Сенатнинг ялпи мажлисида «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири маъқулланди.
Қонунда банк фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш, банк фаолиятининг ўзига хос таваккалчиликларини назорат қилиш, шу жумладан таваккалчиликларни бошқаришга доир талаблар белгиланган. Шунингдек, банк устав капиталининг энг кам миқдори белгиланди – 100 млрд сўм.
Банкни ташкил этиш, банкларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун дастлабки рухсат бериш ва банк фаолиятига лицензиялар бериш, инвесторлар томонидан банк акцияларини МБ розилигисиз харид қилиш тартиби такомиллаштирилмоқда. Банклараро операциялар, мижозлар билан муносабатлар, кредитлар, депозитлар бўйича фоиз ставкалари, кредитлар қайтарилишини таъминлаш тартибга солинмоқда. Молиявий муассасалар томонидан тегишли хизматлар кўрсатиш, ахборот тақдим этиш, мурожаатларни кўриб чиқиш ва монополияга қарши қоидаларга банклар риоя этишини назорат қилиш орқали банк хизматларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш амалга оширилади.
Қонун билан пруденциал назорат механизми жорий этилмоқда. У тегишли нормативлар, банкларнинг молиявий ҳолатини тиклаш режаси, ўзаро боғлиқ шахслар билан битимлар тузишни тартибга солиш, банкларга нисбатан таъсирчан чоралар кўриш учун вақтинчалик бошқарувини тайинлаш, банк таваккалчиликлари пайдо бўлганда уларни эрта аниқлаш ва банк фаолиятининг барқарорлигини таъминлашни ўз ичига олади.
Банкларда ҳисоб, ҳисобдорлик ва аудиторлик текшируви тўғрисидаги нормалар киритилмоқда, у бухгалтерия ҳисоби юритишни, молиявий муассасалар ҳисобдорлигини, банк операцияларига доир ҳужжатларни сақлашни, банкларнинг аудиторлик текширувини ва аудиторлик текширувини амалга оширувчи тегишли ташкилотга қўйилган талабларни ўз ичига олади.
norma.uz