1 апрелдан бошлаб ҳайдовчилик гувоҳномасини ҳайдовчининг прописка қилинган ҳудудидан қатъи назар, бутун Ўзбекистон бўйлаб Давлат хизматлари марказларида олиш мумкин. Мазкур марказлар тегишли асбоб-ускуналар билан жиҳозланган.
Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар беради. Мазкур чора-тадбирлар Президентнинг «Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида»ги қарори (15.02.2019 йилдаги ПҚ–4193-сон) асосида амалга оширилди.
Эндиликда жисмоний ва юридик шахслар кўпгина хизматларни, шу жумладан, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштиришни экстерриториал тамойил асосида олишлари мумкин.
Маълумот учун! Пойтахтда 11 марказдан 7 таси ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш учун зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозланган.
Ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш нархи ЭКИҲнинг 70 фоизини ташкил этади. Давлат хизматлари марказларининг иш тартиби душанбадан жумагача соат 9.00 дан соат 18.00 гача, тушликсиз йўлга қўйилган. Шанба ва якшанба – дам олиш кунлари.
ИИББда таъкидлаб ўтилганидек, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштиришга талабнома бериш учун Давлат хизматлари марказларига келиш шарт эмас.
Ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштиришга ҳужжатларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали онлайн тарзда бериш ҳам мумкин.
«АвтоНорма» бўлимини Алла Ромашко олиб боради.