Norma.uz

Соғлиғи панд берган бўлса

 

Корхонада ходимлар тиббий кўрикдан ўтказилди. Унинг якунларига кўра кўп ходимлар, тиббий хулосага биноан, эгаллаб турган лавозимларида ишлашга яроқсиз деб топилди.

Кадрлар бўйича инспектор тиббий кўрикдан ўтмаган ходимларга нисбатан қандай ҳаракат қилиши керак?

 

Ходимларнинг меҳнатидан уларнинг соғлиғи ҳолатига тўғри келмайдиган ишларда фойдаланишга йўл қўйилмайди (МКнинг 214-моддаси 4-қисми). Бу ҳолда иш берувчи ходимга енгилроқ ишни таклиф этиши керак. Агар у бундан бош тортса, меҳнат шартномасини бекор қилиш керак. Корхонада енгилроқ иш бўлмаган ҳолда ҳам ходимни ишдан бўшатиш зарур.

1. Соғлиғи ҳолатига кўра енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан ҳоли бўлган ишга ўтказишга муҳтож ходимларни иш берувчи (тиббий кўрикдан ўтказиш якунлари бўйича ТМЭК (ногиронлар учун) ёки ВМК (қолган ходимлар учун) томонидан берилган хулоса мавжуд бўлганда) ана шундай ишларга ўтказиши шарт (МКнинг 218-моддаси).

2. Ходим унга таклиф этилган ишга ўтишдан бош тортган тақдирда, иш берувчи меҳнат шартномасини ушбу асосда бекор қилишга мажбур бўлади (МКнинг 92-моддаси 2-қисми). Тиббий хулоса мавжуд бўлганда ходимнинг ишдан бўшатилишини касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиш керак эмас (МКнинг 100-моддаси 2-банди, 101-моддаси).

3. Корхонада тўғри келадиган иш бўлмаса ҳам ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинади.

Агар тиббий хулосага кўра мазкур ишни бажариш ходимнинг соғлиғига тўғри келмаса, огоҳлантиришсиз ишдан бўшатиш чоғида унга 2 ҳафталик иш ҳақи миқдорида компенсация тўланади.

Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик ва таътиллар даврида меҳнат шартномасини ушбу асосга кўра бекор қилиб бўлмайди.

Агар тиббий хулосага кўра илгариги жойда ишлашда давом этиш ходимнинг соғлиғига тўғри келмаса, иш берувчи огоҳлантиришсиз меҳнат шартномасини бекор қилиши шарт (МКнинг ­102-моддаси 1, 3-қисмлари).

Ходим билан тузилган меҳнат шартномаси кўрсатилган асосга кўра бекор қилинганда ишдан бўшаш кунида у билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилинади ва қуйидагилар тўланади:

♦ ишлаган кунлари учун иш ҳақи (мавжуд бўлганда);

♦ барча фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун компенсация (МКнинг 151-моддаси);

♦ корхонанинг локал ҳужжатлари ва меҳнат шартномасида назарда тутилган қўшимча тўловлар;

♦ меҳнат шартномаси бекор қилиниши тўғрисидаги огоҳлантириш муддати ўрнига ходимга тўланадиган компенсация (МКнинг 102-моддаси 3-қисми);

♦ ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдордаги ишдан бўшатиш нафақаси (МКнинг 109-моддаси);

♦ иш қидириш даврида 2-ой учун ўртача ойлик иш ҳақи (МКнинг 67-моддаси 3-қисми);

♦ ходим меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб 10 календарь кун мобайнида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтса, 3-ой учун ўртача ойлик иш ҳақи (МКнинг 67-моддаси).

Муддатли меҳнат шартномаси ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқлиги сабабли бекор қилинганда муддатли меҳнат шартномасида неустойка тўлаш ва унинг миқдори тўғрисида шарт мавжуд бўлганда у тўланиши мумкин.

 

Валерия Ляндрес,

кадрлар хизмати ходими.

 

Прочитано: 1114 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика