Бир нечта МЧЖга эгамиз, уларнинг ҳар бири бошқа МЧЖлар муассиси ҳисобланади, жисмоний шахс бўлган муассислар ҳам бор. Капсулалар, бутилкалар, қопқоқ ва салқин ичимликлар ишлаб чиқарамиз. Келгусида маиший техника ишлаб чиқариши бўйича яна иккита МЧЖни очмоқчимиз.
Бир нечта МЧЖни қандай қилиб бирлаштиришимиз мумкинлигини айтсангиз ва бу бирлашув қандай номланади: концерн, корпорация, альянс ёки яна бошқача.
– Бир нечта МЧЖни уюшмани (иттифоқ) ташкил этиш йўли билан бирлаштирса бўлади.
Муассисларнинг қарорига биноан жамият тижорат ташкилотларининг бошқа бирлашмаларида иштирок этиш ҳуқуқига эга («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 30-моддаси).
Тижорат ташкилотлари ўзларининг тадбиркорлик фаолиятларини мувофиқлаштириш, шунингдек муштарак мулкий манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида нотижорат ташкилотлар ҳисобланувчи уюшмалар (иттифоқлар) ва ўзга бирлашмаларига бирлашишлари мумкин (ФКнинг 77-моддаси).
Уюшма – нотижорат ташкилотларининг ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан бири бўлиб, юридик шахслар ва фуқароларнинг ихтиёрий бирлашмаси ҳисобланади ва унда фуқароларнинг бошқа бирлашмаларга кириш ҳуқуқи сақланади.
Уюшма ва ўзга бирлашмаларнинг аъзолари ўз мустақилликларини ва юридик шахс ҳуқуқларини сақлаб қоладилар. Уюшма ва ўзга бирлашмалар ўз аъзоларининг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди. Уюшма ва ўзга бирлашмаларнинг аъзолари уларнинг мажбуриятлари бўйича уюшма ва ўзга бирлашмаларнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда ва тартибда субсидиар жавобгар бўладилар. Уюшма ва ўзга бирлашмаларнинг номи уларнинг асосий фаолиятини кўрсатиши, унга «уюшмаси», «иттифоқи» сўзлари ёки бирлашма турини кўрсатадиган бошқа сўз киритилган бўлиши керак.
Юридик шахслар бирлашмалари жойлашган еридан келиб чиққан ҳолда Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармаларида рўйхатдан ўтадилар (Низомнинг 2, 3-бандлари, ВМнинг 22.03.1994 йилдаги 153-сон қарори билан тасдиқланган).
Альберт Сафин, «Norma» МЧЖ эксперти.