Корхона божхона агенти сифатида хизматлар кўрсатади. Мижозлардан бири бўлмиш юридик шахс хизматлар учун нақд пул тўламоқчи. Хизматлар кўрсатиш учун шартнома мавжуд. НКМ ва савдо терминали мавжуд эмас. Пул маблағларини инкассация қилиш учун шартнома тузилмаган.
Корхона кўрсатилган хизматлар бўйича қарзни сўндириш учун юридик шахсдан нақд пул маблағларини олиши мумкинми?
– Йўқ, божхона агентлари сифатида хизматлар кўрсатадиган корхона бошқа юридик шахсдан кўрсатилган хизматлар бўйича қарзни сўндириш учун нақд пул маблағларини қабул қила олмайди.
Юридик шахслар ўртасидаги ҳисоб-китоблар нақд пулсиз тартибда амалга оширилади (ФКнинг 790-моддаси 2-қисми).
Айрим фаолият турлари учун истиснолар назарда тутилган. Масалан, юридик шахслар ўзлари ишлаб чиқарган товарларни бошқа юридик шахсларга ва якка тартибдаги тадбиркорларга нақд пулда сотиши мумкин. Бунда ўзаро ҳисоб-китоблар битта шартнома доирасида республикада белгиланган ЭКИҲнинг 100 бараваригача нақд пулда назорат-касса машиналаридан фойдаланган ҳолда амалга оширилишига рухсат этилади (ВМнинг 19.03.1999 йилдаги 125-сон қарорининг 2-банди).
Божхона агентлари сифатида хизматлар кўрсатадиган корхоналар учун бундай истиснолар назарда тутилмаган.
Эътибор беринг!
Аҳолига пуллик ҳисоб-китоблар бўйича божхона агентлари сифатида хизматлар кўрсатишда корхонангиз НКМдан фойдаланиши шарт (Низомнинг 2-банди, ВМнинг 17.11.2011 йилдаги 306-сон қарорига 1-илова). Хўжалик юритувчи субъектлар аҳолига пластик карталарни қўллаган ҳолда хизматлар кўрсатишда пластик карточкаларга хизмат кўрсатувчи тўлов терминалларидан фойдаланадилар (Низомнинг 2-банди, АВ томонидан 27.07.2009 йилда 1986-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.