўртача йиллик қийматини ҳисоблаб чиқишингиз лозим.
Қурилиши тугалланмаган объектларга нисбатан солиқ ставкаси 4% миқдорида белгиланади (янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 415-моддаси 2-қисми).
Эътибор беринг!
Солиқ даврида солиқ бўйича бўнак тўловлар суммаси солиқ ҳисоботида кўрсатилган бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ суммасига нисбатан 10%дан ортиқ камайтирилган тақдирда, солиқ органи бўнак тўловларни солиқнинг ҳақиқий суммасидан келиб чиқиб, пеня ҳисоблаган ҳолда қайтадан ҳисоблаб чиқади (янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 471-моддаси 9-қисми).
Қурилиши тугалланмаган объектларга нисбатан қонун ҳужжатларида оширилган солиқ ставкаларини белгилаш йўли билан таъсир чоралари қўлланилиши мумкин ҳамда Солиқ кодексининг 414-моддасида кўрсатилган солиқ имтиёзлари уларга татбиқ этилмайди (янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 415-моддаси 3-қисми).
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА, «Norma» МЧЖ эксперти.