Ходим корпоратив карточкадан ўз эҳтиёжлари учун муайян суммани сарфлади.
Корхона унинг иш ҳақидан сарфланган пул маблағларини буйруқ тартибида ундириб олишга ҳақлими?
– Ҳа, етказилган зарар миқдори ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаса ва зарар аниқланган кундан кейин бир ойлик муддат ўтмаган бўлса, бундай қилишга ҳақли.
Ходимнинг розилиги бўлиш-бўлмаслигидан қатъи назар, иш берувчига етказилган зарарни қоплаш учун, етказилган зарарнинг миқдори ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаслиги шарти билан иш ҳақидан ушлаб қолинади (МКнинг 164-моддаси 5-банди).
Қуйидаги ҳолатлардагина ходимнинг иш ҳақидан зарарни қоплаш учун суммаларни ушлаб қолиш мумкин:
♦ ходимнинг айби исботланганда;
♦ ҳақиқатан ҳам тўғридан-тўғри зарар етказилганда;
♦ ходим ноқонуний ҳаракатларни содир этганлиги белгиланганда;
♦ ушбу ғайриҳуқуқий ҳаракатлар сабабли зарар юзага келганлиги тасдиқланганда.
Бу шартларнинг барча жамликда бўлиши ва иш берувчи ходимни жавобгарликка тортиши учун уларнинг мавжудлигини исботлаб бериши лозим.
Ўртача ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаган миқдорда етказилган зарар суммаси айбдор ходимдан иш берувчининг фармойишига мувофиқ ундирилади. Фармойиш зарар етказилганлиги аниқланган кундан бошлаб 1 ой ичида чиқарилиши мумкин. Етказилган зарарнинг ходимдан ундирилиши лозим бўлган суммаси унинг ўртача ойлик иш ҳақидан ошиб кетса ёки зарар аниқланган кундан кейин бир ойлик муддат ўтган бўлса, зарар суд тартибида ундирилади (МКнинг 207-моддаси).
Альберт Сафин, «Norma» МЧЖ эксперти.