Корхона бир йиллик хизмат кўрсатиш шарти билан дастурий маҳсулотдан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этишга доир хизматларни кўрсатишга норезидент билан 5 йилга шартнома тузди. Хизматга ҳақ компания резидентлик сертификатини тақдим этгандан кейин тўланди. Хизмат Германия ҳудудида дастурий маҳсулотни корхонанинг серверига Интернет орқали фойдаланиш ҳуқуқи билан кўрсатилди.
Ушбу операциянинг солиқ оқибатлари қандай бўлади?
Тўлов манбаида фойда солиғи
– Ахборот тизимидан фойдаланиш ҳуқуқи учун тўловлар роялти ҳисобланади ва тўлов манбаида фойда солиғи ундирилади (Солиқ кодексининг 155-моддаси 3-қисми 5-банди).
Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикаси ўpтасида Даромад ва мол-мулк солиқлари юзасидан икки ёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисида битим имзоланган (Берлин, 7.09.1999 йил, ЎзР ОМнинг 11.02.1999 йилдаги 40-II-сон қарори билан ратификация қилинган).
Битим шартларига кўра, Ўзбекистонда вужудга келадиган ва Германия резидентига тўланадиган роялтига (лицензия тўловларига) ҳам Германияда, ҳам Ўзбекистонда солиқ солиниши мумкин.
Сизнинг вазиятингизда Германия резиденти солиқ солиш масалаларини тартибга солувчи ваколатли орган томонидан берилган резидентлик далилини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этган.
Агар ушбу ҳужжатда резидентлик вақтининг даври кўрсатилмаган бўлса, ушбу ҳужжат у берилган календарь йил давомида амалда бўлади (Солиқ кодексининг 155-моддаси 17-қисми).
Юқорида келтирилганларни ҳисобга олиб, норезидентнинг даромадларидан тўлов манбаида фойда солиғини ушлаб қолмасангиз бўлади. Лекин Ўзбекистонда солиқ ушлаб қолинган тақдирда, у лицензия тўлови объектининг туридан келиб чиқиб, 3–5%дан ошмаслиги керак (Битимнинг 12-моддаси).
Норезидентнинг хизматларидан ҚҚС
ҚҚС ҳисоблаш мақсадида интеллектуал мулк объектларидан фойдаланиш ҳуқуқини беришга хизматлар сифатида қаралади (Солиқ кодексининг 218-моддаси 8-қисми). Хизматларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон ҳудуди бўлса, ҚҚС тўланади (Солиқ кодексининг 207-моддаси).
Агар интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқни ўтказиш бўйича хизматларни сотиб олувчи ёки улардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга ошираётган бўлса, Ўзбекистон хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади (Солиқ кодексининг 202-моддаси 3-қисми 4-банди).
Норезидент томонидан тақдим этилган ишлар ва хизматларга ҚҚС солинади. Бюджетга ҚҚС тўлаш бўйича мажбурият корхонангизнинг солиқ солиш тизимига (умумбелгиланган солиқларми ёки ЯСТ) боғлиқ бўлмайди. ҚҚС ишлар қийматидан 15%лик ставкада корхонангизнинг ўз маблағлари ҳисобидан тўланади (Солиқ кодексининг 211-1-моддаси).
Агар хизматлардан солиқ солинадиган оборотлар мақсадида фойдаланилса, тўланган ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқига эгасиз (Солиқ кодексининг 218-моддаси 1-қисми 1-1, 4-бандлари).
* * *
Компаниямиз келгусида қайта сотиш мақсадида «Ҳужумларни аниқлаш/олдини олиш ва иловаларни патруллаш» дастурий сервисига обунани 1 йилга импорт қилмоқда.
Компаниямизда норезидентга даромад тўлаш манбаи сифатида роялти тўлашда фойда солиғини ушлаб қолиш бўйича мажбурият юзага келадими?
– Ҳа, роялти ЎзР норезидентларининг тўлов манбаида юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи солинадиган даромадлари ҳисобланади (Солиқ кодексининг 155-моддаси 3-қисми 5-банди).
Солиқ ставкаси 20% миқдорида белгиланган (Солиқ кодексининг 160-моддаси).
Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг суммаси даромадни Ўзбекистон Республикаси норезидентига тўлаш санасида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича ҳисоблаб чиқарилади (Солиқ кодексининг 155-моддаси 8-қисми).
Норезидентга даромадларни солиқ ушлаб қолинмаган ёки фойда солиғининг пасайтирилган ставкаси қўлланилган ҳолда тўлаш халқаро шартнома қоидаларига мувофиқ амалга оширилади. Шу билан бирга тўлов манбаида Ўзбекистоннинг норезиденти томонидан тақдим этилган, чет давлатнинг ваколатли органи томонидан берилган, Ўзбекистон Республикаси қайси давлат билан солиқ солиш масалаларини тартибга солувчи халқаро шартномага эга бўлса, ўша давлатда мазкур шахснинг резидентлиги борлиги фактини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлиши керак (Солиқ кодексининг 155-моддаси 12-қисми).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.