МЧЖ алкоголни улгуржи сотишга ҳақлими?
Ушбу фаолият турини амалга ошириш учун қандай рухсат берувчи ҳужжатлар керак?
– Йўқ, МЧЖ бундай ҳуқуққа эга эмас.
Республикада ишлаб чиқариладиган вино-ароқ маҳсулотларини улгуржи ва майда улгуржи сотиш ҳуқуқи «Ўзшаробсаноат» АЖнинг ҳудудий ихтисослаштирилган улгуржи савдо базаларига берилади (ВМнинг 16.11.2001 йилдаги 452-сон қарори 1-банди 3-хатбошиси).
Юридик шахслар спиртли ичимликлар билан чакана савдо қилишлари мумкин. Бунинг учун алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини олиш зарур. У Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномаларини бериш бўйича махсус комиссия томонидан берилади. Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш тартиби, шунингдек бошқа талаблар Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш қоидаларида (16.03.2007 йилдаги ПҚ-605-сон қарорга 2-илова) белгиланган.
Саодат Усмонова, «Norma» МЧЖ эксперти.