Ўзбекистонда аккредитация қилинган, хўжалик фаолиятини амалга оширмайдиган хорижий ваколатхона шахсларни бош муҳандис ва лойиҳаловчи муҳандис лавозимларига ишга қабул қилиши мумкинми?
– Хорижий ташкилотлар ваколатхоналари ходимларининг лавозим мажбуриятлари хўжалик ва бошқа тижорат фаолиятини назарда тутмаслиги керак.
Хорижий тижорат ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз ваколатхоналарини Ўзбекистон ҳудудида ўз манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш мақсадида очадилар (Низомнинг 5-банди, ВМнинг 23.10.2000 йилдаги 410-сон қарорига 1-илова).
Ваколатхоналар юридик шахслар ҳисобланмайди, хўжалик ёки бошқа тижорат фаолиятини амалга оширмайдилар, хорижий авиакомпаниялар ваколатхоналари бундан мустасно (410-сон Низомнинг 7-банди).
Тегишинча, хорижий ваколатхонанинг ички локал ҳужжатларида белгиланган бош муҳандис ва лойиҳаловчи муҳандис лавозим мажбуриятлари хўжалик ёки бошқа тижорат фаолиятини амалга оширишни назарда тутса, бундай штат бирликларини очишга йўл қўйилмайди.
Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини (лойиҳани) ишлаб чиқиш лицензияланадиган фаолият тури (ОМнинг 12.05.2001 йилдаги 222-II-сон қарорига 1-илованинг 16-хатбошиси) ва хўжалик фаолияти деб ҳисобланади.
Хорижий ташкилотлар ваколатхоналари ходимларининг лавозим мажбуриятлари, масалан, Ўзбекистон бозорини ўрганиш, бўлажак харидорларни излаш, кўргазмалар, конференциялар, симпозиумларда иштирок этиш ва тижорат фаолиятига йўналтирилмаган бошқа мажбуриятларни назарда тутиши мумкин.
Альберт Сафин, «Norma» МЧЖ эксперти.