Корхона банкдан хорижий валютада кредит олиб, ўз эҳтиёжлари учун Хитойдан асбоб-ускуна сотиб олиб келмоқчи. Асбоб-ускуна олиб кираётганда 20% ҚҚС тўлашимиз керакми?
– Ўзбекистон ҳудудига тасдиқланган Рўйхат (АВ томонидан 20.03.2013 йилда 2436-сон билан рўйхатдан ўтказилган) бўйича олиб кирилаётган янги технологик асбоб-ускуналар, шунингдек бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, агар уларни етказиб бериш технологик асбоб-ускуналарни етказиб бериш контракти шартларида назарда тутилган бўлса, божхона тўловларини (импорт қилинадиган товарлар бўйича ҚҚС, импорт божхона божи) тўлашдан озод қилинади (Солиқ кодексининг 211-моддаси 7-банди; БКнинг 297-моддаси 2-қисми 13-банди).
«Эркин муомалага чиқариш» режимида божхонада расмийлаштирилган пайтга келиб ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошмаган асбоб-ускуна янги технологик асбоб-ускуналар сирасига киради.
Олиб кириладиган технологик асбоб-ускуна ишлаб чиқарилган йилни тасдиқлаш учун тайёрлов заводининг у ишлаб чиқарилган йилни тасдиқловчи техпаспорти ёки тайёрловчининг ишлаб чиқарган асбоб-ускуна тўғрисидаги тегишли ахборотини, шу жумладан ишлаб чиқарилган йилини ўз ичига олган ҳужжати тақдим этилади.
Асбоб-ускунангиз Рўйхатга киритилган ва у ишлаб чиқарилган кундан бошлаб 3 йилдан кўп вақт ўтмаганлиги далилини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлса, имтиёздан фойдалана оласиз.
Рўйхат технологик асбоб-ускуналарни олиб киришда импорт божхона божи ва ҚҚСни тўлаш бўйича имтиёзларни қўллаш мақсадида тасдиқланганлигини инобатга олиш лозим. Бироқ асбоб-ускунангиз унга киритилганлиги далилининг ўзи ЯСТ бўйича имтиёзни ҳисоблаш чоғида уни технологик асбоб-ускуналар тоифасига киритиш ҳуқуқини беради.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.