Ўз бизнесимни очмоқчиман. Қарийб 30 нафар ходим ишлайдиган офисни ижарага олишни режалаштираяпман.
Ижарага олинадиган офис ходимлари учун ёнғин хавфсизлиги бўйича машғулотларни ким (ёнғиндан ҳимоя қилувчи ҳудудий идора ёки ўқув маркази) ўтказиши керак?
Ўқувчи.
– Ёнғин чиқишдан сақланиш ҳақида йўл-йўриқни раҳбар томонидан тайинланадиган ҳамда махсус билим ва кўникмаларга эга бўлган шахс бериши шарт.
Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ташкилотларнинг мансабдор шахслари ва бошқа ходимлари, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятининг таркибий қисмидир. Ёнғин хавфсизлигини таъминлашга доир талаблар мансаб йўриқномаларида ва бошқа йўриқномаларда, зарур ҳолларда эса тегишли шартномаларда акс эттирилиши керак.
Ташкилотларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, агар тегишли шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, мазкур ташкилотларнинг раҳбарлари ва улар ваколат берган шахслар зиммасига юклатилади. Ёнғин хавфсизлигини таъминлашга доир вазифаларнинг ваколатли шахслар зиммасига юклатилиши раҳбарларнинг зиммасидан масъулиятни соқит қилмайди («Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддаси 1, 2-қисмлари).
Иш берувчи ходимларга техника хавфсизлиги, ишлаб чиқариш санитарияси, ёнғин чиқишдан сақланиш ва меҳнатни муҳофаза қилишнинг бошқа қоидалари ҳақида йўл-йўриқлар бериши ҳамда уларнинг меҳнатни муҳофаза қилишнинг ҳамма талабларига риоя этишларини доимий равишда текшириб бориши шарт.
Шунингдек у ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқишларини таъминлаши ва уларнинг билимларини текшириб туриши шарт. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқувдан, йўл-йўриқдан ўтмаган ва билимлари текширилмаган ходимларни ишга қўйиш тақиқланади (МКнинг 215-моддаси).
Раҳбарлар ва мутахассисларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билим даражасини ошириш учун бошқарув органлари ва корхоналарда давлат назорати органлари, Бандлик, меҳнатни муҳофаза қилиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш республика илмий маркази мутахассисларини жалб этган ҳолда курслар, семинарлар, маърузалар, маслаҳатлар ташкил этилади (АВ томонидан 14.08.1996 йилда 272-сон билан рўйхатдан ўтказилган Намунавий низомнинг 21-банди).
Иш берувчилар меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислар қайта тайёрланишини ва уларнинг малакаси оширилишини таъминлашлари шарт («Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддаси 3-қисми; Низом, ВМнинг 27.04.2017 йилдаги 246-сон қарорига 3-илова).
Маълумот учун: ёнғин хавфсизлигига доир умумий талаблар Одамлар гавжум бўладиган объектлар учун ёнғин хавфсизлиги қоидалари (АВ томонидан 8.07.1997 йилда 354-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тартибга солинади.
Александр Лобанов, «Norma» МЧЖ эксперти.