Дунё бўйлаб ҳар йили янги йил тантаналари арафасида пиротехника воситаларининг ноқонуний муомаласи авж олади ва унинг салбий оқибатлари кишиларни ташвишга солади. Республикамизда ҳам бу каби ҳолатларнинг олдини олиш борасида аниқ ҳуқуқий механизмлар жорий қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг «Пиротехника буюмлари муомаласи тартибга солиниши муносабати билан ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунига (22.09.2010 йилдаги ЎРҚ-261-сон) биноан пиротехника буюмларининг ноқонуний муомаласи юзасидан маъмурий ва жиноий жавобгарликнинг кучайтирилиши божхона органлари зиммасидаги масъулиятни янада оширди. Республикамиз божхона ходимлари мамлакатимизга сифат ва хавфсизлик стандартларига жавоб бермайдиган маиший пиротехника воситалари кириб келишининг олдини олиш йўналишида доимий тезкор тадбирларни олиб боришмоқда.
Жумладан, Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда пойтахтимизнинг Сирғали туманида Э.И. салкам 145 минг дона 3 хил номдаги пиротехника воситаларини 18,6 млн сўмга сотаётган вақтида тўхтатиб қолинди.
«Келес» темир йўл чегара божхона пости ходимлари хориждан кириб келган поезд йўловчиларининг қўл юкларини божхона назоратидан ўтказганда, йўловчилардан Ж.Т. 16 дона пиротехника воситаларини ўриндиқнинг юқори қисмида ёстиқлар орасига беркитиб олиб келаётганини фош этишди.
Жорий йилнинг ноябрь ойида сирдарёлик божхоначилар 3 ҳолатда 432 млн сўмлик пиротехника маҳсулотларининг йўлига ғов бўлишди.
Гулистон тумани Зарбдор ҚФЙда яшовчи Қ.Ш.нинг қўлидаги рюкзак холислар иштирокида кўздан кечирилганда тахминан 500 минг сўмлик жами 600 дона «Новый век» номли пиротехника воситалари борлиги аниқланди.
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари олдиндан олинган маълумот асосида Мирзаобод тумани ҳудудида тезкор тадбир ўтказишди. Тадбир давомида Тошкент-Жиззах йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келган «Nexia-3» русумли автотранспорт воситаси кузатувга олинди. Ушбу автотранспорт воситаси ҳайдовчиси М.А. олдиндан тадбирга жалб этилган «шартли харидор»га Хитойда ишлаб чиқарилган ва тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган, сифати кафолатланмаган 2 турдаги тахминан 11,6 млн сўмлик «Новый век», «Золотой песок» номли мушакли пиротехника воситаларини ноқонуний равишда сотаётганда тўхтатилиб қолинди.
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими томонидан олдиндан олинган тезкор маълумотларга асосан, ДХХ Сирдарё вилояти бошқармаси, ДБҚ ва Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлимлари тезкор ходимлари ҳамкорлигида пиротехника воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши курашиш борасида пойтахтимиз ҳудудида кенг қамровли тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир иштирокчилари ҳуқуқбузарларни тўхтатиб, «Матиз» русумли автомашина салони ва юкхонасини холислар иштирокида кўздан кечиришганда Хитойда ишлаб чиқарилган сифати шубҳали бўлган 20 дона «Новый век», 86 400 дона «Бритоник» ва «Трения» номли пиротехника маҳсулотлари борлигини аниқлашди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари бошлаб юборилган.
Тошкент шаҳар ва Сирдарё вилояти божхона бошқармалари ахборот хизматлари материаллари асосида.