Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2019 год / № 16 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

 

Қайси объект тугалланмаган деб ҳисобланади

 

ЎРҚ–533-сон Қонун билан Шаҳарсозлик кодексида қурилиш объектини тугалланмаган дея эътироф этиш учун муддатни ҳисоблаб чиқаришнинг янги тартиби белгиланди.

 

Бу нима сабабдан муҳим?

Тугалланмаган қурилиш объектларининг хусусий мулкдорларига қуйидаги таъсир чоралари қўлланилади:

♦ юридик шахслар соддалаштирилган тартибдан солиқ солишнинг умумбелгиланган тартибига ўтказилади;

♦ солиқ имтиёзлари ва преференциялар амал қилиши тўхтатилиб, ушбу объектлар бўйича мол-мулк солиғи ва ер солиғи 2 карра миқдорда, 6 ой ўтгандан сўнг – 5 карра, 12 ой ўтгандан сўнг ва кейинчалик – 10 карра миқдорда тўланади.

Ушбу тартиб Солиқ кодексининг 269, 2691, 283, 348-моддаларида ҳамда Президентнинг 4.09.2018 йилдаги «Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–3928-сон қарорида белгиланган.

Шу сабабли «тугалланмаган қурилиш объекти» атамаси нимани англатиши жиддий аҳамиятга эга.

 

Нега тузатиш киритиш талаб этилди?

Солиқ кодексининг 266-моддасида тугалланмаган қурилиш объектлари жумласига нималар кириши кўрсатилган. Улар жумласига:

♦ ушбу қурилиш объектига доир лойиҳа-смета ҳужжатларида белгиланган норматив муддатда қурилиши тугалланмаган объектлар;

♦ агар қурилишнинг норматив муддати белгиланмаган бўлса, – ушбу объектларнинг қурилишига ваколатли органнинг рухсати олинган ойдан эътиборан 24 ой ичида қурилиши тугалланмаган объектлар киради.

Норматив муддат қанчалиги аниқ бўлса, ушбу норманинг иккинчи қисми тузатиш киритишни талаб этади. Гап шундаки, 2019 йил 1 мартдан қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун рухсатнома олиш бекор қилиниб, унинг ўрнига уларнинг бошланиши ҳақида хабардор қилиш механизми жорий этилди (5.02.2018 йилдаги ПҚ–4160-сон қарор).

 

Қандай ҳисоблайлик?

Шаҳарсозлик кодексида ҳисоблашнинг янги муддати белгиланган, норматив муддат лойиҳа-смета ҳужжатларида мавжуд бўлмаганда – қурилиш бошланган сана. Ушбу санадан эътиборан икки йил ичида тугалланмаса, объектнинг қурилиши тугалланмаган деб ҳисобланади.

Буюртмачи қурилиш бошланадиган муддат тўғрисида ваколатли органларга ахборот тақдим этиши шартлиги Шаҳарсозлик кодексининг 54-моддасида назарда тутилган. 5.02.2018 йилдаги ПҚ–4160-сон қарорнинг моҳиятига кўра, ушбу ахборот хабарнома шаклига эга бўлиши керак. Демак, икки йиллик муддат (норматив муддат мавжуд бўлмаганда) бундай хабарнома берилган пайтдан бошлаб ҳисобланади.

Ушбу қоида якка тартибдаги уйларни қуриш учун берилган ер участкаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

 

Яна нималар қилиш лозим?

Биринчидан, атамалар бир хил талқин қилиниши учун Солиқ кодексини Шаҳарсозлик кодексига мувофиқлаштириш, унда қурилиш бошланган санадан эътиборан (норматив муддат мавжуд бўлмаганда, таҳр.) белгиланган муддат ўтгач, объектнинг қурилиши тугалланмаган деб ҳисобланишини қайд этиш зарур.

Иккинчидан, Шаҳарсозлик кодексининг 54-моддасига қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун рухсатнома олишни бекор қилиш ва уларнинг бошланиши ҳақида хабардор қилиш механизмини жорий этишни назарда тутувчи тузатишлар киритиш талаб этилади. Энг асосийси, солиқ оқибатлари нуқтаи назаридан бундай хабарнома бериш тартибини белгилаш зарур.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) 5.04.2019 йилда расман ­эълон қилинган, ўзгартиришлар 6.07.2019 йилдан кучга киради.

 

 

 

Кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш янада осонлашади

 

Президентнинг 5.04.2019 йилдаги ПҚ–4270-сон қарори билан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизими янада такомиллашадиган бўлди.

 

Эслатиб ўтамиз, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибига яқинда ўзгартиришлар киритилган эди (ВМнинг 29.12.2018 йилдаги 1060-сон қарорига 1-илова). Бироқ ушбу давлат хизматининг сифати, тезкорлиги ва шаффофлигини оширган ҳолда тизимни ислоҳ қилишни давом эттиришга қарор қилинди. Шу муносабат билан қабул қилинган ҳужжатда бир қатор чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш назарда тутилган.

 

Биринчидан, «ягона дарча» тамойили асосида Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан кўчирмалар берилади:

♦ давлат нотариал идоралари томонидан – улар кўчмас мулкка оид битимларни тасдиқлаганда, кўчмас мулкнинг бир қисмига бўлган ҳуқуқлар вужудга келган, бошқа шахсга ўтган, чекланган (юкланган) ва бекор бўлган ҳоллар бундан мустасно;

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан – кўчмас мулк (давлат активлари қисмида) «E-Ijro Auksion»да сотилганда;

♦ риэлторлик ташкилотлари томонидан – нотурар кўчмас мулк бўйича риэлторлик хизматларини кўрсатганда;

♦ 2017–2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурида (21.10.2016 йилдаги ПҚ–2639-сон қарор билан тасдиқланган) иштирок этаётган тижорат банклари томонидан – қурилиши тугалланган уй-жойни расмийлаштиришда.

Иккинчидан, Давлат активларини бошқариш агентлиги, риэлторлик ташкилотлари ва тижорат банкларининг маълумотлари асосида мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида ариза талаб этилмайди.

Учинчидан, қуйидаги тартиб бекор қилинади:

♦ кўчмас мулкни бегоналаштиришда давлат нотариал идорасига Реестрга уланиш имкониятини берган ҳолда, унга бино ва иншоотларнинг таркиби ва тегишлилиги тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиш;

♦ давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан кўчмас мулк эгаларидан давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатга рўйхатдан ўтказувчи органнинг ёзуви (штампи) қўйилишини талаб қилиш.

Тўртинчидан, 2020 йил 1 январдан бошлаб:

нотариал ҳаракатлар асосида вужудга келадиган Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жойлашган кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар ҳақидаги маълумотлар Реестрга фақат давлат нотариал идорасининг талабномасига асосан (кўчмас мулкка оид битим тасдиқлангунга қадар) электрон шаклдаги кадастр паспорти тайёрланганидан кейин нотариуслар томонидан АКТдан фойдаланган ҳолда ҳуқуқ эгасини ўзгартириш шаклида киритилади ва бир вақтнинг ўзида Реестрдан кўчирма берилади. Пойтахтда ушбу тартиб 2019 йил 1 сентябрдан амал қила бошлайди;

♦ уй-жойга мулк ҳуқуқини ҳамда қонун асосидаги ипотекани давлат рўйхатидан ўтказиш учун уй-жойни фойдаланишга қабул қилиб олиш далолатномаси ва бошқа зарур ҳужжатлар тижорат банклари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг тегишли туман (шаҳар) филиалларига АКТдан фойдаланган ҳолда юборилади;

♦ кўчмас мулк объектини «E-Ijro Auksion» орқали сотиш (давлат активлари қисмида) ва риэлторлик хизматлари кўрсатиш натижасида вужудга келадиган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур бўлган маълумотлар тегишлича Давлат активларини бошқариш агентлиги ва риэлторлик ташкилотлари томонидан давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органларга АКТдан фойдаланган ҳолда юборилади;

♦ кўчмас мулкнинг янги эгалари тўғрисидаги маълумотлар уларга бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин тегишлича давлат нотариал идоралари ва давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органлар томонидан коммунал хизматларнинг ахборот тизимларига автоматик тарзда юборилади. Бунда коммунал хизматлар кўчмас мулкнинг янги эгаларидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли эмас;

♦ қурилган уй-жойга мулк ҳуқуқини ҳамда қонун асосидаги ипотекани Ергеодезкадастрдавқўм органларида давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш, шунингдек банкка рўйхатдан ўтказилган уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи тўғрисидаги ҳужжат нусхасини ва қонун асосидаги ипотека давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги штамп қўйилган кредит шартномасини тақдим этиш бўйича қарз олувчининг мажбуриятлари бекор қилинади;

♦ тажриба-синов тариқасида Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси институти жорий этилади, у шартнома асосида кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказади (бирламчи кадастр ҳисоби бундан мустасно), уларнинг қаватма-қават режаларини тузади, техник режаларини расмийлаштиради, шунингдек уларни техник ҳисобга қўяди. Геодезия ва ер кадастри бўйича олий маълумотга эга ёки кадастр муносабатлари соҳасида касбий қайта тайёргарлик дастури бўйича таълим олган, шунингдек тегишли малака комиссияларининг қарорлари асосида Ергеодезкадастрдавқўмнинг малака шаҳодатномасини олган шахс кадастр муҳандиси бўлиши мумкин. Малака шаҳодатномасини олиш учун шахс геодезия ва ер кадастри бўйича камида 1 йил иш стажига эга бўлиши ва малака имтиҳонини топшириши шарт. Кадастр муҳандиси фаолияти билан шуғулланувчи шахс риэлторлик ташкилотлари билан меҳнат шартномасини тузади.

Ваколатли вазирлик ва идораларга санаб ўтилган чора-тадбирлар тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширилиши учун зарур бўлган ташкилий вазифалар топширилди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 6.04.2019 йилдан кучга кирди.

 

 

 

Хусусий корхоналар масаласи яна кўтарилди

 

Президентнинг 5.04.2019 йилдаги Ф–5464-сон фармойиши билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари белгиланди. Давлатимиз раҳбари бир йил муддатда янги таҳрирдаги Фуқаролик кодексини ишлаб чиқиш ва уни 1.04.2020 йилгача Ҳукуматга киритишни топширди. Юридик шахсларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклларини мақбуллаштириш, корпоратив бошқарув самарадорлигини ошириш, Фуқаролик кодексига шартномаларнинг янги турларини киритиш ва ҳ.к. режалаштирилмоқда.

 

Фуқаролик кодекси – иқтисодий муносабатларни тартибга солувчи асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжат. Амалдаги таҳрири 23 йил аввал (1995–1996 йилларда) қабул қилинган ва кўп жиҳатдан замонавий талаблардан ортда қолган.

Бажариладиган ишларнинг асосий йўналишлари Фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш концепциясида белгиланди.

Масалан, давлат-хусусий шериклик шартномаси, дилерлик шартномасини ҳуқуқий тартибга солишдаги, шунингдек улушли қурилиш, кластер ишлаб чиқариш, электрон тижорат, крипто-валюта айланмаси, ер участкаларини хусусийлаштириш ва уларга бўлган мулк ҳуқуқи масалаларидаги камчиликларни бартараф этиш режалаштирилмоқда.

Корпоратив муносабатларга алоҳида эътибор берилади. Юридик шахс директорининг фидуциар мажбуриятлари институти жорий этилади. Бошқача айтганда, бу – компания раҳбариятининг муассислар (акциядорлар) манфаатларига содиқлиги, унинг виждонан ишлаши, шунингдек мазкур нормаларни бузганлик учун жавобгарлиги тўғрисидаги қоидалар. Назарияда директорнинг фидуциар мажбуриятлари дастак сифатида хизмат қилади, акциялари улуши кам бўлган акциядорлар унинг ёрдамида компания раҳбарларининг фидуциар мажбуриятларга зид хатти-ҳаракатлари ва қарорлари устидан судга даъво аризаси бериш йўли билан уларнинг ишини кузата оладилар.

Бундан ташқари, хусусий ва унитар корхоналар масаласи кўтарилди. Ушбу ташкилий-ҳуқуқий шаклларда фақат битта мулкдор (муассис) бўлиши назарда тутилганлиги сабабли улар инвестицияларни жалб эта олмасликлари қайд этилди. Бундан ташқари, хусусий ва унитар корхоналар кўп жиҳатдан ўзаро ўхшаш бўлиб, бошқа шакллардан олинган қоидалар асосида фаолият юритади. Юридик шахсларнинг бир-бирига ўхшаш ва бозор муносабатларида кенг тарқалмаган турларини бекор қилиш таклиф этилди.

 

Эслатиб ўтамиз, солиқ ислоҳоти доирасида хусусий корхоналарни сақлаб қолишнинг мақсадга мувофиқлиги муҳокама қилинган эди. Хусусий ва оилавий корхоналар, шунингдек фермер хўжаликлари учун дивидендлар бўйича солиқ имтиёзини бекор қилиш режалаштирилган эди (Солиқ кодексининг 22-моддаси). Бироқ 2018 йил декабрда Парламент бундай қилишдан бош тортди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 6.04.2019 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов, Самир Латипов, «Norma» МЧЖ экспертлари.

Прочитано: 698 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика