Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 06 / Мутахассис минбари

Ижтимоий соҳа: фойда солиғини тўлаш лозимми

 

Ижтимоий соҳа вакиллари кимлар

Ижтимоий соҳа солиқ солиш мақсадларида қуйидагиларни ўз ичига олади (Солиқ кодексининг 59-моддаси):

лицензия асосида тиббиёт муассасалари томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар (бундан косметология хизматлари мустасно). Тиббий хизматлар жумласига, хусусан, тиббий ёрдам хизматлари ва санитария хизматлари кўрсатиш:

а) ташхис қўйиш, профилактика ва даволаш хизматлари;

б) стоматологик хизматлар, шу жумладан тиш протезларини ўрнатиш хизматлари;

таълимга оид хизматлар, шу жумладан тестлар ва имтиҳонлар ўтказишни ташкил этиш;

илм-фан соҳасидаги ваколатли орган томонидан аккредитация қилинган илмий ва (ёки) илмий-техникавий фаолият субъектлари томонидан фан соҳасида амалга ошириладиган фаолият (шу жумладан илмий тадқиқотлар ўтказиш, муаллиф томонидан илмий-интеллектуал мулкдан фойдаланиш, жумладан уни реализация қилиш);

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги хизматлар. Уларга қуйидагилар киради:

а) спорт иншоотларида, мактабларда, соғломлаштириш йўналишидаги клубларда жисмоний тарбия ва спорт машғулотларини спорт турлари бўйича ўқув гуруҳлари ҳамда жамоаларида ўтказиш хизматлари, умумжисмоний тайёргарлик хизматлари;

б) спорт мусобақалари ёки байрамларини, спорт-томоша тадбирларини ўтказиш хизматлари, шунингдек ушбу тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш учун спорт иншоотларини ижарага бериш;

в) спорт-техника асбоб-ускуналарини, тренажёрларни, анжомларни, спорт кийим-бошларини бериб туриш бўйича хизматлар;

болаларни, кексаларни ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг ижтимоий таъминоти соҳасидаги хизматлар.

 

Бундай фаолиятдан олинган даромадлари текин олинган мол-мулк ҳисобга олинган ҳолда жами йиллик даромадининг камида 90%ини ташкил этиши шарти билан, юридик шахс ижтимоий соҳа субъекти ҳисобланади.

Акциз тўланадиган товарларни ишлаб чиқариш ва реализация қилишдан даромадлар олувчи, шунингдек фойдали қазилмаларни қазиб олишни амалга оширувчи юридик шахслар ижтимоий соҳа субъектлари жумласига кирмайди.

 

Жами даромад юридик шахс томонидан Ўзбекистондаги ва унинг ҳудудидан ташқаридаги манбалардан ҳисобот (солиқ) даври мобайнида олинган даромадлардан иборатдир. У ҚҚСни ва акциз солиғини инобатга олмаган ҳолда аниқланади (Солиқ кодексининг 297-моддаси). Жами даромадга кирадиган даромад турлари Солиқ кодексининг 297-моддаси 3-қисмида келтирилган.

 

2020 йилда фойда солиғи қандай ҳисоблаб чиқарилади?

Ижтимоий соҳа субъектлари учун 2020 йилдан бошлаб 0% миқдордаги фойда солиғи ставкаси жорий этилган (Солиқ кодексининг 337-моддаси 1-қисми 4-банди). Бундай ставкани қўллаш юридик шахсларни фойда солиғи бўйича ҳисобот топширишдан озод этмайди.

 

Ижтимоий соҳадаги фаолиятдан олинган даромадлари текин олинган мол-мулк ҳисобга олинган ҳолда жами йиллик даромадининг камида 90%ини ташкил этиши шарти билан, юридик шахс ижтимоий соҳа субъекти ҳисобланади.

Ушбу шартга бир йил давомида риоя қилинмаган тақдирда йил бошидан бошлаб солиқни 15% ставка бўйича қайта ҳисоблаган ҳолда аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш лозим.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларига асосан тақдим этилган фойда солиғи бўйича имтиёзлардан фойдаланиш мумкинми?

Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларига асосан тақдим этилган имтиёзлар уларнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар амал қилади. Бунда солиқ тўловчи улардан фойдаланишга ёки фойдаланишдан воз кечишга ҳақли, бундан ҚҚСдан озод этиладиган товарларни (хизматларни) реализация қилиш мустасно (Солиқ кодексининг 75-моддаси 6-қисми). 

Ижтимоий соҳа субъектларига тақдим этилган имтиёзлардан баъзиларини кўриб чиқамиз.

 

1. Президентнинг 1.04.2017 йилдаги ПҚ-2863-сон қарори билан аҳолига пуллик тиббий хизматлар кўрсатадиган (стоматология ва косметология хизматларидан ташқари) хусусий тиббиёт муассасалари тиббий хизматлар қисмида 2022 йил 1 январга қадар барча турдаги солиқларни тўлашдан озод этилган.

Бу – мақсадли имтиёз. Бўшайдиган маблағлар замонавий ускуналар, тиббиёт буюмлари билан жиҳозлаш, тиббиёт мақсадлари учун буюмлар харид қилиш, тиббий хизматлар кўрсатиш учун бинолар қуриш, бино ва иншоотларни реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатишга йўналтирилади (ПҚ-2863-сон қарорнинг 8-банди). 

Мақсадли имтиёзда солиқлар белгиланган ставкалар бўйича ҳисоблаб ёзилади, бироқ бўшаган маблағлар муайян мақсадларлар учун йўналтирилади. Фойда солиғи бўйича ставка – 0%. Бу фойда солиғи нолга тенг эканлигини билдиради.

Тиббий хизматлардан даромадлар текин олинган мол-мулк тарзидаги даромадларни инобатга олган ҳолда жами йиллик даромаднинг ­90%идан камни ташкил этса, сиз 15% ставкани қўллашингиз лозим. Шунда мақсадли имтиёзни қўллаш чоғида олинган фойда солиғи ПҚ-2863-сон қарорда назарда тутилган белгиланган мақсадларга йўналтирилади.

Мақсадли имтиёзларни қўллаш ва уларнинг ҳисобини юритиш тартиби ўзгармади (АВ томонидан 2.04.2005 йилда 1463-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом). 

Имтиёзни қўлламасангиз, ҳисоблаб ёзилган солиқни бюджетга ўтказинг.

 

Тиббий хизматлар бўйича айланма ҚҚСдан озод этилган (Солиқ кодексининг 243-моддаси 1-қисми 11-банди). Бу – доимий, мақсадсиз ва мажбурий имтиёз. Хизматларни реализация қилиш юзасидан ҳисобварақ-фактураларда ҚҚС акс эттирилмайди.

Соғлиқни сақлаш объектларига ҳам мол-мулк солиғи солинмайди (Солиқ кодексининг ­414-моддаси 1-қисми). 

Соғлиқни сақлаш объектлари остидаги ер участкаларига ер солиғи солинмайди (Солиқ кодексининг 428-моддаси 2-қисми).

Солиқ кодекси билан тақдим этилган имтиёзлар доимий ва мақсадсиз ҳисобланади.

Бу ПҚ-2863-сон қарор бўйича мақсадли имтиёзни қўллаш имкониятини истисно қилмайди.

 

ПҚ-2863-сон қарор татбиқ этилмайдиган стоматология муассасалари ижтимоий соҳа муассасалари жумласига киради. Стоматология хизматлари кўрсатишдан олинган даромад бепул олинган мол-мулкни ҳисобга олган ҳолда жами даромаднинг 90%ини ташкил этса, бундай солиқ тўловчилар 2020 йилдан бошлаб 0%лик фойда солиғи ставкасини қўллайдилар. Ушбу шарт бажарилмаган тақдирда, улар 15%лик ставка бўйича солиқ тўлайдилар. 

 

2. Президентнинг 15.09.2017 йилдаги ­ПҚ-3276-сон қарори билан мактабгача ва умумий ўрта таълим соҳасида нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахслар 2021 йил 1 январгача барча турдаги солиқларни тўлашдан озод этилган (5.09.2018 йилдаги ПҚ-3931-сон қарорнинг 13-банди).

Имтиёз мақсадли ҳисобланади. Бунда озод қилинаётган маблағлар уларни замонавий ўқув воситалари билан жиҳозлаш, зарур маҳсулотлар ва жиҳозлар сотиб олиш, бино ва иншоотларни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига бепул таълим хизматларини кўрсатишга мақсадли йўналтирилади (ПҚ-3276-сон қарорнинг 8-банди).

Мақсадли имтиёзда солиқлар белгиланган ставкалар бўйича ҳисобланади, озод қилинаётган маблағлар аниқ мақсадларга йўналтирилади. Фойда солиғи ставкаси – 0%. Бу фойда солиғи нолга тенг деганидир.

Таълим хизматларини кўрсатишдан олинган даромад бепул олинган мол-мулкни ҳисобга олган ҳолда жами даромаднинг 90%идан камини ташкил этса, 15%лик ставкани қўллашингиз лозим. Бунда мақсадли имтиёзни қўллашда олинган фойда солиғи ПҚ-3276-сон қарорда назарда тутилганидек белгиланган мақсадларга йўналтирилади.

Имтиёзни қўлламайдиган бўлсангиз, ҳисобланган солиқни бюджетга ўтказинг.

 

Таълим хизматлари бўйича айланмадан ҚҚС солинмайди (Солиқ кодексининг ­243-моддаси 1-қисми 10-банди). Ушбу имтиёз доимий, аниқ мақсадга йўналтирилмаган ва мажбурий ҳисобланади. Хизматларни реализация қилишда ёзиб бериладиган ҳисобварақ-фактураларда ҚҚС акс эттирилмайди.

Таълим объектларига мол-мулк солиғи ҳам солинмайди (Солиқ кодексининг 414-моддаси 1-қисми).

Таълим объектлари эгаллаган ер участкаларидан ер солиғи олинмайди (Солиқ кодексининг 428-моддаси 2-қисми). 

Солиқ кодексида тақдим этилган имтиёзлар доимий ва аниқ мақсадга йўналтирилмаган ҳисобланади.

Бунда ПҚ-3276-сон қарор бўйича мақсадли имтиёзлар ҳам қўлланилиши мумкин.

 

Умид ҲАМРОЕВ,

ЎзР Молия вазирлиги бевосита солиқлар бошқармаси бошлиғи.

 

Прочитано: 996 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика