Ташкилотда 1080-счётда бир неча йил олдин, корхона ЯСТни тўлаган пайтда харид қилинган инвентарь ҳисобда туради. Фойдаланишга беришда инвентарь ўз вақтида харажатларга ҳисобдан чиқарилмаган. Корхона айни пайтда умумбелгиланган солиқларни тўлайди.
Инвентарни ҳисобдан чиқариш чоғида фойда солиғини ҳисоблашда солиқ оқибатлари юзага келадими?
– Жорий ва ўтган йиллардаги ҳисобот маълумотлари ҳисоботда маълумотлар нотўғри кўрсатилганлиги аниқланган ҳисобот даври учун молиявий ҳисоботда тузатилади. Олдинги даврлардаги молиявий ҳисоботларни қайта топшириш талаб этилмайди (АВ томонидан 27.08.1998 йилда 484-сон билан рўйхатдан ўтказилган 3-сон БҲМСнинг 16-банди).
Ҳисобот даврида фойда солиғини ҳисоблашда олдинги даврлардаги хатолар тузатилганда солиқ оқибатларининг юзага келиши ушбу хатолар қанчалик муҳимлигига боғлиқ бўлади.
Хатонинг муҳимлиги мезони ҳисоб сиёсатида кўрсатилади. У мавжуд бўлмаса, ҳар қандай хато суммаси муҳим ҳисобланади.
Олдинги даврда йўл қўйилган муҳим хатоларни тўғрилаш суммаси йил бошигача тақсимланмаган фойда сальдосини ўзгартириш йўли билан бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботда акс эттирилади (3-сон БҲМСнинг 17-банди). Бундай хатоларни тузатиш вариантида корхонада солиқ оқибатлари юзага келмайди, сабаби корхонангиз илгари ЯСТ тўловчи бўлган.
Хатолар муҳим бўлмаса (арзимайдиган даражада бўлса), улар ҳисобот йилидаги бошқа харажатлар таркибига киритилади.
Ҳисобот йилида аниқланган ўтган йиллардаги операциялар бўйича харажатлар ва зарарлар, бундан Солиқ кодексининг 147-моддасига мувофиқ чегириб ташланмайдиган харажатлар ва зарарлар мустасно (Солиқ кодексининг 145-моддаси 40-банди «г» кичик банди*) фойда солиғини ҳисоблашда чегирилмайдиган харажатлар ҳисобланади.
Ушбу харажатлар чегириладиган харажатлар деб эътироф этилиши муайян хавфи мавжуд, чунки улар корхона фойда солиғи тўловчиси ҳисобланмаган даврга тааллуқлидир.
Наргиза АЛИМОВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.
___________________________
*01.01.2020 йилгача амалда бўлган.