Ошпаз учун пенсия имтиёзлари борми? Минимал иш стажига эга бўлганда ногиронлик бўйича пенсия қандай ҳисобланади? Кимлар уруш ногиронларига тенглаштирилади? «Пенсия иши»нинг навбатдаги сонида шу ва бошқа саволларга жавоб топасиз.
Экспертларга саволларингиз бўлса, norma.uz сайтидаги «Жавоб берамиз» хизматидан фойдаланинг.
Эъзоз
Умрнинг улуғ фасли файзи, мазмуни учун
кексалик – инсон умрининг донишмандлик палласи. Чунки умрнинг бу довонига етиб келгунга қадар киши не-не сир-синоатларни англаб етади, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб кўради. «Қариси бор уйнинг париси бор» ҳикматининг мазмуни ҳам шунга ишора.
Вазирлар Маҳкамасининг «Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (27.09.2019 йилдаги 816-сон) қабул қилиниши ёши улуғларимиз учун яна бир рағбат, юксак эъзознинг намунаси бўлди. Қарорга мувофиқ, БМТ Бош Ассамблеясининг 1990 йил 14 декабрдаги резолюцияси билан эълон қилинган «1 октябрь – Халқаро кексалар куни»ни ҳар йили мамлакатимизда муносиб нишонлаш мақсадида октябрь ойининг биринчи ҳафтаси «Кексалар ҳафталиги» этиб белгиланди.
Шу ўринда ушбу хайрли тадбирларнинг 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни санаси билан уйғунлигида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор. Негаки, аслида кексалик ҳам ҳаёт сабоқлари-ю тажрибалари туфайли устозлик даражасига етишиш билан баробар. Қолаверса, аксарият кексалар умр бўйи давлат ва жамоат ташкилотларида меҳнат қилиб, кўплаб ёш кадрларга йўл-йўриқ кўрсатишади, ўз соҳалари бўйича етук мутахассисларни мамлакат тараққиёти учун тайёрлаб беришади. Шундай экан, мураббийлик ва кексалик фақатгина муайян санада эмас, ҳар доим – йил ўн икки ой эъзозга, рағбатга, меҳр кўрсатишга муносиб.
Муҳтарам Президентимиз жойларга ташрифлари чоғида ҳар гал кекса авлод вакиллари билан учрашиб, нуронийларимиз шунчаки дуогўй эмас, аксинча, жамият ҳаётида фаол иштирок этадиган қатлам бўлиши кераклигига алоҳида урғу беради.
Президентимизнинг «Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига (2.04.2019 йиладиги ПФ-5700-сон) асосан барча маҳаллаларда «Кексалар маслаҳати» гуруҳлари ташкил этилган эди.
Шубҳасиз, фаол ва фидойи кексалар маҳаллаларда жуда кўп. Жумладан, туман ва шаҳар маҳаллалар кенгашлари томонидан 244 минг 827 ижтимоий фаол, ташаббускор кексалардан иборат рўйхат шакллантирилган. Улар 162 минг 617 кам таъминланган, 106 983 боқувчисини йўқотган, 11 445 нотинч ва ноқобил оилаларга, 18 779 ичкиликка ружу қўйган, 5 507 ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган шахсга бириктирилган. Шунингдек, маҳаллаларда кексалар томонидан 12 810 махсус рўйхатдан чиқарилган, 2 960 афв этилган ва адашган шахслар, 31 570 нотинч оилалар билан доимий мулоқот йўлга қўйилган.
Обрў-эътиборли кекса авлод вакилларидан 82 619 нафари «Кексалар маслаҳати» гуруҳлари, 85 985 нафари «Қайноналар кенгаши» жамоат тузилмасига қамраб олинган.
Уларнинг беминнат хизмати, саъй-ҳаракати туфайли жамиятимиздаги салбий кўрсаткичлар пасайиб бораётгани диққатга сазовор. Масалан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида муаммоли, нотинч, жиноятчиликка мойил ёки жиноят аъзоларидан бири сифатида профилактик рўйхатда турадиган оилалар билан 38 790 якка тартибда, 26 860 жамоавий суҳбатлар ташкил этилди. Шу асосда 22 640 оила яраштирилди, 7 мингга яқин фақат шаръий никоҳ асосида яшаб келаётган оилалар қонуний никоҳдан ўтказилди.
Айтиш жоиз, маҳаллаларда қарийб 3,38 млн меҳнатга лаёқат ёшидан ошган, 137 мингга яқин 85 ёшдан ошган, 11 171 якка-ёлғиз ва 13 638 ўзгалар парваришига муҳтож отахону онахонлар билан манзилли ишлар олиб борилаётир. Бундай илиқ муносабат ушбу нуронийларнинг ҳаётдан розилиги, миннатдорлигини оширмоқда.
Ҳозирда 2 772 маҳалла гузарлари, 601 нуронийлар масканлари ҳамда 1 963 оталар чойхоналари ҳар бир оиланинг мустаҳкамлиги, хонадонлар осудалиги, ҳудудлар ободлиги, фарзандлар тарбияси учун меҳнатини, маслаҳатини аямаётган кексаларнинг мароқли дам олиши учун хизматда.
Энди «Кексалар ҳафталиги» доирасида ана шу гузарларда нуроний ҳамда фахрийлар учун байрам тадбирлари ташкил этилади. Мутахассислар ҳамда қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникаларнинг умумий амалиёт шифокорларидан иборат таркибда «Тиббиёт автобуси» фаолияти йўлга қўйилади. Улар кексаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказади. «Ҳар куни 5 минг қадам» шиори остида бўлиб ўтадиган пиёда юриш марафонлари ҳам бобо ва бувиларимиз саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлади.
Умуман олганда, ушбу қарорнинг қабул қилиниши кекса авлод вакилларининг жамият ҳаётидаги иштирокини ортиб боришига юксак эътибор, катта рағбат ва кенг имкониятдир. Пенсия ёшига чиқиб, баъзан ўзини жамиятдан узилиб қолгандек ҳис қиладиган нуронийларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш эса ҳар томонлама хайрли ва манфаатли. Энг муҳими, умрнинг улуғ фасли соҳибларига бундай эҳтиром бардавомдир.
Шавкат Жавлонов,
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш
органлари фаолиятини мувофиқлаштириш
бўйича Республика кенгаши бошқаруви раиси.
ЎзА.
*Материал қисқартирилган ҳолда берилмоқда.
Қонунчиликдаги янгиликлар
60 ёшгача улгуриш керак
Арзон уй-жой қурилиши учун имтиёзли ипотека кредити расмийлаштириш учун қишлоқ жойларда яшовчи қарз олувчиларга ёшга доир чеклов белгиланди (ВМнинг 18.09.2019 йилдаги 784-сон қарори).
Гап якка тартибда ҳамда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича янги типлардаги арзон уй-жойлар қурилиши учун имтиёзли ипотека кредити бериш тартиби хусусида бормоқда. Мазкур ҳолатда кредитлар «Қишлоқ қурилиш банк» АТБ, Ўзмиллийбанк, «Ипотека банк» АТИБ, AT «Халқ банки», «Асака банк» АТБ ва «Ўзсаноатқурилишбанк»да берилади.
Энди ипотека кредитини қишлоқ жойларда яшовчи, мурожаат қилган кунда 60 ёшдан ошмаган фуқаролар расмийлаштириши мумкин. Қуйи ёш чегараси ўзгармади – 18 ёш.
Бундан ташқари, бу ва бир қатор бошқа ҳукумат ҳужжатлари аввал қабул қилинган Президент қарорларига мувофиқ келтирилди. Ўзгартиришлар барпо этилаётган уй-жойларнинг типлари ва кредитлашнинг бошқа шартлари: кредит тақдим этилаётган муддат, имтиёзли давр давомийлиги, бошланғич бадал миқдори, фоиз ставкалари ва ҳ.к. қисмида киритилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 19.09.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов, «Norma» МЧЖ эксперти.
Экспертга савол
Иккитадан бири танланади
Пенсия ёши, ҳаётий вазиятлар, саломатлигига кўра – булар қария одам қайси турдаги пенсияни танлашни билмай қоладиган сабаблар. Қонун ҳужжатларида икки турдаги пенсияни бир вақтда олиш имконияти назарда тутилмаган, лекин бир пенсиядан бошқасига ўтиш мумкин. Бунинг учун нималар қилиш лозимлигини «Norma» МЧЖ эксперти Зафар Хўжаев тушунтиради.
– Қайси ҳолларда пенсиянинг бир туридан бошқасига ўтиш мумкин бўлади?
– Пенсия тўғрисидаги қонун ҳужжатларида пенсия турини ўзгартиришнинг икки ҳолати қўлланилади: бир турдаги пенсиядан бошқасига ўтиш ҳамда пенсияни мамлакат доирасига ёки чет элга ўтказиш.
Бошқа турдаги пенсиянинг миқдори амалдаги пенсияникидан юқорироқ бўлса, шунингдек амалдаги пенсияни олишга ҳуқуқ йўқолганда (масалан, ногиронликнинг бекор қилинганда ёки III гуруҳ ногиронлиги берилганда) пенсиянинг бир туридан бошқа турига ўтказилади.
Яшаш жойи ўзгарганда пенсия мамлакат доирасига, шунингдек чет элга ўтказилади.
– Бунинг учун қандай ҳужжатларни тақдим этиш керак бўлади?
– Пенсиянинг бир туридан бошқа турига ўтказишда пенсионернинг яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига ариза берилади (Низомнинг 133-банди, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова).
Аризага қуйидагилар илова қилиниши керак:
♦ пенсиянинг бир туридан бошқа турига ўтказиш тўғрисидаги ариза берилган пайтдан меҳнат фаолиятининг охирги 10 йили мобайнида исталган кетма-кет 5 йилдаги иш ҳақи тўғрисида маълумотнома;
♦ Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 16-банди ҳисобга олинган ҳолда (пенсияга устама ҳақ (қўшимча) белгилаш ҳуқуқи мавжуд бўлган тақдирда) ушбу Низомнинг 12–14-бандларида кўрсатилган унинг учун ариза берилган пенсия турини тайинлаш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар – ушбу ҳужжатлар пенсиянинг олинадиган тури бўйича расмийлаштирилган пенсия ҳужжатлар йиғмажилдида мавжуд бўлмаган тақдирда.
Бундан ташқари, зарур ҳолларда, боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчи оила аъзолари сони ўзгаришини тасдиқлайдиган ҳужжатлар тақдим этилади.
Ўзбекистон Республикаси доирасида бошқа жойга кўчилган тақдирда пенсионер олдинги яшаш жойидан рўйхатдан чиққанлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар нусхасини тақдим этган ҳолда янги яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига бошқа турдаги пенсияга ўтказиш тўғрисидаги аризани топширади (Низомнинг 134-банди).
Пенсионер Ўзбекистон ташқарисига доимий яшаш учун кетаётган тақдирда у шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатни, унда «Доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқарилди» деган белги ҳамда ички ишлар органларининг кириш, чиқиш ва фуқаролик бўлимининг доимий яшаш учун кетиш тўғрисидаги стикери, кетиш варақчаси, шунингдек у бориш ниятида бўлган хорижий давлатнинг визасини (агар бу зарур бўлса) тақдим этади. Талаб қилинадиган барча ҳужжатлар тақдим этилгандан кейин пенсионерга тегишли тўловлар тўланади ва зарурат бўлганда яшаш жойидаги мамлакатда кейинчалик пенсия тўлашни расмийлаштириш учун ҳужжатларни беришади.
Меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида ногиронлик пенсияси тайинланган шахслар доимий яшаш учун Ўзбекистон ташқарисига кетган тақдирда (Ўзбекистон Республикаси пенсия таъминоти тўғрисида халқаро шартномаларга эга бўлган давлатлар бундан мустасно), пенсия чет элда бўлган вақт учун тўланади.
Пенсия қуйидаги ҳужжатлар асосида ҳисоблаб чиқилади:
♦ пенсияни ўтказиш тўғрисидаги ариза;
♦ шахснинг Ўзбекистон Республикаси ташқарисидаги доимий яшаш жойини тасдиқлайдиган ҳужжат (у ЎзРнинг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасаси ёхуд хорижий давлатнинг ваколатли органи (мансабдор шахси) томонидан берилади;
♦ Ўзбекистондан доимий яшаш жойига кетиш (бир давлатдан бошқа давлатга кўчиб ўтиш) санаси тўғрисидаги маълумотнома.
Бу ўринда унутмаслик керакки, пенсияни ўтказиш фуқаронинг ҳар бир йилнинг 31 декабрида тирик эканлигини тасдиқлайдиган ҳужжат Пенсия жамғармаси бўлимига тақдим этилиши шарти билан амалга оширилади (Низомнинг 182–186-бандлари).
– Илгари ёшга доир тайинланган пенсия қайта тикланганда стаж ва иш ҳақи ҳисобга олинадими? Масалан, аёл дастлаб ёшга доир пенсияни расмийлаштирган бўлиб, кейин ногиронлик бўйича пенсияга ўтган бўлса, лекин шу билан бирга ишлашда давом этса…
– Йўқ. Илгари шахснинг ёшига доир тайинланган пенсияни пенсияларнинг бошқа турларидан биттаси бўйича тўловнинг тўхтатилиши муносабати билан тиклашда ёшга доир пенсия тайинлангандан кейин эга бўлинган иш стажи ва иш ҳақи ҳисобга олинмайди. Пенсияни ҳисоблаш учун ўртача ойлик иш ҳақи ёшга доир илгари тайинланган пенсиядан олдинги ишнинг охирги 10 йилидан келиб чиққан ҳолда, тиклаш вақтида амалда бўлган қонун ҳужжатларида назарда тутилган пенсияни ҳисоблаш учун иш ҳақи ва иш стажини ҳисоблаш шартлари қўлланган ҳолда аниқланади (Низомнинг 137-банди 3-хатбошиси).
– Қайси ҳолларда пенсиянинг бир туридан бошқасига ўтишни рад этишлари мумкин?
– Пенсиянинг бир туридан бошқасига ўтишни рад этишга қуйидаги сабаблар асос бўлиши мумкин:
♦ бошқа турдаги пенсиянинг қайта ҳисоблаб чиқилган миқдори амалдаги пенсия миқдоридан кам бўлса;
♦ бошқа турдаги пенсияга ҳуқуқнинг мавжуд эмаслиги.
– Пенсиянинг бир туридан бошқасига ўтилаётганда пенсия гувоҳномасини ўзгартириш керакми?
– Ҳа, пенсиянинг бир туридан бошқа турига ўтган пенсионерларга янги пенсия гувоҳномаси ёзилади (Низомнинг 140-банди).
Маълумот учун!
Қуйидаги ШАРТЛАР мавжуд бўлганда киши ТЎЛИҚ ДАВЛАТ ТАЪМИНОТИДАГИ ШАХС ҳисобланади:
♦ бепул уй-жой билан таъминланганда;
♦ бепул овқат билан таъминланганда;
♦ бепул махсус уст-бош ва кийим-кечак билан таъминланганда.
Кўрсатиб ўтилган шартлардан ҳатто биттаси МАВЖУД БЎЛМАСА, шахс тўлиқ давлат таъминотидаги шахс ҲИСОБЛАНМАЙДИ.
Бизга мактуб йўллабсиз
Битимга мувофиқ қўшилади
Турмуш ўртоғим билан бирга 1990 йилда Бандлик бюроси орқали ҳужжатларни расмийлаштириб Россиянинг Перм вилоятига ишлагани кетдик. У ерда 4 йил ишладик ва Ўзбекистонга қайтдик. Турмуш ўртоғим пенсияга чиқаётганида буни стажга қўшишмади. Пенсия жамғармаси ходимаси фақат Ўзбекистон ҳудудида ишланган вақт қўшилишини айтди.
Яқинда мен ҳам пенсияга чиқаман. Ушбу 4 йилни стажимга қўшмайдиларми? Бу тўғрими? Ахир биз ишлагани республика меҳнат органлари билан келишилган ҳолда давлат томонидан ташкиллаштирилган расмий йўл билан борганмиз.
Ушбу давр стажга қўшиладиган бўлса, турмуш ўртоғимнинг пенсиясини қайта кўриб чиқишлари учун нима қилиш керак?
– Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар фуқароларининг пенсия таъминоти соҳасидаги ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисидаги битимга (Москва, 1992 йил 13 март) мувофиқ собиқ СССР ҳудудидаги иш даври мазкур битим кучга киргунига қадар, яъни 1992 йил 13 мартгача бўлган давр учун стажга қўшилади (Битимнинг 6-моддаси 2-банди).
1992 йил 13 мартдан кейин (2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш шарти билан чет элда ишланган даврлар меҳнат стажига қўшилади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 40-моддаси).
Юқорида баён этилганлардан келиб чиққан ҳолда 1990 йилдан 13.03.1992 йилгача бўлган давр иш стажига қўшилиши лозим. Қолган даврлар суғурта бадаллари тўланмаган тақдирда стажга қўшилмайди.
Иш берувчи жавобгар
Пенсияни расмийлаштириш учун иш берувчи томонидан берилган ҳужжатларда ноаниқ маълумотлар борлиги аниқланган бўлса, ким жавобгар бўлади: иш берувчими ёки пенсионер?
– Ишончсиз маълумотлар, пенсияга бўлган ҳуқуқларни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатлардаги маълумотларни бузувчи тузатишлар аниқланганда, шунингдек пенсияларни тайинлаш ва тўлаш учун иш берувчи ёки архив томонидан берилган юқорида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар сохталаштирилганда ва қалбакилаштирилганда, давлатга етказилган зарар суммасини ундириш учун жавобгарлик ушбу ҳужжатларни берган ташкилотлар ва архивнинг мансабдор шахсларига юкланади (Низомнинг 202-банди 1-хатбошиси, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова).
Кундалик харажатларга
Қўшнимиз пенсионер, ёлғиз ўзи яшайди.
Уни қариялар уйига юборишса, у пенсия оладими?
– Қариялар ва ногиронлар интернат уйларида (пансионатларида) яшовчи ёлғиз пенсионерларга пенсия билан улар таъминоти учун сарф-харажат ўртасидаги фарқ, лекин тайинланган пенсиянинг камида 10%и, уруш ногиронларига эса камида 20%и тўланади. Руҳий беморлар интернат уйларида яшовчи пенсионерларга пенсия тўланмайди (Қонуннинг 60-моддаси).
Маълумот учун!
Ўзбекистон Республикасининг ХАЛҚАРО ШАРТНОМАСИДА Ўзбекистон Республикасининг фуқаролар давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, ХАЛҚАРО ШАРТНОМА ҚОИДАЛАРИ ҚЎЛЛАНИЛАДИ.
Қўшимча тўланмайди
Фахрий унвон берилганлиги тўғрисидаги ҳужжатни пенсияни расмийлаштиришда эмас, кейинроқ тақдим этганман.
Пенсияни қайта расмийлаштиришда ушбу тўловлар тўланмаган деб ҳисобланадими ёки улар ҳужжат тақдим этилган кундан эътиборан тўланадими?
– Пенсияни қайта расмийлаштиришда фахрий унвонлар учун тўловлар тўланмаган деб ҳисобланмайди, чунки иш ҳақига ёки пенсияга қўшиб бериладиган тўловлар фахрий унвон учун тўловни тайинлаш учун зарур ҳужжатлар тақдим этилган ойдан кейинги ойнинг 1-кунидан бошлаб амалга оширилади (ВМнинг 3.01.2008 йилдаги 2-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 9-банди).
Бўлиш ва кўпайтириш керак
Холамнинг иш стажи унчалик катта эмас – 8 йилдан ошмайди. У бетоб бўлиб қолди ва унга ногиронликни расмийлаштиришяпти.
Энг кам иш стажига эга бўлганда ногиронлик пенсияси қандай ҳисобланади?
– Ногиронлик пенсияси I ва II гуруҳ ногиронларига тўланади.
Тўлиқ бўлмаган иш стажи ҳолатида пенсия қуйидаги тарзда мавжуд стажга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқилади. Дастлаб тегишли тўлиқ пенсия аниқланади, ушбу пенсия талаб этиладиган иш стажи ойлари сонига бўлинади. Олинган сумма амалдаги иш стажи ойлари сонига кўпайтирилади (Низомнинг 130-банди, ВМнинг 252-сон қарорига 1-илова).
Бунда стаж тўлиқ бўлмаганда пенсия қуйидаги миқдорлардан кам бўлмайди:
♦ I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг ногиронлик пенсиялари – ёшга доир энг кам пенсиянинг 100%и;
♦ II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг ногиронлик пенсиялари – ёшга доир энг кам пенсиянинг 75%и (12.07.2019 йилдаги ПФ-5765-сон Фармоннинг 3-банди 2-хатбошиси).
Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахслар қуйидаги миқдорларда пенсияларига устамалар олишга ҳақли:
♦ кўриш қобилияти бўйича I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар – базавий ҳисоблаш миқдорининг 100%;
♦ I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар – базавий ҳисоблаш миқдорининг 75%и;
♦ II гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз шахслар – базавий ҳисоблаш миқдорининг 75%и (ПФ-5765-сон Фармоннинг 3-банди 3-хатбошиси).
2019 йил 1 сентябрдан бошлаб пенсия таъминоти соҳасида пенсиялар, устамалар, қўшимча ҳақ ва компенсация тўловларини ҳисоблашда, шунингдек, ходимларнинг меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки улар ўзлари меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши сабабли етказилган зарарни қоплашда энг кам иш ҳақи миқдори (ЭКИҲ) ўрнига 223 000 сўм миқдорида базавий ҳисоблаш миқдори қўлланилади (21.05.2019 йилдаги ПФ%5723-сон Фармоннинг 2-банди «в» кичик банди).
Маълумотнома билан тасдиқланади
Махсус иш стажи меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар билан тасдиқланадими ёки уни иш жойидан олинган маълумотнома билан тасдиқлаш лозимми?
– Ходимларнинг айрим тоифалари учун белгиланган имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини тасдиқлаш учун (масалан, ишларнинг қизғин участкаларида ёки қизғин ишларда бандлик тўғрисида, муайян моддалар ёки хавфлиликнинг муайян даражаларига кирадиган зарарли моддалар билан ишлаш тўғрисида, ерости ишларида бандлик тўғрисида, ишларни муайян усулда бажарганлик тўғрисида, муайян жойда ишларни бажарганлик тўғрисида ва шу кабилар) ёки махсус стажни тасдиқлаш мақсадида иловага мувофиқ шакл бўйича (ташкилотнинг СТИРини кўрсатган ҳолда) аниқлаштирувчи маълумотномалари қабул қилинади (Низомнинг 70-банди, ВМнинг 252-сон қарорига 1-илова; Низомга 11-илова).
Маълумот учун!
КОРХОНАЛАР ва ташкилотлар пенсия учун (пенсия қайта ҳисобланиши учун) ҳужжатларни ўз вақтида тақдим этмаслик ёки ишончсиз маълумотлари бўлган ҳужжатларни тақдим этиш оқибатида пенсионерга етказилган ЗАРАР УЧУН унинг олдида қонун ҳужжатларида белгиланганидек ЖАВОБГАР БЎЛАДИЛАР.
Қонун бўйича ҳисобланади
Ёшга доир пенсияга чиққунига қадар охирги 10 йил учун (ундан 5 йили олинди) ходиманинг ўртача ойлик иш ҳақи коэффициентларни ҳисобга олган ҳолда 3,5 млн сўмни ташкил этди. Стажи 30 йилдан иборат.
Ушбу ўртача ойлик иш ҳақи пенсияни ҳисоблаш учун базавий миқдор бўладими ёки пенсия ҳақиқий иш ҳақи бўйича эмас, энг кам иш ҳақининг 10 бараварига миқдорида ҳисобланадими?
– 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб иш ҳақининг энг кам миқдори ўрнига пенсия таъминоти соҳасида пенсиялар, устамалар, қўшимча ҳақ ва компенсация тўловларини ҳисоблашда қўлланиладиган базавий ҳисоблаш миқдори киритилди (21.05.2019 йилдаги ПФ-5723-сон Фармоннинг 1-банди).
Тегишинча, пенсионернинг ўртача ойлик иш ҳақи базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробаридан ортиқни ташкил этса, пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари олинади (Қонуннинг 31-моддаси 6-қисми).
Бу иш рўйхатга киритилмаган
Меҳмонхонада 12 йил ошпаз бўлиб ишладим. 2018 йил сентябрда ишдан бўшадим. 52 ёшдаман. Қизғин иш жойларида 10 йил ишланган бўлса, белгиланган пенсия ёшидан аввалроқ пенсияга чиқса бўлади деб эшитгандим.
Шу тўғрими?
– Афсуски, нотўғри. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатларга мувофиқ зарарли ва оғир меҳнат шароитларида ишлаган айрим тоифадаги фуқаролар имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқига эгалар (ВМнинг 12.05.1994 йилдаги 250-сон қарори).
Мазкур рўйхатда ошпаз касби қайд этилмаган.
Бунда қонун ҳужжатларида қуйидаги бошқа имтиёзлар назарда тутилган:
а) «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 37-моддаси «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган камида 20 йиллик иш стажи бўлган аёллар 54 ёшга тўлганда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар (Қонуннинг 12-1-моддаси);
б) технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ва ишсиз деб эътироф этилган аёллар 53 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар (Қонуннинг 14-моддаси).
Зафаржон Хўжаев, «Norma» МЧЖ эксперти.
Телефон орқали савол
Бюджет соҳасида ишлайдиган оналарга бола парвариши бўйича нафақа Пенсия жамғармаси бўлими ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари орқали тўланадими?
– Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ишонч телефонли бўйича жавоб беришларича, бола парвариши бўйича нафақани олиш учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мурожаат қилиш лозим (ВМнинг 15.02.2013 йилги 44-сон қарори билан тасдиқланган Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг 12-банди).
Буни билган маъқул
Уруш ногиронларига тенглаштирилади
1941–1945 йиллардаги уруш ва бошқа урушлар даврида ҳаракатдаги армия таркибидаги ҳарбий қисмлар, штаблар ва муассасаларда хизматни ўтаганда, шунингдек Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилишда яраланиш, контузия олиш, майибланиш ёки касалланиш натижасида ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчилар умумий белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирган ҳолда имтиёзли пенсия, шунингдек пенсияларга устама ҳақлар олиш ҳуқуқига эга бўлган уруш ногиронлари ҳисобланади.
Ногирон бўлиб қолган қуйидаги шахслар фуқароларнинг бу тоифасига тенглаштирилади:
♦ собиқ СССР ва Ўзбекистон Республикаси чегараларини қўриқлаш пайтидага ҳарбий хизматчилар;
♦ 1941 йилнинг 22 июнидан 1954 йилнинг 31 декабригача собиқ СССР ҳудудида ҳаракат қилган ҳамда қирувчи батальонлар, взводлар ва халқни ҳимоя қилувчи отрядларда хизмат қилган даврдаги шахслар;
♦ темир йўлларнинг фронт яқинидаги участкаларида ишлаган, мудофаа иншоотлари, ҳарбий-денгиз базалари, аэродромлар ва бошқа ҳарбий объектлар қурилиши ишларида қатнашган ҳамда 1941–1945 йиллардаги уруш даврида уруш бўлаётган жойлардаги ходимлар;
♦ 1941–1945 йиллардаги уруш даврида партизан отрядлари ва қўшилмалари таркибида ёки яширин ишларда бўлган даврдаги шахслар;
♦ ҳаракатдаги армия таркибидаги ишларда ёлланган таркибдаги шахслар;
♦ 1941–1945 йиллардаги уруш даврида фашист концлагерларида (гетто ва зўрлик билан тутиб туриладиган бошқа жойларда) бўлган даврдаги тутқунлар (шу жумладан, болалар);
♦ тинчлик ўрнатувчи кучлар таркибида қатнашиш, шунингдек ҳарбий ҳаракатлар кетаётган мамлакатларда байналмилал бурчларини адо этган ҳарбий хизматчилар, ички ишлар органлари ва давлат хавфсизлик хизматининг бошлиқлар ва оддий ходимлар таркибидан бўлган шахслар;
♦ хизмат вазифаларини бажариш пайтидаги ҳарбий хизматчилар, ички ишлар органлари ва давлат хавфсизлик хизматининг бошлиқлар ва оддий ходимлар таркибидан бўлган шахслар;
♦ ўқув машғулотлари ёки текшириш учун йиғинларга чақирилган ва шу йиғинларда ўз хизмат бурчларини бажарган ҳарбий мажбуриятли шахслар.
Хорижий хабарлар
Пенсияга жамғариб бориш – ихтиёрий
РФ Молия вазирлиги якка тартибдаги пенсия капитали (ЯПК) ўрнига жамғариб бориладиган пенсия тизими тўғрисидаги янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Янги тизим ихтиёрий бўлиб, бизнес учун солиқ имтиёзларини, фуқаролар учун эса солиқ чегирмаларини назарда тутади.
Янги қонун лойиҳасининг қоралама ишчи номи «Кафолатланган пенсия маҳсулоти тўғрисида» деб аталади. Қонун лойиҳаси келишиш учун Россия Меҳнат вазирлигига юборилган.
Яқинда уни профессионал ва экспертлар ҳамжамияти билан биргаликда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш учун тақдим этишмоқчи, шундан кейин қонун лойиҳаси ҳукуматга киритилади.
Лойиҳанинг асосий элементлари қаторида – фуқароларнинг жамғарма тизимига ихтиёрий тарзда қўшилиши, фуқаролар узоқ муддатли пенсия жамғармаларининг давлат томонидан кафолатли сақланиши, фуқаролар жамғарма счётларининг марказий администратор томонидан рўйхатга олишини, бизнес учун солиқ имтиёзлари, фуқаролар учун солиқ чегирмаларини белгилаш бор.
«Янги тизим доирасида фуқароларда мажбурий пенсия суғуртаси тизимида мавжуд бўлган жамғармаларини кафолатланган пенсия маҳсулотига бирлаштириш имконияти юзага келади. Мазкур қонун лойиҳасидан кўзланган асосий мақсад – фуқаролар ихтиёрий пенсия жамғармаларининг кафолатланган сақлаш давлат тизимини яратиш, бундай жамғармаларни мустақил шакллантиришда ҳам ишчи-ходимлар учун, ҳам корпоратив пенсия дастурларини ривожлантириш учун рағбатлантириш омилларини яратиш ҳисобланади» деб тушунтириш беришди Молия вазирлигида.
Илк бор 2014 йилда жорий этилган мажбурий пенсия суғуртаси тизимидаги пенсия жамғармаларининг 2016 йилдаги навбатдаги «музлатилиши»дан кейин РФ МВ ва МБ ЯПКни ишлаб чиқишга киришди.
Ўшанда эски жамғарма тизими қайта тузилиб, унинг тўлиқ ЯПК дастурига ўтиши назарда тутилган эди. Шу даврлар мобайнида янги тизим тўғрисидаги қонун лойиҳаси устида ишлар олиб борилди. Лекин регулятор ва вазирликларнинг қарашларидаги тафовутлар, шунингдек, пенсия ёшига доир қизғин мунозаралар сабабли мазкур лойиҳа жамоатчилик муҳокамасигача етиб бора олмади. 2018 йилнинг кузида Россияда пенсия ёшини босқичма-босқич – аёллар учун 60 ёшгача, эркаклар учун 65 ёшгача кўтаришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Оммага эълон қилинган ЯПК концепцияси янги пенсия жамғармаларини фуқаронинг ўзи шакллантиришини назарда тутар эди. Тизимга жалб этилган биринчи йилда бадаллар олинмаслиги, кейин тариф маошнинг 1% даражасида, яна бир йилдан сўнг 2% ва шу тариқа 6%гача кўтарилиши мўлжалланган. Шу билан бирга ЯПКга тўланадиган бадалларни ЖШДС солишдан озод этиш режалаштирилган эди.
РФ Марказий банки ва Молия вазирлиги айрим қоидалари ЯПК тўғрисидаги қонун лойиҳасига асосланадиган янги концепцияни яқин вақт оралиғида тақдим этишни ваъда қилган.
Манба: Interfax.ru
Маълумот учун!
Ўзбекистон Республикасида ишламаган бошқа мамлакатлардан КЎЧИБ КЕЛГАН ФУҚАРОЛАРГА ПЕНСИЯЛАР Ўзбекистонда тегишли касб ва малака ходимининг ўртача иш ҳақидан келиб чиқиб ҲИСОБЛАНАДИ.
Мавзувий сонни Алла Ромашко олиб боради.