Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 34 / Назорат

Тама – хорликка етаклайди

 

Чақалоқ туғилганда дояга «суюнчи» берманг, вундеркинд болангиз 6 ёшдан мактабга чиққанда мактаб директорига «синф фонди учун ёрдам» кўрсатманг, шифокор дардингизга малҳам бўлса, енг учида «хизмат ҳақига» пул узатманг.

 

– Бу хатти-ҳаракатларнинг ҳаммаси пора бериш ҳисобланади ва қонунчиликка биноан пора олган ҳам, уни берган ҳам бирдек жиноятчи ҳисобланади, – деди Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси котиби, Бош прокуратура бошқармаси прокурори Нодира Зикриллаева Инвестициялар бўйича давлат қўмитасида коррупцияга қарши курашиш борасида мазкур Қўмита томонидан олиб борилаётган ишларнинг муҳокамасига бағишланган давра суҳбатида.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, коррупцияга қарши курашишнинг меъёр ва қоидалари асосан Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни (3.01.2017 йилдаги ЎРҚ-419-сон) ва бошқа ҳужжатлар билан тартибга солинади. Республикамиз Президентининг 2.02.2017 йилдаги ПҚ-2752-сон қарори билан ушбу Қонуннинг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари белгилаб берилди. Хусусан, қарор билан тасдиқланган Низомга кўра Комиссиянинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларининг ва бошқа дастурларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш;

коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва ҳамкорлигини таъминлаш;

аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга доир чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш;

коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, уларни аниқлашга, уларга чек қўйишга, уларнинг оқибатларини, шунингдек уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга доир чора-тадбирлар самарадорлиги оширилишини таъминлаш;

коррупциянинг ҳолати ва тенденциялари тўғрисидаги ахборотни йиғиш ҳамда таҳлил этиш;

коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиши юзасидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳадаги мавжуд ташкилий-амалий ва ҳуқуқий механизмларнинг самарадорлигини баҳолаш;

коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва ушбу соҳадаги ишларни яхшилаш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий идора­лараро комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштириш.

Комиссия коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги вазифа ва чора-тадбирларни амалга ошириш жараёнида хато ва камчиликларга йўл қўйган вазирлик ва идораларнинг (Халқ таълими, Олий ва ўрта-махсус таълим, Фавқулодда вазиятлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари) ахборотини эшитди. Коррупцияга қарши кураш бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар томонидан давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, бу иллат юзага келишига имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган 3,5 мингдан ортиқ учрашув, семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди.

Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг раис ўринбосари Шамиль Бурнашев ана шу вазифалардан келиб чиқиб, Қўмита тизимида коррупцияга қарши курашишга доир ишларнинг бориши хусусида қисқача тўхталиб ўтди.

Адлия вазирлиги бўлими бошлиғи Ҳаётжон Кличев қонун ҳужжатларини қўллаш амалиётининг кўрсатишича, талайгина ҳуқуқбузарликлар, шу жумладан мансабдор шахслар томонидан фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини камситиш ҳоллари ҳуқуқий билимнинг етарли эмаслигидан келиб чиқаётганини айтиб ўтди. Коррупция ўзида бир нечта жиноятлар – мансаб мавқеидан фойдаланиб, мулкни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, порахўрликни бирлаштиради. Шунинг учун Адлия вазирлиги органлари жойларда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида муайян ишларни амалга ошириб бормоқда, аҳолига ўз ҳақ-ҳуқуқини тушунтириш билан бирга, мансабдор шахсларга тамагирлик ҳаракатлари қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги эслатилмоқда.

Дарҳақиқат, коррупция, порахўрлик – бу бир томондан содир этиладиган жиноят эмас. Берувчи қўл бор экан, олувчи қўл ҳам доим топилади ва аксинча. Демак бу вабони илдизи билан қўпориш учун ҳамма бирдек саъй-ҳаракат кўрсатиши керак.

 

Нодир АЛИМОВ,

«СБХ» мухбири.

Прочитано: 1172 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика