Norma.uz
Газета СБХ / 2019 год / № 50 / Божхона

Лицензия бўйича қайта ишлашга олиб чиқиш

 

Ўзбекистоннинг юридик шахси шартномага биноан қайта ишлаш учун ­тайёр заргарлик буюмларини Ўзбекистондан ташқарига лом сифатида олиб чиқиш ва тай­ёр буюмларни олиб киришни режалаштиряпти.

Мазкур хизматга қандай солиқлар солинади ва божхона божи ҳам ҳисобланадими?

 

Улар жумласига қимматбаҳо металлар ҳам кирадиган махсус турдаги товарлар фақат белгиланган тартибда расмийлаштирилган лицензия бўлганда Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтилиши мумкин. Қимматбаҳо металлар экспорт ва импортини мажбурий лицензиялаш Президентнинг «Махсус турдаги товарлар экспорти ва импортини лицензиялаш, шунингдек, экспорт контрактларини рўйхатга олиш ва импорт контрактларини экспертизадан ўтказишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида (3.11.2017 йилдаги ПФ-5215-сон) кўрсатилган.

 

Лицензия қаердан олинади

Лицензияларни республика Президенти ёки Ҳукуматининг қарорлари асосида Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи савдо фаолияти, иқтисодиёт тармоқлари ва республика ҳудудларининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаменти (АТД) беради.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида махсус турдаги товарлар экспорти ва импортига лицензияни бериш тартиби Низом (ВМнинг 1.12.2017 йилдаги 959-сон қарори) билан белгиланади.

Ариза берувчи лицензия олиш учун Вазирлар Маҳкамаси АТДнинг Инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари котибиятига (ваколатли органга) қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

ариза берувчининг номи, жойлашган жойи (почта манзили) ва ташкилий-ҳуқуқий шаклини кўрсатган ҳолда лицензия бериш тўғрисида аризани;

Президентнинг ёки Вазирлар Маҳкамасининг махсус турдаги товарларни экспорт ва импорт қилиш учун лицензия бериш назарда тутилган тегишли ҳужжатининг нусхасини;

тузилган ҳамда харидор ва сотувчи имзолаган шартноманинг нусхасини.

Ариза берувчидан бошқа ҳужжатларни талаб қилишга йўл қўйилмайди (Низомнинг 11-банди).

 

Маълумот учун. Лицензия бериш тўғрисидаги аризада ариза берувчининг электрон манзили ҳам кўрсатилиши мумкин. Бу унинг аризаси бўйича қарор қабул қилингани ҳақидаги билдириш хатини электрон ахборот тизими орқали олишга рози эканини билдиради.

 

Ишчи орган (ВМнинг АТД ташқи савдо фаолиятини ривожлантириш масалалари шуъбаси) ариза олинган кундан бошлаб, 5 иш кунидан ошмайдиган муддатда аризани кўриб чиқади, лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш ҳақида тегишли хулоса тайёрлайди.

Ваколатли орган ушбу хулосани у олинган кундан бошлаб 4 иш куни давомида кўриб чиқади. Лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш ҳақидаги қарор Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи савдо фаолиятини, экспорт салоҳиятини, машинасозлик, автомобиль, электротехника, мудофаа, пахтани қайта ишлаш саноатини ва енгил саноатни ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплекси раҳбари, шунингдек зарур бўлганда, Бош вазир билан келишган ҳолда қабул қилинади (Низомнинг 16, 17-бандлари).

Ишчи орган тегишли қарор қабул қилинган санадан бошлаб 1 иш кунидан кечиктирмасдан, ариза берувчига лицензия бериши (юбориши) ёки уни лицензия бериш рад этилгани ҳақида жумладан, электрон ахборот тизими орқали ёзма равишда хабардор қилиши шарт.

Лицензия бериш учун йиғим ундирилмайди (Низомнинг 20, 21-бандлари).

 

Маълумот учун. Агар ишчи орган аризани кўриб чиқиш, лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш муддати давомида ариза берувчига лицензия бермаса ёхуд уни лицензия бериш рад этилгани ҳақида хабардор қилмаса, ариза берувчи ушбу Низомда белгиланган муддатлар тугагандан сўнг ваколатли органни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда, Президентнинг тегишли ҳужжати ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорида назарда тутилган махсус турдаги товарларни экспорт ва импорт қилиш ҳуқуқига эга.

Ишчи орган ариза берувчининг ёзма билдириш хати олинган санадан бошлаб 5 иш куни давомида унга лицензия бериши лозим. Лицензия олингунга қадар тақдим этилган ҳужжатларнинг улар қабул қилинган сана белгиси қўйилган рўйхати ва ариза берувчи томонидан ваколатли органга юборилган ёзма билдириш хати лицензияга тенглаштирилади ва махсус турдаги товарларни экспорт ҳамда импорт қилиш учун асос ҳисобланади. Бунда ариза берувчи бунинг учун жавобгарликка тортилмайди.

 

Қайта ишлаш режими

Божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимига мувофиқ олиб чиқилаётган товарга нисбатан божхона божлари ва солиқлар тўланишидан шартли озод этиш қўлланилади.

Божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режими шундай режимки, бунда Ўзбекистон товарлари божхона ҳудудидан ташқарига қайта ишлаш ва уларнинг қайта ишлаш маҳсулотларини кейинчалик божхона ҳудудига олиб кириш мақсадида олиб чиқилади.

Бу товарга нисбатан иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмайди, бундан ушбу Кодекснинг ­54-моддасида назарда тутилган тақиқлар ва чекловлар мустасно (БКнинг 42-моддаси). Шу тариқа, Вазирлар Маҳкамаси:

товарларнинг айрим турларига нисбатан божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлашга йўл қўйилмайдиган ҳоллар;

муайян товарларни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш бўйича айрим операцияларни ўтказишга доир чекловларни;

божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимида товарларни қайта ишлашга йўл қўйишга доир миқдорий чекловларни белгилаши мумкин.

Товар божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш режимига божхона органи томонидан БКнинг 21-боби қоидаларига мувофиқ берилган қайта ишлаш рухсатномаси асосида жойлаштирилади.

Сизнинг ҳолатингизда бўлгани каби операциялардан бири олиб кирилган товарни унинг дастлабки хоссалари ва индивидуал кўрсаткичларини ўзгартириб, лекин қайта ишлаш маҳсулотида уни идентификациялаш имконини берувчи товар хусусиятларини сақлаган ҳолда бевосита қайта ишлаш ёки унга ишлов бериш ҳисобланади.

Қайта ишлаш маҳсулотлари БКнинг 47-моддасига мувофиқ белгиланган қайта ишлаш муддати тугайдиган кундан кечиктирмай божхона ҳудудига олиб кирилиши лозим ёхуд божхона режими товар (унинг қолдиғи) 2 та божхона режими – реимпорт ёки экспорт божхона режимига жойлаштирилгач, тугалланиши керак. Бунда БКда белгиланган талаблар ва шартларга риоя этилган тақдирда, товарни амалда божхона органига тақдим этмаса бўлади (БКнинг 52-моддаси).

 

Маълумот учун. Қайта ишлаш маҳсулотлари биттадан ортиқ туркумда олиб кирилаётганда, улар миқдорининг божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш рухсатномасида кўрсатилган миқдорга мувофиқлигини текшириб кўриш вақти-вақти билан, лекин 3 ойда камида бир марта ва қайта ишлаш маҳсулотларининг охирги туркуми импорт қилинган кундан эътиборан 30 календарь кундан кечиктирмай амалга оширилиши мумкин.

 

Текшириб кўриш натижалари бўйича божхона органи рухсатнома олган шахс билан биргаликда далолатнома тузади. Агар олиб кирилган қайта ишлаш маҳсулотларининг миқдори текшириб кўриш натижасида рухсатномада кўрсатилган миқдордан ортиқлиги аниқлангудек бўлса, божхона органи қўшимча божхона тўловлари тўлаш зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилади. Бундай ҳолда божхона органи рухсатнома олган шахсга қарор қабул қилинган куннинг эртасидан кечиктирмай ёзма шаклда хабар қилиши шарт. Агар бундай тўловларни тўлаш ёзма хабар олинган кундан эътиборан 10 иш куни ичида амалга оширилса, уларнинг суммаларига пеня ҳисобланмайди.

Товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирган шахс мазкур божхона режими қўлланилганлиги тўғрисидаги маълумотларни қайта ишлаш муддати тугаган кундан эътиборан 30 календарь кун ичида солиштириб чиқиши шарт.

 

Божхона тўловлари хусусида

Қайта ишлаш маҳсулотлари божхона ҳудудига қайтарилмаган тақдирда, қайта ишлаш учун олиб чиқилган товарга нисбатан мазкур товар экспорт божхона режимига жойлаштирилганда бўлгани каби божхона божлари ва солиқлар қўлланилади. Бунда товар божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилган кундаги божхона божлари ва солиқлар ставкалари қўлланилади.

Олиб кириладиган қайта ишлаш маҳсулотлари эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилаётганда божхона божлари ва ҚҚС товарларни қайта ишлаш операцияларининг қийматидан келиб чиқиб ҳамда қайта ишлаш маҳсулотларига қўлланиладиган божхона божлари ва қўшилган қиймат солиғи ставкалари бўйича ҳисобланади.

Қайта ишлаш маҳсулотларига нисбатан акциз солиғи қайта ишлаш маҳсулотларининг божхона қиймати ва миқдоридан келиб чиқиб, уларга қўлланиладиган ставкалар бўйича ҳисобланади.

Қайта ишлаш маҳсулотларига нисбатан божхона божларининг хос ставкасини қўлланилаётганда тўланиши лозим бўлган божхона божларининг миқдори қайта ишлаш маҳсулотларига нисбатан хос ставкада ҳисобланган божхона божи суммаси билан қайта ишлаш операциялари қийматининг қайта ишлаш маҳсулотлари божхона қийматига нисбатининг кўпайтмаси сифатида қайта ишлаш маҳсулотлари эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилганда бўлгани каби ҳисоблаб чиқарилади (БКнинг ­53-моддаси).

Қайта ишлаш маҳсулотларига нисбатан қўлланиладиган божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш мақсадида, қайта ишлаш операциялари қиймати қуйидаги қийматларнинг суммасини ифода этади:

олиб чиқилган товарларни қайта ишлаш;

товарни қайта ишлаш жойига ва унинг қайта ишлаш маҳсулотларини божхона чегарасигача қайтариб етказиб бериш, агар булар қайта ишлаш қийматига қўшилмаган бўлса.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

 

Прочитано: 92 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика