Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг қўшма қарори (АВ томонидан 13.08.2018 йилда 3053-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ солинадиган базасини алоҳида харажатлари бўйича камайтириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ҳужжат Президентнинг «Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг (7.08.2018 йилдаги ПҚ–3514-сон) 15-бандини бажариш мақсадида қабул қилинди. Идоралар ушбу бандда кўрсатилган имтиёзларни тақдим этиш тартибини белгиладилар.
Биринчиси – солиқ солинадиган базани 1.01.2020 йилга қадар санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативларига мувофиқ келадиган замонавий санитария-гигиена тармоқларини қайта тиклаш, капитал таъмирлаш ва қуришга йўналтирилган харажатлар суммасига – 100 млн сўмгача камайтириш.
Уни қўллаш учун солиқ тўловчи Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг хулосасини олиши лозим.
Тегишли ишлар солиқ бўйича бир нечта ҳисобот даврларида олиб борилган ҳолларда солиқ солинадиган базани камайтиришни ишлар якунлангандан кейин Марказнинг хулосасини тақдим этиш шарти билан амалга оширишга рухсат берилади.
Бироқ солиқ тўловчи 1.02.2020 йилгача Марказнинг хулосасини олмаган тақдирда, имтиёз бекор қилинади. Солиқ тўловчи у қўлланган даврлар учун аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиши керак бўлади. Солиқ солинадиган базанинг 100 млн сўмгача камайиши, бир марталик ёки қисмларга бўлинган ҳолда, 1.01.2020 йилгача амалга оширилади.
Иккинчи имтиёз – солиқ солинадиган базани ҳар йили (1.01.2025 йилга қадар) санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативларига мувофиқ келадиган замонавий санитария-гигиена тармоқларини, туризм инфратузилмаси объектларини сақлашга йўналтирилган харажатлар суммасига – 12 млн сўмгача камайтириш.
Ушбу имтиёз солиқ тўловчи Марказнинг хулосасини олганидан кейин тақдим этилади. Солиқ солинадиган базанинг 12 млн сўмгача камайиши 1.01.2025 йилгача ҳар йили амалга оширилади.
Солиқ солинадиган базанинг камайтирилиши юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, ЯСТ ҳамда бозорлар даромадлари бўйича амалга оширилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 14.08.2018 йилдан кучга кирди.
Миржалол МИРФАЁЗОВ, «Norma» МЧЖ эксперти.