Маст ҳолда келган ходимни ишдан четлаштириш тартиб-таомили нима учун керак? Ходим мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши зарурми? Тиббий хулосадан ташқари яна қандай ҳужжатлар ишдан четлаштириш учун асос бўла олади? Бу саволларга жавоблар – шарҳимизда.
Алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсиридан мастлик ҳолатида ишга келган ходимни ишдан четлашлаштириш – жуда муҳим тартиб-таомил. У бундай ходимнинг иш жойида бўлиши оқибатида юз бериши мумкин бўлган нохуш вазиятлар: масалан, ишлаб чиқаришда шикастланиш, маст ҳолдаги ходимни автомобиль ёки бошқа транспорт воситаларини бошқаришга қўйиш оқибатида унинг ҳалок бўлиши ва бошқаларнинг олдини олишга имкон беради. Бундай вазиятлар юз берганда, уни ишдан четлаштирмаган ташкилотнинг мансабдор шахслари маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Меҳнат кодексининг 113-моддасида «ишдан четлаштириш» ва «ишга қўймаслик» сингари тушунчалар қўлланилади. Улар мазмунан нимаси билан фарқ қилади? Фараз қилайлик, ходимда мастлик ҳолати аломатлари иш куни (сменаси) бошлангунига қадар, масалан, корхонага кириш жойида сезилган бўлса, иш берувчи уни меҳнат вазифасини бажаришига йўл қўймаслиги керак. Ходим иш куни (сменаси) давомида маст ҳолатда эканлиги аниқланган бўлса, у ишдан четлаштирилиши лозим. Кейинги ўринларда баён этиш қулай бўлиши учун «четлаштириш» атамасидан фойдаланамиз.
Яна бир аниқлаштириш. «Мастлик ҳолатида ишга келган» тушунчаси остида ходим маст ҳолатда нафақат иш жойида ёки иш берувчи-ташкилот ҳудудида, балки меҳнат вазифаларини бажариши лозим бўлган бошқа жойларда ҳам бўлиши тушунилади. Масалан, олис иш объектида; иш берувчининг топшириғи билан юборилган бошқа ташкилотда; хизмат сафарида ва бошқаларда бўлиши.
Ишдан четлаштиришнинг меҳнат шартномасини бекор қилишдан асосий фарқи шундаки, ишдан четлаштирилганда ходимнинг меҳнат фаолиятини бекор қилинмайди, балки вақтинча тўхтатиб турилади.
Эътибор беринг!
Ходимнинг маст ҳолатда ишга келганлиги сабабли ишдан четлаштирилиши фақат 1 кунга (сменага) расмийлаштирилади. Кейинги куни ходим яна маст ҳолда ишга келса, ишдан четлаштириш тартиб-таомилини такроран ўтказишга тўғри келади.
Ишдан четлаштирилгунга қадар ишланган вақтга иш берувчи умумий асосларда ҳақ тўлаши лозим. Ходим ишдан четлаштирилган кун у ишга келганлиги сабабли узрли сабабларсиз прогул қилиш деб баҳоланмаслиги керак.
Меҳнат кодексида ишдан четлаштириш механизми аниқ баён этилмаган, бунинг учун қайси ҳужжатлар асос бўлиши, қайси ҳужжатлар билан расмийлаштирилиши кўрсатилмаган. Ишдан четлаштириш қонуний бўлиши ва ходим баҳслашиши учун имконият бўлмаслиги учун мазкур тартиб-таомилни тўғри расмийлаштириш муҳимдир.
Тасдиқловчи ҳужжатларни тўплаймиз ва расмийлаштирамиз
МКнинг 113-моддасида ишдан четлаштириш мажбурий тартибда ёзма шаклда расмийлаштирилиши назарда тутилмаган. Бироқ келгусида ходим билан низолар ва зиддиятлар бўлмаслиги учун иш берувчининг ҳаракатларини ҳужжатлаштириш тавсия этилади. Асосан, бу ходимнинг ишга маст ҳолатда келиши далилига дахлдордир – бу ҳолат қайд этилиши ва тасдиқланиши лозим.
Алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсиридан мастлик ҳолати тиббий хулоса ва бошқа далиллар билан тасдиқланиши мумкин, улар низолар юзага келганда суд томонидан баҳоланади (17.04.1998 йилдаги ОСПнинг 12-сон қарори 38-банди 2-хатбошиси).
Фикримизча, бевосита бошлиқнинг рапорти, ҳамкасбларида мастлик аломатларини кўрган ходимларнинг тилхатлари ва бошқалар шундай далиллар бўлиши мумкин. Гувоҳларнинг оғзаки кўрсатмалари билан чекланманг: улар ўзгариши, ёддан кўтарилиши мумкин.
Ходимнинг маст ҳолатда эканлиги далолатномада қайд этилиши мумкин. Уни тузишда ва имзолашда гувоҳлар иштирок этади. Далолатномани тузиш, айнан ким тузиши лозимлигига оид қатъий талаблар мавжуд эмас. Бу ходимнинг бевосита раҳбари ёки кадрлар бўлими ходими бўлиши мумкин. Далолатномада қуйидагилар акс эттирилади:
♦ тузилган санаси, жойи ва аниқ вақти;
♦ тузувчининг ва иштирокчиларнинг Ф.И.О. ва лавозимлари (касблари);
♦ ходим маст ҳолатда топилган вақт, шунингдек далолатнома тузишда унинг иштирок этиши тўғрисида кўрсатма;
♦ маст ҳолатда эканлиги тўғрисида хулоса чиқарилишига сабаб бўлган ходимнинг ҳолати (ундан алкоголли ичимликнинг ҳиди келиши, ҳаракат мувозанатининг бузилиши, нутқнинг равон эмаслиги, тери рангининг ўзгариши, қўлларининг қалтираши ва ҳ.к.).
Далолатнома тузувчи ва бунда иштирок этганлар томонидан имзоланади.
Айбдор ҳужжат билан танишиб, имзо чекишини талаб қилинг. Имзолашдан бош тортган тақдирда, буни далолатномада кўрсатинг. Ходимнинг мастлик ҳолати тузилган далолатнома билан танишиб чиқолмайдиган даражада бўлса, бу ҳақда ҳужжатда қайд этинг.
Ходимдан ишга маст ҳолатда келганининг сабабини ёзма тушунтириш хатида баён этишини талаб қилинг. Иш берувчи айбдор ходимни интизомий жазодан тортиб меҳнат шартномасини бекор қилишгача бормоқчи бўлганда бу тушунтириш асқатади (МКнинг 181-моддаси, 182-моддаси 2-қисми). Бунинг устига бир-бирига боғланмаган шакллар, аниқ ёзилмаган ҳуснихат, аниқ баён этилмаган фикрлар ходим маст эканлигини тасдиқлайдиган қўшимча далиллар бўлади. Тушунтириш хатини ёзиш ёки буни амалга ошириш ҳолатида бўлмаса, ушбу далил бўйича камида уч киши иштирокида далолатнома тузишни тавсия этамиз.
Ходимни мажбурий тиббий кўрикдан ўтишга юборамиз
Мастлик ҳолати далилини 100%га тасдиқлаш ёки буни рад этиш учун ходимни мажбурий тиббий кўрикдан ўтишга юборамиз. Унинг натижалари бўйича бериладиган тиббий хулоса ходим ҳолатини исботловчи энг салмоқли далил бўлади. Иш берувчи тиббий кўрикдан ўтиш учун тегишли тиббий муассасага кўрикдан ўтказиладиган шахснинг Ф.И.О ва лавозими (касби) кўрсатилган ёзма йўлланмани расмийлаштириши лозим. Ходим у ерга шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар билан, иложи бўлса корхона ходимларидан тайинланган шахс кузатувида боргани маъқул.
Бироқ бунинг бир жиҳати бор. Иш берувчи ходимни тиббий кўрикдан ўтишга мажбурлай олмайди, ходим эса ундан бош тортишга ҳақлидир. Мазкур ҳолатда, албатта, тиббий кўрикдан бош тортганлик ҳақида далолатнома тузилади ва ушбу далил қайд этилади. Таъкидлаш жоизки, бундай рад этиш низо судгача етиб борган тақдирда, ходимга қарши далил бўлиши мумкин.
Бироқ тиббий хулосанинг бўлмаслиги ходимни ишдан четлатиш учун тўсиқ бўлади, деб ўйламанг. Юқорида айтиб ўтилган, лозим даражада расмийлаштирилган бошқа ҳужжатлар асосида ишдан четлаштириш мумкин.
Ходимни ишдан четлаштириш тўғрисидаги буйруқни расмийлаштирамиз
Буйруқ тиббий кўрик натижалари бўйича олинган хулоса асосида, у мавжуд бўлмаганда эса – мавжуд бошқа ҳужжатлар асосида чиқарилади. Буйруқда қуйидагилар кўрсатилади:
♦ ходимнинг Ф.И.О. ва лавозими (касби) кўрсатилган ишдан четлаштириш учун асослар;
♦ ходим ишга қўйилмаган давр (иш куни ёки смена охиригача);
♦ ходим меҳнат мажбуриятларига қайта киришган вақт.
Бундан ташқари, буйруқда бухгалтерияга ходим ишдан четлаштирилган даврда унга иш ҳақи ҳисобланмаслиги ҳақида кўрсатма берилганлиги қайд этилади (МКнинг 113-моддаси 4-қисми).
Буйруқда ходим у билан танишиб чиққанлиги ва имзолагани ҳақида қайд этилади. Ходим танишиб чиқиш ва имзолашдан бош тортган бўлса, бу ҳақда далолатнома тузинг.
Ленара Хикматова,
«Norma» МЧЖ эксперти.