109 та давлат фуқаролари Ўзбекистонда кўчмас мулкни харид қилганларидан кейин яшаш гувоҳномасини олишлари мумкин (Рўйхат, 5.01.2019 йилдаги ПФ-5611-сон Фармонга 6-илова).
Яшаш гувоҳномаси хорижий фуқаронинг ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг* Ўзбекистонда доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқлайди. Ҳужжат 5 йил муддатга берилади, бу муддат узайтирилиши мумкин. Уни бериш тартиби Хорижий шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси, фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ва фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси тўғрисидаги низомда (26.02.1999 йилдаги ПФ-2240-сон Фармонга 2-илова) белгиланган. Бир нечта давлат органлари хулоса берадилар, шу боис бу таомил анча вақтни олади.
Энди 109 та давлат фуқаролари учун яшаш гувоҳномасини олиш соддалаштирилади. Бунинг учун қуйидаги жойлардаги кўчмас мулкни харид қилиш керак бўлади:
♦ Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида – 400 минг АҚШ долларидан кам бўлмаган эквивалентда;
♦ Самарқанд, Бухоро, Наманган, Андижон, Фарғона ва Хоразм вилоятларида – 200 минг АҚШ долларидан кам бўлмаган эквивалентда;
♦ Қорақалпоғистон Республикаси ва республиканинг бошқа вилоятларида – 100 минг АҚШ долларидан кам бўлмаган эквивалентда.
Таъкидлаш жоизки, янги тартиб-қоидаларни амалда қўллаш учун айрим қонун ҳужжатларига тузатишлар киритиш зарур бўлади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 6.01.2019 йилдан кучга кирди.
Самир Латипов,
«Norma» МЧЖ эксперти.
*«Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида»ги Қонун кучга киргандан кейин мамлакатимизга келган ва бирон-бир давлат фуқаролигига мансублигининг исботига эга бўлмаган шахслар. Улар учун ҳам яшаш гувоҳномаси шахсни тасдиқлайди.