Norma.uz

Уй-жой фонди бошқарувининг уйғониш даври

 

Узоқ вақт бир қолипда ишлаб келган уй-жой соҳаси учун 2018 йил уйғониш йили бўлди. Афсуски, кўп квартирали уйларнинг (ККУ) бошқарув тизимини ислоҳ қилиш йўлидаги қадамлар кутилган натижаларни бермади. Бу йил синов ва хатоликлар йили бўлди. Аслида ислоҳотнинг асосий йўналишлари Президентнинг 2017 йил апрелдаги Фармони ва қарорида белгиланган эди. Бошқарувга оид янгиликлар амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга (НҲҲ) зид келиб, жорий этилиши тўхтаб қоларди.

 

Ислоҳотчилар ККУ бошқарувини амалдаги уй-жой қонунчилигига мослаштириш бўйича кўп чора-тадбирларни амалга ошира олмадилар. Ўтган йили ушбу соҳани тартибга солувчи янги қонун қабул қилинмади. Йил охирлаб қолганда ўтказилган матбуот анжуманида УКХ вазирлиги «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг якуний варианти вазирликлар ва идоралар билан келишилганлигини қайд этди. У Конституциянинг асосий принципларига, шу жумладан хусусий мулк ҳуқуқи тўғрисидаги нормаларга мувофиқ келади, деб умид қиламиз.

Уйғониш жараёнининг чўзилиб кетгани ККУ бошқаруви тизимида жиддий муаммолар борлигидан дарак беради. Авваламбор аниқ шакллантирилган концепция йўқ эди, буни қандай қилиб янги усулда, самарали амалга ошириш мумкинлиги аниқ эмас эди. Барча чалкашликлар ана шундан келиб чиқди. Натижада ўтган йили уй-жой фонди бошқарувига кўп ўзгартириш киритилмади. Улкан ўзгаришларни кутган уй-жой соҳаси ходимлари, ҳатто ККУда яшовчи кўпгина мулкдорлар бошқарув тизими форматининг ўзгартирилиши умумий вазиятни ёмонлаштирмайдими, бундай ўзгартиришга ҳожат борми, деган саволларни ўртага қўйдилар.

Амалиётчиларнинг фикрича, ККУ бошқарувининг эски тизими ва амалдаги қонунчиликни буткул четга чиқариш керак эмас. Шубҳасиз, уларга тузатиш киритиш керак. Бироқ эски механизмни тубдан ўзгартирмай, муваффақиятли ишлаш мумкин. Масалан, барча даражаларда – ҳокимликлар ходимлари, бошқа кураторлардан тортиб уй-жойлар мулкдорларигача ККУ бошқаруви тўғрисидаги қонунчиликни бузганлиги учун қатъий, реал жавобгарлигини белгилаб, вазиятни яхшилаш. Кадрларни ўқитиш, уй-жой мулкдорлари, ККУни бошқариш жараёнига жалб этилган тузилмалар вакилларининг онгини ошириш зарур. ХУМШга босим ўтказмаслик, квартира соҳибларига тегишли умумий мулкни сақлаш уларнинг мажбурияти эканлигини унутиб қўювчи ҳар хил тузилмалар вакилларининг аралашувига йўл қўймаслик лозим. Уй-жой соҳасини ислоҳ қилишга доир ҳужжатларда қайд этилганидек, ҳатто ККУ бошқарувида давлат вертикали кучайтирилса ҳам, хусусий мулкнинг асосий тамойиллари – ўз билгича ва шахсий манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, фойдаланиш, тасарруф этиш ҳуқуқи дахлсиз бўлиб қолиши даркор. Акс ҳолда ислоҳотни амалга ошириш ўрнига соҳада тартибсизлик ҳукм суради, мулк оёқ ости қилинади.

Ўтган йили янгиликлар жорий этилишига ислоҳотнинг қатор талаблари амалдаги қонунчилик нормаларига номувофиқ келганигина тўсқинлик қилгани йўқ. Аслида бунга пухта ўйланмаган, шошма-шошарлик билан амалга оширилган, нопрофессионал қарорлар ва ҳаракатлар сабабчи бўлди. Натижада турар жойлар мулкдорларининг ҳуқуқ ва манфаатларига зид ишлар қилинди, бу уларнинг норозилигига олиб келди. Ислоҳотчилар ишга тизимли ёндашмадилар. Одатда, ҳамма ишга бирваракайига киришилса, тизим ўрнидан силжийди. Мавжуд тартибга қўпол аралашув барча ҳаракатларни тўхтатиб қўяди, тартибсизликни юзага келтиради. Оз-оздан қўйилган қадамлар эса, аксинча, секин-аста керакли натижага олиб келади.

Ўтган йили ККУда яшовчи мулкдорлар кўп нарсага умид қилдилар, бироқ у рўёбга чиқмади. Уй-жой соҳасида 2018 йилда амалга оширилган ислоҳот қадамлари, бошқарувга оид асосий янгиликлар ва синовларни «Норма маслаҳатчи» газетасининг «Биз яшайдиган уй» мавзувий сони материалларида бериб бордик. Бунда вазиятни жиддий таҳлил қилибгина қолмай, ислоҳотчиларга аниқ таклифлар, тавсиялар бердик.

 

Кўнгил қолдиришда ким биринчи бўлди?

Ўтган йили «Уй-жой мулкдорларининг ҳуқуқларини бузувчи янгиликлар учун» мукофоти таъсис этилганда, пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги ва ХУМШ уюшмаси даъвогарлар рўйхатида биринчи ўринни эгаллаган бўлар эди. Улар хавфли экспериментлар, пилот лойиҳаларга қўл уриб, келгусида уларни пойтахтнинг бошқа туманларида ҳам татбиқ этмоқчи бўлдилар. Чунончи, 2018 йил бошида тумандаги ККУ барча мулкдорларига 1 м2 учун 1 000–1 200 сўм миқдорида, нотурар жойлар мулкдорларига эса 1 м2 учун 2 200–2 500 сўм миқдорида бир хил бадал белгилашни тавсия этдилар. Бундай «тенглаштириш», бу тарздаги ёндашувнинг ўзи қонунчиликни қўпол бузиш, ўзбошимчалик, ХУМШ ишларига аралашишдан бошқа нарса эмас. Ушбу тавсиялар туман ҳокимлигининг «тавсияларни тавсия этиш» кириш сўзи билан туман ХУМШ уюшмасидан чиқди («Бадалларни ошириш таклиф қилинди», «Норма маслаҳатчи»нинг 6.02.2018 йилдаги 6-сони, 5.06.2018 йилдаги 23-сони).

Шундан сўнг Мирзо Улуғбек туманидаги барча ширкатларни ҳамма учун бир хил – айнан сўзма-сўз такрорланган, тайёр қарорлар қабул қилинган умумий йиғилиш баённомалари бўйича ХУМШ аъзолари умумий йиғилишларини зудлик билан ўтказишга мажбурлаш кампанияси бошланди. Яна ўша муаллифлар ККУни бошқаришга доир қарашларини амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, уй-жой соҳасини ислоҳ қилиш йўналишига қарши қўйиб, ўз ваколатларини суиистеъмол қилганлар. Нима учун бундай умумий йиғилиш баённомалари ғайриқонуний ҳисобланишини, бу тумандаги ККУ бошқарувида қандай акс этишини чуқур таҳлил қилган эдик («Қонунлар қаерда қолди?», «Норма маслаҳатчи»нинг 6.02.2018 йилдаги 6-сони, 5.06.2018 йилдаги 23-сони).

Мирзо Улуғбек тумани ХУМШ уюшмаси ва ҳокимлиги кўп квартирали уй-жой фонди бошқарувига бошқа янгиликларни киритиб, келгусида уларни кенг татбиқ этиш ташаббуси билан чиқди, бироқ уй-жой соҳаси ходимлари ва уй-жойлар мулкдорлари уларни ҳам қўллаб-қувватламадилар. Булар марказлаштирилган бухгалтерия ва «Obod uy» яшовчининг электрон картаси» (www.oboduy.uz) фойдаланиш харажатлари учун ҳақ тўланишини ҳисобга олувчи интеграцияланган тизими эди. Моҳиятан олганда, ушбу иккала пилот лойиҳага тугал ишлов берилганда, улар қонунчиликка зид келмаганда, ислоҳотнинг самарали таркибий қисмига айланган бўларди.

Мирзо Улуғбек туманининг тўртта даҳасидаги ХУМШда эксперимент тариқасида синовдан ўтказилган марказлаштирилган бухгалтерия ислоҳот доирасида назарда тутилган ягона ҳисоб-китоб марказининг намунасига айланиши кўзланган бўлса керак. Ширкатларга туман ХУМШ уюшмаси билан тузилган шартномалар асосида бухгалтерия ҳисобини юритиш хизматларини буюртириш таклиф этилди. Бу яхши ғоя. Кўзланган мақсад: маблағлар ҳисоби юритилишини тартибга солиш, ХУМШдаги ноинсоф ходимларнинг суиистеъмолчиликларини бартараф этиш. Бироқ пилот лойиҳани амалга ошириш… ширкат муҳрини олиб қўйишдан бошланди, бу билан мазкур хизматни кўрсатувчи Уюшманинг мажбуриятлари ҳам қайд этилмаган чала шартнома тиқиштирилиб, хизматларни буюртиришга мажбур қилинди. Қисқаси, экспериментнинг бундай қонунбузарликлар билан амалга оширилиши ижобий ғояни йўққа чиқарди, кўпгина ХУМШ раҳбарлари ва мулкдорларда ишончсизлик уйғотди («Муҳрсиз муносабатлар», «Норма маслаҳатчи»нинг 7.08.2018 йилдаги 32-сони). Марказлаштирилган бухгалтерия ғояси амалга ошмай қолгани ажабланарли эмас.

Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги ишни охирига етказиб, барча камчиликларни бартараф этганида, янгилик киритгани билан фахрланиши мумкин эди. Бу «Obod Uy» тизимидир. У ХУМШ ва уй-жой ҳақида аҳоли учун фойдали ахборот берувчи сайтга айланиши керак эди. Бироқ ишлаб чиқувчилар ва маъмурлар буни амалга ошира билмадилар. Унда умумий йиғилишлар баённомалари, сметалар, раисларнинг ҳисоботлари ва ҳ.к. йўқ эди. Айрим ҳолларда сохта ҳужжатлар тақдим этилди. Вазият ўрганилганда ширкатнинг бутун фаолиятига асос бўладиган «Даромадлар ва харажатлар сметаси» сингари энг муҳим блок ишлаб чиқилмаганлиги маълум бўлди. Сайт тўловларни онлайн режимда акс эттирувчи Марказий банкнинг клиринг ҳисоб-китоб тизими билан интеграцияланмаган эди. Уни тезкор янгилаш механизми, фойдаланувчиларнинг ХУМШ билан бевосита алоқаси йўлга қўйилмаган, «Буюртманомалар» блокига тугал ишлов берилмаган эди ва ҳ.к. Пилот маҳсулот хомлигича, тугалланмаган кўринишда УКХ вазирлигига тақдим этилди («Obod uy»: сараги – саракка, пучаги – пучакка» – «Obod uy» ғоясига нималар тўсқинлик қилмоқда», «Норма маслаҳатчи»нинг 7.08.2018 йилдаги 32-сони). Давлат бюджети маблағлари сарфланган лойиҳа фаолият юритмаяпти.

 

Муваффақиятсиз экспериментни татбиқ этишни тавсия қилдилар

Синовдан ўтмаганига қарамай, «Obod Uy» тизимини бутун республика бўйлаб татбиқ этиш таклиф қилинди. УКХ вазирлиги Президентнинг уй-жой фондидан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарори лойиҳасини муҳокамага олиб чиқди. Унда пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани ва Ахборот коммуникациялари вазирлиги ВМнинг 12.12.2016 йилдаги 400-сон қарори доирасида муваффақиятли (?!) амалга оширилаётган «Obod Uy» тизимига Ўзбекистондаги ҳар битта кўп квартирали уйни мажбурий улаш таклиф этилган эди.

Ҳужжатни ишлаб чиқувчилар натижани ўрганиб чиқмай, самарасиз экспериментни татбиқ этишни таклиф қилиб, ишга юзаки ёндашдилар. Бунинг устига, ҳар бир мулкдор текинга олишга ҳақли бўлган ширкатларнинг иши ҳақидаги ахборотни тақдим этганлиги учун мажбурий бадаллар миқдоридан 2%ни хусусий операторга тўлаш таклиф қилинган эди. Бундай ҳужжат ХУМШ аъзоларининг норозилигини келтириб чиқариши, УКХ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотга ишончсизлик туғдириши мумкин («Уй-жойларни ёппасига «ободлаштириш», «Норма маслаҳатчи»нинг 2.10.2018 йилдаги 40-сони). Муҳокама доирасида ҳужжат лойиҳаси кескин танқид остига олинганлиги боис илгари сурилмай қўйилди. Айни пайтда ҚҲТБТ порталида ВМнинг кўп квартирали уйлар бошқарувига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш тўғрисидаги қарори лойиҳаси муҳокама этилди.

 

2 ҳафта ўтгач, мини-бадаллар бекор қилинди

УКХ вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган умумий мол-мулкни сақлашга мажбурий бадалларнинг энг кам миқдорларининг жорий этилиши катта норозилик уйғотди. У ККУ бошқаруви тизимини такомиллаштиришга йўналтирилган муҳим янгиликлардан бирига айланиши керак эди. Президентнинг 24.04.2017 йилдаги ПҚ-2922-сон қарори билан УКХ вазирлигига уларни ҳар йили белгилаш вазифаси топширилган эди. Асос: ширкатдаги бадал миқдори уйларнинг аҳволи лозим даражада бўлишини таъминловчи база саналади. Бироқ ҳамма ХУМШлар ҳам уни тўғри ҳисоблаб, аҳолига асослаб бера олмайди. Шу сабабли капитал таъмирлаш харажатларини қоплайдиган, қарз маблағлари ўз вақтида қайтарилишини таъминлайдиган реал бадал миқдорини белгилаш муҳим.

Бироқ мини-бадалларнинг мажбурий жорий этилиши амалдаги қонунчиликни бузиш демак. Бадал миқдори ҳар бир уйнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, умумий йиғилиш қарори билан белгиланади. Республикада 33 000 дан ортиқ кўп квартирали уйни бирлаштирувчи қарийб 4 000 та ХУМШ бор. Саволлар юзага келди: бунда ҳар бир ККУга алоҳида ёндашиб бўладими, бу расмиятчилик билан ёндашиш эмасми, бадаллар «осмондан олинмадими»? Уларни ҳисоб-китоб қилиш услубияти мавжудми, ҳар бир кўп қаватли уйни қамраб олишга, кўп сонли техник жиҳатларни инобатга олишга қодир бўлган мутахассислар етарлими? УКХ вазирлигининг мини-бадалларни жорий этиш тўғрисидаги буйруғи Адлия вазирлиги билан келишилмаган эди, у эълон қилингандан кейин 2 ҳафта ўтгач бекор қилинди («Бадалларнинг энг кам миқдорини қўллашга вақтинчалик йўл қўйилмайди», «Норма маслаҳатчи»нинг 13.03.2018 йилдаги 11-сони). Айни пайтда уларни жорий этиш масаласи кўтарилмаяпти.

 

Давлат монополия ташкил этаяптими?

Уй-жой соҳасидаги ислоҳотнинг муҳим йўналишларидан бири – ККУни профессионал бошқариш йўлидан бориш. Уй-жой соҳасидаги хизматлар бозорида рақобат кучайиши кутилмоқда. Ҳужжатларда УКХ вазирлиги бўлинмалари ҳузурида «Ягона ҳисоб-китоб маркази» (ЯҲМ) ва «Таъмирлаш-тиклаш хизмати» (ТТХ) давлат унитар корхоналари (ДУК) ташкил этиш назарда тутилган. Улар шартномалар асосида ширкатларга бухгалтерия ҳисобини юритиш хизматини, авария-диспетчерлик, умумий мол-мулкни сақлаш ва таъмирлаш хизматини кўрсатишлари мумкин. ДУКларнинг асосий мақсади – профессионал хизматлар кўрсатиш. Зеро кўп ХУМШ раҳбарлари даромадлар ва харажатлар сметасини тўғри тузишни, бадал миқдорини ҳисоблашни, устувор вазифаларни ва ишларнинг навбатини белгилашни, хизматларни кимга буюртиришни билмайдилар ва ҳ.к.

Ўтган йили республикада бундай тузилмаларни ташкил этиш бўйича иш олиб борилди. Бироқ уй-жой соҳаси ходимлари бундан асосли равишда хавфсирамоқдалар. Уй-жой хизматлари бозорида давлат улушининг ошиши бозор монополлашувига, хусусий бизнес сиқиб чиқарилишига, ХУМШ ва уй-жой мулкдорлари давлат тузилмалари билан шартномалар тузишга мажбурланиб, уларга босим ўтказилишига, бу билан эркин танлаш имкони чекланишига олиб келади. Қаердадир шундай бўлаяпти ҳам. Бу эса ислоҳот йўлида тўғаноқ бўлади. Ушбу тузилмаларда қандай йўналишда ҳаракатланиш кераклиги ҳақида шу пайтгача аниқ тасаввур йўқ, ташкилий масалаларни, ЯҲМ ва ТТХ фаолияти, бухгалтерия ҳисобини бир хилда юритиш, умумий мол-мулкни сақлаш ва таъмирлаш ишларини бажаришга доир масалаларни тартибга солувчи услубий тусдаги ҳужжатлар ишлаб чиқилмаган.

 

Янги йилга эски муаммолар билан

Ўтган йили кўп квартирали уйлар бошқарувини тартибга солувчи янги уй-жой қонунчилиги устида фаол иш олиб борилди («Янги уй-жой қонунчилиги устида иш олиб борилмоқда», «Муаммолар мавжуд. Қандай таклифлар бор?», «УКХ: қонун қандай бўлиши керак?», «Норма маслаҳатчи»нинг 11.09.2018 йилдаги 36-сони). УКХ вазирлиги қонун лойиҳаларининг бир нечта вариантларини тайёрлаган. Улардан бири – «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида», унинг дастлабки версияси ҚҲТБТ порталида кенг муҳокама учун тақдим этилган эди («УМШ тўғрисидаги қонун лойиҳаси: уйларни янгича бошқариш», «Норма маслаҳатчи»нинг 6.11.2018 йилдаги 45-сони). Билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни инобатга олган ҳолда унга қўшимча ишлов берилиб, бошқа, уй-жой соҳасидаги фаолиятга оид масалаларнинг янада кенг спектрини қамраб олувчи бошқа ҳужжат – «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги қонун лойиҳасига айлантирилди. Айни пайтда у қатор вазирлик ва идоралар билан келишилиб, Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига тақдим этилган.

Жамоатчилик ташаббуси тартибида штатдан ташқари муаллифларимиздан бири Валерий Стаховский «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги қонуннинг муқобил лойиҳасини ишлаб чиқди. Фейсбукдаги «ХУМШ ва у билан қандай яшаш керак?» гуруҳида «Тошкент шаҳридаги кўп квартирали уйлар мулкдорлари умумий мол-мулкни бошқаришининг алоҳида тартиби тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди. Унинг ишлаб чиқувчилари – Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари. Қанчалик ғайритабиий туюлмасин, унинг маъносидан келиб чиқилса, уни ишлаб чиқувчилар мавзу билан умуман таниш эмаслар. Амалдаги қонунчиликка зид келувчи нормаларни қайд этганликларининг сабаби шунда. Хусусан, унга тушунтириш хатида айтилишича, ширкатлар давлат бошқарувида бўлиб, шу муносабат билан ННТ ҳисобланади, давлат томонидан таъминланади (?) ва аҳолининг қарзини узиши ҳисобидан тўғридан-тўғри даромад (?) олишдан манфаатдор эмас ва ҳ.к.

Демак, ўтган йили фақат салбий ҳодисалар рўй бердими? Аксинча, жамият уйғониб, ўтказилаётган ислоҳотларда иштирок эта бошлади. Фуқароларнинг фаоллиги бир қатор хато қарорлар ва ҳаракатларнинг олдини олиш имконини берди, акс ҳолда улар илгари босишга халал бериши тайин эди. Бир сўз билан айтганда, ХУМШ енг шимарди. Бутун республикада кўп квартирали уйларни капитал таъмирлаш, ҳудудларни ободонлаштириш ишлари давом этмоқда. Бу ўз натижасини бермоқда.

Ўтган йили уй-жой соҳасида профессионализм, саводли, чуқур ўйланган ёндашув ва қарорлар кам бўлди. Улар бу йил ўз ечимини топишига умид қиламиз.  

 

 

 

Фойдали тажриба

 

Ўтган йили мамлакатимиз шаҳар ва қишлоқларининг қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгарди. УКХни ислоҳ қилиш доирасида 2017–2021 йилларда ККУни таъмирлаш, ободонлаштириш ва ундан фойдаланиш шароитларини яхшилаш дастурини амалга ошириш давом эттирилди. Қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уйлар ва шаҳарларда кўп квартирали уйлар қуриш дастурлари амалга оширилди. Улар фуқароларнинг фаровонлик даражасини ошириш, яшаш шароитларини яхшилашга қаратилган. Ушбу бунёдкорлик жараёнида кўп квартирали уйларни санация қилиш бўйича Германия тажрибасидан фойдаланилди. Уни ўрганса арзийди, зеро немисларда кўп қаватли турар жойларни комплекс модернизациялаш қиймати янгитдан кўтариладиган уй қийматининг қарийб 30%ини ташкил этади. Фойдалими? Шубҳасиз. Германиялик экспертлар пойтахтимизда «Pro House» лойиҳаси доирасида бўлиб ўтган энергия тежовчи санация бўйича семинарда Ўзбекистон уй-жой соҳаси вакиллари, лойиҳа ва қурилиш ташкилотлари мутахассислари, бир қатор идоралар раҳбарларини ушбу тажриба билан ўз вақтида таништирдилар.

 

Немислар тажрибаси бизга ҳам қўл келади

 

Тошкентнинг Сергели туманидаги бир нечта кўп қаватли уйнинг техник ҳолатини қандай қилиб яхшилаш мумкин? Халқаро эксперт, Бохум шаҳридаги (Германия) Европа таълим маркази доценти Хельмут Аше уларни энергетик жиҳатдан модернизациялаш бўйича таклифлар киритди. Сергелига ташриф семинар тадбирларининг бир қисмига айланди.

 

Уй-жой соҳаси вакиллари назарияни тинглаб, уни амалда мустаҳкамлаш учун йўлга чиқдилар. Даҳада кўп бўлган 9 ва 5 қаватли намунавий панель уйларнинг бир нечтасини текширдилар. Аше бундай турдаги кўп квартирали уйларни энергетик жиҳатдан модернизациялашда қандай элементларга (том, ертўлалар, йўлаклар, муҳандислик тизимлари, иситиш, вентиляция, иссиқ сув таъминоти ва б.) эътибор қаратиш зарурлигини тушунтирди.

Сергели-7 даҳасидаги «Наджу Коммунал Биринчи» ширкатига 6 та уй киради. Ҳаммаси 9 қаватли. 1991 йилда қурилган. 2007 йилда ХУМШ раиси Алия Хаджиева уларни оғир техник ҳолатда қабул қилиб олган. 10 йилда тартибга келтирган. Аҳоли уй хўжалигидаги муаммолар сабабли кўп йил нормал шароитда яшай олмаганини унутиб ҳам юборди.

2011 йилда 45-уй ертўласи капитал таъмирланди. 2016 йилда эса томи фольгоизол билан қопланди. 2018 йилда йўлаклар таъмирланди. Умуман олганда, ҳаммаси жойида. Шунга қарамай, семинарда қатнашган Алия энергетик жиҳатдан санация қилиш ҳақида ўйланиб қолди. Уй иссиқлик трассаси охирида жойлашган. Барча саъй-ҳаракатларга, уй ичидаги тизимнинг ҳолати яхшилигига қарамай, иситиш билан боғлиқ муаммолар бор.

Ертўлани кўздан кечирганда қачонлардир белгача сувга тўлиб ётганига ишонмадилар. Ҳозир аҳволи яхши. Тошиссиққуввати эксперимент доирасида бу уйда умумий ҳисоблагич ўрнатди. Ҳозирча таъминотчилар иссиқлик энергиясининг ҳақиқий истеъмолини мониторинг қилаяптилар. Барча уйларда умумий ҳисобга олиш асбоблари ўрнатилса, бу яшовчиларга ҳам анча наф беради. Хусусан, уй ичидаги тизим ишини яхшилаш, истеъмол харажатларини қисқартириш имкони яратилади – амалдаги сарфиётга қараб ҳисоб юритилади. Ҳисоблагичлар нафақат иссиқлик истеъмолини, балки коммунал маҳсулот сифати параметрларини ҳам қайд этади. Агар улар белгиланган нормативларга мувофиқ келмаса, ширкат етказиб берувчига асосли талаблар қўяди. Ана шунда чора кўришга мажбур бўладилар. Келгусида бу тўловни қайта ҳисоблаш ва аҳоли маблағларини тежашга асос бўлади. Бироқ уйларда умумий ҳисобга олиш асбобларини ёппасига ўрнатганда уйнинг энергия жиҳатидан самарадорлигини ошириш чораларини кўриш зарур, – дея ҳисоблайди Хельмут Аше. – Ертўла, чордоқ, йўлаклардаги эшик ва деразалар, фасад ва бошқаларни иситиш керак бўлади.

Юмшоқ қопламага шикаст етказмаслик учун томга эҳтиёт бўлиб чиқдик. Немис эксперти эҳтимолий хатарларни қандай бартараф этиш мумкинлиги ҳақида тавсиялар берди. Хусусан, томга чиқиш йўлини ёпиш, антенналарни олиб ташлаш, гидроизоляция ўтказишни маслаҳат берди. У қор ва ёмғир сувлари, шамол, конденсатдан ишончли ҳимоялайди. Анча иссиқликни сақлаб қолиш, иситиш харажатларини тежаш имконини беради.

Сўнг энергия жиҳатидан самарадорлигини текшириш мақсадида квартиралардан бирини текширдилар. Аше бунга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамма тизимлар: батареялар, устунлар, ромлар, шахталар, хоналарнинг жойлашуви ва бошқаларни синчиклаб кўздан кечирди. Квартирадаги ошхона иситилмаган балконга олиб чиқилган. Девор жуда юпқа, бу эса дераза ва деворларда конденсат, моғор юзага келишига олиб келади. Деворларни иситиб, изоляциялаш керак. Мутахассис квартира эгаларига уни қайси материаллар билан қандай иситиш кераклиги ҳақида маслаҳат берди. Тегишли идоралар рухсатисиз ошхона балконга кўчирилгани муҳокама қилинмади.

Сергели-1 даҳасида 1981 йилда қурилган 5 қаватли панелли уйлар семинар иштирокчилари эътибор марказида бўлди. «Файзли Меҳнаткаш» ХУМШ ижрочи директори Хуршида Матниёзова уларнинг энергия жиҳатидан самарадорлигини ошириш учун нималар қилиш мумкинлиги билан қизиқди. Эксперт асосий жиҳатларга тўхталиб ўтди: панеллар ўртасидаги чоклар, шифт, ертўла ва чордоқни иситиш. Уйларни бу тарзда тезкор текширувдан ўтказиб, уларни санация қилиш имконини интерактив шаклда муҳокама қилиш семинар иштирокчиларида қизиқиш уйғотди.

Ўзбекистонда кўп қаватли уйларни энергия самарадорлиги жиҳатидан комплекс модернизация қилиш – «Pro House» лойиҳасини амалга оширишда янги ракурс. Уй-жой соҳаси вакиллари қайд этганларидек, семинар ўз вақтида ўтказилди. Ўзбекистонда, бошқа собиқ совет мамлакатларида бўлганидек, аксарият кўп квартирали уйлар ўтган асрнинг 70–90-йилларида қурилган. Сўнгги йилларда интенсив равишда уй-жойлар қурилаётганига қарамай, республика аҳолисининг кўп қисми эски турар жой фондида яшайди. МДҲда бундай уйларга муносабат турлича. Қаердадир реновация дастурлари доирасида улар бузиб ташланмоқда, қаердадир бузиш керакми ёки модернизациялаган маъқулми дея ўйланиб турибдилар, қаердадир комплекс санация қилиш лойиҳаларини ишлаб чиқишга киришдилар.

Бизда эски уйлар секин-аста тартибга келтирилмоқда. Республикада 2017–2021 йилларда кўп квартирали уй-жой фондини таъмирлаш, ободонлаштириш ва ундан фойдаланиш шароитларини яхшилаш дастури (24.04.2017 йилдаги ПҚ-2922-сон қарор билан тасдиқланган) қабул қилинган. Ширкатларга капитал таъмирлаш учун имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. Бироқ, ўтган асрда қурилган намунавий кўп қаватли уйларнинг анчаси бунга муҳтож бўлса ҳам, ККУни кенг миқёсда санация қилиш масаласи кун тартибига қўйилмаган.

Уй-жой соҳасидаги вакилларимиз собиқ ГДРдаги уйларда ёппасига санация ўтказиш, Болтиқбўйи, Шарқий Европа мамлакатларида пилот лойиҳаларни амалга ошириш тажрибаси билан танишдилар. Бизда турар жойларни модернизациялаш механизмини ишга тушириш учун нималар қилиш керак? Бунинг учун ҳокимият ижозат бериши, халқаро экспертлар уй-жой фондининг аҳволини яхшилаш учун масъул давлат органлари, мутахассислар билан амалий алоқа ўрнатиши, қонунчиликни такомиллаштириш, аҳоли билан кенг тушунтириш ишларини олиб бориш зарур.

Энергия жиҳатидан самарадор модернизация катта маблағ талаб этиши қайд этилди. Мулкдорлар уни мустақил уддалашлари мушкул. Шу сабабли давлат томонидан қўллаб-қувватлаш дастурлари, молиялаштириш механизмлари ишлаб чиқилиши зарур. Охир-оқибат бундан давлат ҳам (комплекс санация янги уй қуришдан анча арзон тушади), мулкдорлар ҳам ютади.

 

 

 

Уй-жой фондини кенг миқёсли модернизациялаш: Германия тажрибаси

 

Биноларни энергия жиҳатидан комплекс санация қилиш ҳисобига қарийб 60% энергияни тежаш мумкин. Фасадлар учун замонавий изоляцияловчи материаллар, энергия самарадор ромлар, истеъмолни назорат қилувчи иситиш тизимлари, бошқа чоралардан фойдаланиб, бунга эришиш мумкин.

 

Собиқ совет мамлакатларида бир хил сериядаги уй-жойлар бунёд этилгани туфайли Ўзбекистонда 1960–1990 йилларда қурилган уйларга жуда ўхшайдиган Шарқий Германиядаги кўп квартирали уйларни реконструкция қилиш соҳасидаги тажриба шундан гувоҳлик беради.

Германияда бинолар кенг миқёсли санация қилинганда комплекс мақсадли ёндашув қўлланган. Концепция доирасида уй-жой сиёсатини амалга ошириш чоғида унга таъсир кўрсатувчи бошқа омиллар инобатга олинган. Яъни қулай инвестиция муҳити яратилган, барқарор молиявий сиёсат, шаҳар ва қурилиш ишларини режалаштириш конструктив сиёсати, шунингдек энергия тежаш ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш сиёсати амалга оширилган.

Энергия самарадорлиги сиёсати: талаб қилиш, қўллаб-қувватлаш, хабардор қилиш

Германияда энергия самарадорлигини ошириш сиёсати 3 та тамойил: талаб қилиш, қўллаб-қувватлаш, хабардор қилиш асосига қурилган.

 

Талаб қилиш сиёсати

Энергия тежамкорлиги сиёсати Европа Иттифоқи директиваларига мувофиқ аниқ мақсадлар қўйиб, вазифаларни шакллантирди. Хусусан, Европа парламенти ва Кенгашининг 2010 йилдаги 2010/31/ЕИ биноларда энергия тежаш директиваси (Energy Performance of Buildings Directive, ЕРВD) билан. Замонавий қурилиш стандартлари ва энергия истеъмоли стандартларига риоя этишни белгиловчи энергия тежамкорлигига оид қонунчилик базаси яратилиб, мунтазам такомиллаштирилиб бормоқда. Энергия тежамкорлиги тўғрисидаги низом (EnEV), Қайта тикланадиган энергия манбалари тўғрисида қонун (EEG), Қайта тикланадиган энергия манбаларидан иссиқлик олиш тўғрисидаги қонун (EEWärmeG) Германияда энергия тежашга доир талаблар мунтазам оширилиб борадиган асосий қонунлар сирасига киради. 

 

Қўллаб-қувватлаш сиёсати

90-йиллардан бошлаб Германия биноларни санация қилиш соҳасида мақсадли дотациялар бериш сиёсатини кенг миқёсда амалга ошира бошлади. Молиялаштириш хусусий тартибда, кредит маблағлари ва субсидияларни жалб этган ҳолда амалга оширилди. Нархлар динамикаси прогноз қилинадиган ва бошқариладиган бўлди. Бу аҳоли даромадлари ва тўловга қобиллиги ўртасида оқилона мувозанатни сақлашда муҳим аҳамиятга эга.

Германияда уй-жойларни модернизациялашга қаратилган «Энергия тежовчи санация» федерал дастури амал қилади. Юридик ва жисмоний шахслардан буюртманомалар қабул қилинади. Ушбу дастур доирасида имтиёзли кредит ставкалари (2017 йилда – 0,5%) бўйича квартирага 100 000 еврогача узоқ муддатли кредит олиш мумкин. Кредит одатда 10–20 йилга берилади. Уни қоплаш учун дотациялар мавжуд, уларнинг миқдори тадбирларнинг энергия жиҳатидан самарадорлигига боғлиқ. Энг кўп дотация – 27,5%, 27 500 еврогача. Энергия тежаш тадбирларига фасад, том, ертўла тўсиқлари иссиқлигини изоляциялаш, ромларни алмаштириш, вентиляция ва иситиш тизимларини янгилаш киради. Қўллаб-қувватлаш тамойилига қатъий амал қилинади: қанча кўп энергия тежалса, шунча кўп қўллаб-қувватланади. Биноларни санация қилиш лойиҳалари сифатини таъминлаш учун қўллаб-қувватлаш дастури: мутахассис маслаҳатлари ва лойиҳани профессионал жиҳатдан кузатиши назарда тутилган.

Германияда шаҳар даражасида ва Федерал ерлар даражасида қўллаб-қувватлаш дастурлари ҳам мавжуд.

 

Хабардор қилиш сиёсати

Энергия тежамкорлиги бўйича кенг ахборот кампанияси, биноларнинг энергия самарадорлигига оид илмий тадқиқотларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, замонавий технологияларнинг ривожлантирилиши билан бирга Талаб қилиш сиёсати ва Қўллаб-қувватлаш сиёсатининг оқилона мувозанати уй-жой фондини модернизациялаш соҳасида ижобий натижалар берди. Кенг миқёсли санация бир қатор ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳам ҳал этиш имконини берди. Хусусан, янги иш ўринлари яратилди, демак, солиқлар ҳисобига давлат бюджети тўлдирилиши таъминланди.

Уй-жой мулкдорлари мавжуд механизмлардан самарали фойдаланиш учун ўз мажбуриятлари ва имкониятларини билишлари керак. Хабардор қилиш сиёсати шунга йўналтирилган.

 

Натижалар

20 йил «Талаб қилиш – Қўллаб-қувватлаш – Хабардор қилиш» сиёсатини амалга ошириш натижалари кўзга кўринди. Шарқий Германиядаги уй-жой фондининг тахминан 3/4 қисми муваффақиятли санация қилинди. Ўрта ҳисобда модернизация қиймати янгидан барпо этиладиган уй-жой қийматининг қарийб 30%ини ташкил этди. 60% панелли бинолар комплекс равишда, 25%и қисман реконструкция қилинган Берлиннинг шарқий қисмида энг кўп тажриба тўпланди. 1993–2003 йилларда (санация жадал олиб борилган йиллар) ушбу мақсадларга капитал қўйилмаларнинг умумий суммаси 6,2 млрд еврони ташкил этди. Битта квартира (50–60 м2) 23 000 еврога модернизация қилинди, шу жумладан энергия тежаш тадбирларига 8 500 евро сарфланди.

Комплекс энергия тежовчи санация бинолар бут сақланишини таъминлашга, уй-жойнинг бозор қиймати ошишига, қулай ва хавфсиз яшашга, энергия истеъмоли анча қисқаришига ва, тегишинча, энергия сарфиёти камайишига олиб келади.

 

Энергия тежовчи тадбирлар

 

Комплекс санация бўйича бошқа тадбирлар

 

Бинонинг ташқи томони

 

ромларни алмаштириш;

том ёки юқори қават қопламасининг иссиқлигини изоляциялаш;

фасад иссиқлигини изоляциялаш;

ертўла қопламасининг иссиқлигини изоляциялаш;

йўлаклар эшикларини қалинлаштириш

томни гидроизоляциялаш ва ҳаво ўтказмаслигини таъминлаш;

бино ва унинг элементлари конструктив мустаҳкамлигини таъминлаш;

балконларнинг ташқи кўриниши;

йўлакларни таъмирлаш

Техник ускуналар

 

иситиш ускуналарини, масалан, ИТП, қувурлар, иссиқ сув таъминоти тизимини янгилаш, иссиқлик сарфи ҳисобини юритиш ва тартибга солиш;

қайта тикланадиган энергетикани жорий этиш;

вентиляцияни янгилаш

санитария ускуналарини алмаштириш;

ванна ва ошхонадаги плиткани алмаштириш;

квартирадаги эшикларни алмаштириш;

электрикани алмаштириш

 

 

Лариса Шреккенбах,

«Шарқий Европада уй-жой хўжалиги» ташаббуси» (IWO) лойиҳалари раҳбари, Берлин ш., Германия.

 

 

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

Прочитано: 2203 раз(а)

Комментарии к статье (1)

2019-02-09 00:17:18, Гость_misha:
Куп каватли уйларни биринчи навбатда-вентиляция кисмини таьмирлаш зарур,шунда газ хидлари (димоход оркали) ташкарига чикиб кетиши яхши булар эди.

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика