ВМнинг 25.05.2006 йилдаги 95-сон қарори билан тасдиқланган Низомда дон ва дон маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш, ички ташиш, қайта ишлаш ва сотишнинг дастлабки ҳисобини юритиш ва ҳужжатлар билан расмийлаштириш тартиби белгиланган.
Ушбу Низом санаб ўтилган учта фаолият туридан лоақал биттасини амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектларга татбиқ этиладими ёки бир вақтнинг ўзида учала фаолият турининг барчасини амалга оширувчиларгами? Ёки давлат учун дон харид қилувчи корхоналаргагина нисбатанми?
– Низомнинг амал қилиши давлат эҳтиёжлари учун дон харид қилиш, уларни сақлаш, қайта ишлаш ҳамда дон ва дон маҳсулотларини сотиш фаолиятини амалга оширувчи, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, барча хўжалик юритувчи субъектларга татбиқ этилади. Бундай корхоналар сирасига дон тайёрлаш корхоналари, элеваторлар, тегирмонлар, ёрма, омухта ем ва уруғни қайта ишлаш корхоналари ва бошқа корхоналар киради (ВМнинг 25.05.2006 йилдаги 95-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 1-банди).
Кўриб чиқилаётган вазиятда юқорида кўрсатилган фаолиятнинг битта, бир нечта ёки барча турларини амалга оширувчи корхоналар Низом талабларига риоя этишлари шарт.
Александр Лобанов, «Norma» МЧЖ эксперти.