Ташкилот (ЯСТ тўловчи) ижара хизматларини кўрсатади. 2019 йил 1 апрелдан ихтиёрий равишда соддалаштирилган ҚҚСни тўлашга ўтди. Ўтиш даврида даромад 1 млрд сўмдан кам бўлган. 6 ойдан кейин ДСИ соддалаштирилган ҚҚСга ноқонуний равишда ўтилгани тўғрисидаги талабнома юборди ҳамда ЯСТ ва соддалаштирилган ҚҚС бўйича ҳисоботларни қайта топширишни талаб қилди.
Тақдим этилган ҳисобварақ-фактураларни қандай тўғрилаш мумкин? Улар соддалаштирилган ҚҚСсиз қайта тузатиладими ёки бутун давр учун битта ҳисобварақ-фактура билан сторнолаш мумкинми?
– Солиқ солинадиган базага тузатиш киритишда, хизматларни етказиб берувчи томонидан қўшимча ҳисобварақ-фактура тузилади. Қўшимча ҳисобварақ-фактурада тузатиш киритилаётган ҳисобварақ-фактуранинг рақами ва санаси кўрсатилиши лозим (2007 йилги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 222-моддаси).
Ташкилотингизнинг солиқ солинадиган базаси нолгача камайтирилади. Тегишинча, хизматлар истеъмолчиларига қўшимча ҳисобварақ-фактуралар тақдим этилиши лозим. Улар илгари тақдим этилган ҳар бир ҳисобварақ-фактурага алоҳида тузилиши керак. Бу ҚҚС тўловчи бўлган истеъмолчиларда ҚҚСни тўғри ҳисобга олиш учун муҳимдир, чунки улар сизга тўлаган соддалаштирилган ҚҚСни ҳисобга олган бўлиши мумкин.
Ольга БУСАРОВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.