Масъулияти чекланган жамият Россия Федерациясида савдо уйини очмоқчи.
Бунинг учун қандай ҳужжатлар керак бўлади?
– Россия Федерацияси ҳудудида савдо уйини рўйхатдан ўтказиш масалалари Россия Федерацияси қонунчилиги билан тартибга солинади.
РФ ҳудудида савдо уйини масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этиш мақсадга мувофиқ кўринади.
Рўйхатдан ўтказиш учун зарур ҳужжатлар ва маълумотларнинг тахминий рўйхати:
♦ компаниянинг номи – рус ва хорижий тилдаги тўлиқ ва қисқартирилган номи;
♦ устав капитали миқдори;
♦ муассислар таркиби ва сони ҳақидаги маълумотлар, улушларнинг улар ўртасида тақсимланиши тўғрисида аниқ маълумотлар;
♦ муассис-жисмоний шахс учун – унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар: рус тилига ўгирилган, нотариус томонидан тасдиқланган паспорт нусхаси, агар мавжуд бўлса – СТИР берилганлиги тўғрисида гувоҳнома;
♦ муассис – РФ резиденти ҳисобланмайдиган юридик шахс рус тилига ўгирилган, нотариал тасдиқланган юридик шахсларнинг савдо реестридан кўчирмани тақдим этади;
♦ РФ ҳудудида юридик шахс ташкил этиш зарурати тўғрисидаги иштирокчилар йиғилишининг баённомаси;
♦ таъсис ҳужжатлари.
Янада батафсил ва долзарб ахборотни бевосита Россия Федерацияси ҳудудидаги рўйхатдан ўтказувчи органдан (солиқ инспекциясидан) олиш мумкин.
Александр Лобанов,
«Norma» МЧЖ эксперти.