Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 01 / Божхона

Чегарада божхона назорати: сўнгги ўзгаришлар

 

Бир ярим ой олдин Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали шахслар, транспорт воситалари ва товарларни ўтказиш пунктларида чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назоратидан ўтказиш тартиби тўғрисида янги низомни (18.11.2019 йилдаги 912-сон ВМҚ) тасдиқлади.

Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши билан божхона амалиётида қандай ўзгаришлар юз берди? Бу ўзгаришлар ТИФ иштирокчилари ва чегарани кесиб ўтувчи оддий одамлар учун нима беради, божхона тартиб-таомилларининг соддалашгани нимада кўринади? Божхона назорати соҳасига доир бу ва бошқа саволларга Давлат божхона қўмитасининг божхона назоратини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Рустам Қобулов жавоб беради.

 

Бугунги кунда давлатимиз божхона назорати масаласига катта эътибор қаратиб келаётир. Айниқса божхона назоратининг самарадорлик даражасини оширишга эътибор кучайтирилган. Биринчи навбатда бу божхона назорати божхона органлари фаолиятида устувор йўналишлардан бири бўлиши билан боғлиқдир. Қабул қилинган мазкур Низом ҳам Давлат чегарасидан ўтказиш пунктларида унинг тартиб-таомилларини тубдан тезлаштиришга қаратилган.

 

– Божхонага оид қонун ҳужжатларидаги энг муҳим ўзгаришлар хусусида гапириб берсангиз...

– Бу ўзгаришлар, аввало – давлат назорати органлари томонидан ҳайдовчилар, товарлар ва транспорт воситаларининг назорат тартиб-таомиллардан ўтказилиши учун аниқ вақт чегараларининг белгиланиши бўлди, улар эндиликда «Ягона дарча» божхона ахборот тизими (БАТ) асосида амалга оширилмоқда. Бунда, ўтказиш пунктига автотранспорт воситаси кириши ва чиқиши вақтлари, уларнинг ҳар бири давлат назорати органлари томонидан тегишли назорат тартиб-таомилларидан ўтказилиши қайд этиб борилади. Техник носозлик ҳолатлари юзага келганда, Ягона қайд варақасидан фойдаланилади. Носозликлар бартараф этилгандан сўнг 1 иш куни давомида ундаги маълумотлар БАТга киритилиши керак.

Назорат тадбирларини ўтказиш вақти анчайин қисқартирилган. Бу ҳам муҳим жиҳатлардан бири ҳисобланади. Бинобарин, вақт жиҳатдан чекловнинг қўйилиши назорат сифатига умуман таъсир кўрсатмаслиги керак.

Ҳужжатда автотранспортнинг ўтказиш пунктларида бўлишининг умумий вақти аниқ белгиланган. Енгил автотранспорт воситалари учун – 15 дақиқа, юк автотранспорт воситалари учун – 30 дақиқа.

Давлат чегарасидан ўтказишнинг технологик схемасида чегара назорат органлари томонидан назорат тартиб-таомилларини ўтказишнинг кетма-кетлиги ва уларни ўтказиш учун кетадиган вақт белгиланган.

Кириш вақтида ҳайдовчи дастлаб санитария-карантин назоратидан ўтади (3 дақиқа), шундан сўнг чегара назорати бўлинмаси паспорт ва чегарани кесиб ўтиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар мавжудлиги текширади (4 дақиқа). Мана шундан кейин 15 дақиқа оралиғида товарлар ва транспорт воситаларига нисбатан божхона расмийлаштируви ва божхона назорати амалга оширилади. Мазкур тартиб-таомилларни кўрсатилган навбатлиликда фитосанитария ва ветеринария назорати органлари якунлайдилар (агар олиб кирилаётган товар улар назоратининг объекти ҳисобланса). Бунинг учун ҳар бир чегара назорати хизматига 4 дақиқадан вақт ажратилади.

Мамлакатдан чиқишда назорат тадбирларини ўтказиш кетма-кетлиги қуйидагичадир: божхона назорати (10 дақиқа), зарурат бўлганда фитосанитария ва ветеринария назорати (ҳар бир хизмат учун 3 дақиқадан), чегара назорати (4 дақиқа) ўтказилади.

 

– Назорат тартиб-таомилларини ўтказиш вақти меъёрлардан ортиб кетиши мумкинми?

– Ҳа, мумкин. Низомда бу қайси ҳолларда бўлиши мумкинлиги кўрсатилган. Масалан, ўтказиш пунктларида тўланиши белгиланган йиғимлар ёки тўловлар тўланмаган ҳолларда, фавқулодда ҳолатларда шундай бўлиши мумкин. Ёки чегара, божхона, фитосанитария ва ветеринария назорати ўтказилаётганда қонунбузарлик ҳолатлари аниқланса ҳам назорат тартиб-таомиллари белгиланган вақтидан чўзилиб кетиши мумкин. Хусусан, божхона назорати вақтида идентификация воситалари (пломбалар, муҳрлар ва бошқалар) бузилганлиги ёки контрабанда предметлари ёхуд ноқонуний олиб кетилаётган товарлар яширилган бўлиши мумкинлигини кўрсатувчи белгилар аниқланганда тўлиқ божхона кўригини ўтказиш зарур бўлади ва шунда вақт чегарасидан «чиқиб кетиш» мумкин.

Шу билан бирга автотранспорт воситасининг назорат тартиб-таомилларидан ўтиш вақти 72 соатдан ортиқ бўлмаслиги лозим. Ушбу вақт ўтгандан сўнг, унинг республикага кириши ёхуд қайтиб кетиши ёинки ортига қайтарилиши (жисмоний шахслар билан бўлган ҳолда) масаласи ҳал этилади.

Шуни қайд этишим керакки, ўтказиш пунктларида шахслар, транспорт воситалари ва товарларнинг асоссиз ушлаб турилишига, шунингдек, уларга зарар етказилишига йўл қўйилмайди.

 

– Давлат чегараси ҳаво йўли ва темир йўл транспортида кесиб ўтилаётганда чегара назорати органлари томонидан назорат тартиб-таомилларини ўтказишнинг вақт бўйича чегаралари ҳам ўзгардими?

– Авиация ва темир йўл корхоналари фаолияти регламентининг ўзига хослигидан келиб чиқиб, булар ўзгаргани йўқ. Лекин бу мазкур жабҳадаги божхона назоратида ўзгаришлар содир бўлмади, дегани эмас. Фикримни, масалан, авиайўловчилар тасдиқлашлари мумкин. Яшил йўлак жорий этилиши, йўловчи декларацияси соддалаштирилиши муносабати билан божхона тартиб-таомиллари анча тезлашди.

 

– Низом билан чегарадаги назорат органлари фаолиятига қандай ўзгартиришлар киритилди?

– Илгари чегара ўтказиш пунктларидаги фаолият чегара хизмати томонидан тартибга солинар эди. Эндиликда давлат назорати органлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни ташкил этишга божхона пости бошлиғи ва чегара назорати бўлинмасининг раҳбари масъул ҳисобланади.

Давлат чегараси орқали устувор тартибда, навбатсиз ўтказиладиган назорат объектлари рўйхати тўлдирилди. Уларга Президент Администрацияси ёки Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ёзма топшириғига мувофиқ шахслар, транспорт воситалари ва товарлар киритилди.

Қуйидагилар устувор тартибда ўтказилади:

қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларга мувофиқ муайян имтиёзларга эга шахслар, оғир беморлар, ҳомиладор ва ногирон шахслар, 7 ёшгача бўлган болалар, уларга ҳамроҳлик қилувчи шахслар ва улар кетаётган автотранспорт воситалари;

халқаро йўналишларда йўловчиларни мунтазам ташийдиган транспорт воситалари;

тирик ҳайвонлар, тез бузиладиган товарлар, радиоактив материаллар, оммавий ахборот воситалари учун хабарлар ва бошқа материаллар.

Яна улар қаторига:

табиий офатлар, авариялар, ҳалокатлар оқибатларини бартараф этишда зарур бўлган ва инсонпарварлик ёрдами сифатида юбориладиган товарлар, шунингдек, ушбу товарлар олиб ўтиладиган транспорт;

ЎзРнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларига юбориладиган товарлар; ЎзРнинг олий қонунчилик, ижро этувчи ва суд ҳокимияти органларига юбориладиган товарлар ҳам киради.

Зарур ҳолларда шахслар, транспорт воситалари ва товарлар чегара назорати бўлинмаси раҳбари ҳамда божхона органи бошлиғининг ўзаро келишувига асосан устувор тартибда ўтказилиши мумкин.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат давлат чегарасини кесиб ўтишда «Қизил китоб»га киритилган ёки миллий қонунчиликка мувофиқ олиб кириш ва олиб чиқиш тақиқланган ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёси объектлари, уларнинг қисмлари, ҳосилалари, яшаш фаолияти маҳсулотлари, ботаник ва зоологик коллекциялар давлат экологик назоратидан ўтказилиши лозимлиги тўғрисидаги қоида билан тўлдирилди.

Улар жумласига, хусусан, Йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвонлар ва ўсимликлар турлари билан халқаро савдо қилиш тўғрисидаги конвенцияга киритилган объектлар ҳам киритилган (Ўзбекистон Республикаси мазкур Конвенцияга ЎзР Олий Мажлисининг 25.04.1997 йилдаги 433-I сон қарори билан қўшилган).

Бинобарин, экологик назорат объектларини олиб кириш ва олиб чиқиш, шунингдек, транзит олиб ўтишга қонун ҳужжатларига мувофиқ йўл қўйилади.

Шу билан бирга Низомда «экологик назорат» тушунчасига тавсиф ҳам берилган. Олдин амал қилган ҳужжатда бу мавжуд бўлмаган.

 

– Божхона назорати соҳасида ТИФ иштирокчилар фаолиятини осонлаштирган бу йилги яна қандай ўзгаришлар бор?

– Мухтасар қилиб айтганда, 2019 йилнинг бошидан товарларни муайян божхона режимларига (реэкспорт, реимпорт, вақтинча олиб кириш ва олиб чиқиш ва ҳ. к.) жойлаштиришда божхона органлари томонидан бериладиган рухсат этувчи 10 турдан кўп ҳужжатлар бекор қилинди. Ташқи савдо контрактларини божхонада рўйхатдан ўтказиш; товарларни экспорт қилаётганда ташқи савдо контрактларини тақдим этиш ва олдиндан тўлаш, банк кафолати, суғурта полиси ва аккредитивни талаб қилиш қисқарди. Бир қисм ваколатларни божхона постларига бериш орқали ТИФ иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиб-таомиллари соддалаштирилди. Божхона хизмати ходимларига товар ТИФ ТН кодининг классификацияси бўйича хулосани талаб қилиш тақиқланадиган меъёр киритилди. Тегишли давлат органидан товарларни қайта ишлаш учун техник-иқтисодий асосланмани олиш талаби бекор қилинди.

2020 йилнинг 1 январидан эса товарлар ва транспорт воситаларини божхонада расмийлаштираётганда, шунингдек, импорт қилинаётган товарларга мувофиқлик сертификатларини бераётганда ваколатли органлар томонидан бериладиган рухсат этувчи ҳужжатларнинг асл нусхалари ҳамда кўчирма нусхаларини қоғоз кўринишида тақдим этиш керак эмас. Бундан халқаро шартномаларга мувофиқ махсус қоғоз бланкаларда расмийлаштирилиши талаб қилинадиган ҳужжатлар мустасно.

 

Гулнора АБДУНАЗАРОВА,

махсус мухбиримиз.

 

Прочитано: 1083 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика