Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2018 год / № 33 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

 

Давлат жамғармаси ҳисобига молиявий жиҳатдан кўпроқ қўллаб-қувватлайдилар

 

Президентнинг 7.08.2018 йилдаги ПФ–5504-сон Фармони билан Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига банк кредитлари бўйича фоиз харажатларини компенсациялаш учун асослар кенгайтирилди.

 

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси 2017 йилда ташкил этилган эди (17.08.2018 йилдаги ПҚ-3225-сон). Жамғарма кичик тадбиркорлик субъектларига («Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддаси) банк кредити миқдорининг 50 фоизигача, лекин 2 млрд сўмдан кўп бўлмаган сумма бўйича кафил бўлиш ҳамда кредитлар бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини компенсациялаш шаклида молиявий ёрдам кўрсатади.

Тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация бериш шартларига ўзгартиришлар киритилди.

Биринчидан, фоиз харажатлари компенсацияланадиган кредитларнинг энг юқори суммаси 4 млрд сўмдан 8 млрд сўмгача оширилди. Бунда қуйидаги шартлар амал қилади:

►  миллий валютада, қайта молиялаштириш ставкасининг 1,5 бараваридан ошмайдиган фоиз ставкасида – 5 фоиз пункти миқдорида;

►  миллий валютада жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағлари ҳисобига ажратиладиган имтиёзли кредитлар бўйича, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг тавсиялари асосида ёш тадбиркорлар ташаббус билан чиққан лойиҳаларни амалга оширишга – банкларнинг харажатларини қоплаш учун 3 фоизли ставка миқдорида;

►  хорижий валютада (эквивалентда) – тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 40 фоизи, аммо 3 фоиз пунктидан ортиқ бўлмаган миқдорда.

Иккинчидан, тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини Жамғарма маблағлари ҳисобига компенсациялаш учун қўшимча асослар киритилди:

►  миллий валютада, қайта молиялаштириш ставкасининг 1,5 бараваридан ошмайдиган фоиз ставкасида, рўйхатга кўра туманларда, шунингдек «Обод қишлоқ» дастури доирасида амалга оширилаётган, суммаси 8 млрд сўмдан ошмайдиган лойиҳалар учун – 8 фоиз пункти миқдорида;

►  хорижий валютада, 2017 йил 5 сентябргача (2.09.2017 йилдаги ПФ–5177-сон Фармон кучга кирган сана) халқаро молия институтларининг кредит линиялари ҳисобига иссиқхоналар қуриш, интенсив боғлар барпо этиш ва совуткичлар қуриш учун хўжалик юритувчи субъектларга ажратилган валюта кредитлари бўйича – белгиланган фоиз ставкасидан 50% миқдорида.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 8.08.2018 йилдан кучга кирди.

 

 

 

Норматив ҳужжатлар янги принциплар бўйича қабул қилинади

 

Президентнинг 8.08.2018 йилдаги ПФ-5505-сон Фармони билан Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди.

 

Ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг янги принциплари ишга тушади

Ҳужжат ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш механизмига янги талаблар жорий этади.

1. Давлат органлари томонидан қонунларни, Президентнинг ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш ташаббусига фақатгина ушбу органларнинг кўтарилаётган масалалар ёки муаммоларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган амалдаги нормалар ва маъмурий тартиб-таомиллар орқали ҳал қилиш ваколати бўлмаган тақдирда йўл қўйилади.

Эслатиб ўтамиз, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ташаббус кўрсатилган ва таклиф қилинган қонун лойиҳалари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг комплекслилигини ва ўзаро бир-бирини тўлдиришини ҳисобга олган ҳолда, ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий соҳалардаги демократик ўзгаришларни амалга ошириш учун зарур бўлган тақдирда қонун лойиҳаларга доир ишларга киритилади.

Фақат мамлакатимиз Президенти томонидан муҳим йўналишлар ва масалалар бўйича қарорлар қабул қилинади, Ҳукуматнинг алоҳида қарорлари у билан келишилиши керак (28.07.2017 йилдаги ­ПҚ-3161-сон қарор билан тасдиқланган Регламентнинг 3-иловаси).

Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Қонун билан унинг ваколатига киритилган масалалар бўйича қабул қилинади.

2. Қонунлар, Президент ва Ҳукумат қарорлари улар кучга кирган пайтдан (расман эълон қилинган кундан, башарти уларнинг ўзида бошқа кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса) эътиборан қўлланилади. Уларнинг ижроси юзасидан қўшимча ички идоравий ҳужжатларни қабул қилиш бўйича мажбурият юклатилмайди.

3. Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари (Конституциянинг 83-моддаси) Қонунчилик палатасига қонун лойиҳасини киритишда унга уни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини илова қиладилар. У ерда, қоида тариқасида қонун ва қонуности ҳужжатларини такомиллаштириш, ташкилий-техник чора-тадбирларни амалга ошириш, қонун лойиҳасини кенг татбиқ этиш ва унинг моҳияти ва аҳамиятини тарғиб қилиш бўйича масалалар акс эттирилади. Чора-тадбирлар режаси унинг ижроси устидан Олий Мажлис палаталари томонидан таъсирчан назорат таъминланганда Сенат томонидан қонуннинг маъқулланиши билан бир вақтда тасдиқланади.

Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари бўйича алоҳида чора-тадбирлар ва назорат режаси ҳамда «йўл хариталари», аксинча, қўшимча тарзда тасдиқланмайди. Бунинг ўрнига ҳужжатларнинг ўзида аниқ топшириқлар ва уларни амалга ошириш механизмлари, муддатлар ва масъул ижрочиларни белгилайдиган нормалар албатта назарда тутилади.

4. Янги идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг (вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ёки қарорлари) қабул қилиниши ўхшаш муносабатларни тартибга солувчи шу каби юридик кучга эга ҳужжатни бекор қилиш ёки унга таклиф этилаётган ўзгартиришларни киритиш билан бирга кечиши керак.

 

Қонунчилик тўлиқ хатловдан ўтказилади

Фармон билан ташкил этилган махсус комиссияга қонунчилик базасини тўлиқ хатловдан ўтказиш ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қуйидагилар асосида қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритиш топширилди:

►  аниқ соҳалардаги муносабатларни тартибга солувчи (сайлов тизими, архитектура ва қурилиш, таълим, инвестициялар, тадбиркорлик фаолияти ва бошқалар) норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш;

►  амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига мувофиқ ҳолда ижтимоий муносабатларни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан амалий ва самарали тартибга солиш;

►  норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар даражасида мустаҳкамлаш талаб этиладиган юқори юридик кучга эга нормаларни белгилаш;

►  идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни имкон қадар қисқартириш;

►  умумий тусдаги, ҳаракатсиз ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсир этмайдиган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш;

►  асоссиз чекловлар, ортиқча маъмурий тартиб таомиллар ва эскирган тартибга солиш механизмларининг мавжудлиги.

2 ой муддатда ҳар бир идора томонидан қабул қилинадиган идоравий ҳужжатларнинг аниқ рўйхатини белгилаш зарур. Қолган ҳужжатларга нисбатан уларда мавжуд нормаларни юқори юридик кучга эга бўлган қонун ҳужжатларига ўтказиш ва «тартибга солиш гильотинаси» усулини қўллаш орқали ваколатларни босқичма-босқич камайтириш ва бекор қилиш талаб этилади (юқори турувчи ҳужжатларга зид бўлган қуйи турувчи ҳужжатларни бекор қилиш).

 

Амалдаги ҳуқуқий ахборот тизимлари модернизация қилинади

Келаси йил бошига Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимини ишлаб чиқиш ва синов тариқасида ишга тушириш керак, у қуйидаги имкониятларни беради:

►  НҲҲлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишиш жараёнини бошқариш ва назорат қилиш, шу жумладан, масъул идоралар, бошқа органлар ва ташкилотлар томонидан лойиҳаларга электрон кўринишдаги виза қўйишни амалга ошириш;

►  норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш ва келишиш бўйича идоралараро электрон ҳамкорликни, шунингдек, уларни ишлаб чиқиш жараёни мониторинг қилинишини таъминлаш;

►  лойиҳаларни жамоатчилик ва касбий доирада муҳокама қилиш, шу жумладан, фойда, харажат ва кутилаётган натижалар таҳлилини ҳамда уларнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларига, ижтимоий соҳага, тадбиркорлик фаолиятига, атроф-муҳит ҳолатига таъсирини, шунингдек, юзага келиши мумкин бўлган оқибатларни баҳолаш имконини яратиш;

ҚҲТБТ портали (НҲҲнинг жамоатчилик муҳокамаси) Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими таркибий қисми сифатида унга интеграция қилинади.

2019 йил 1 февралга қадар муддатда эса илмий эксперт доиралари вакиллари, олий ўқув юртлари талабалари ва илмий даражалар олиш учун талабгорлар томонидан илмий-таҳлилий фаолият асосида ишлаб чиқилган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифларни ўз ичига олган онлайн оммабоп ахборот тизимини яратиш ва уни мунтазам равишда янгилаб бориш топширилди.

Параллель равишда қуйидагилар ҳисобига Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси тизими модернизация қилинади:

►  миллий қонунчиликнинг мавзули маълумотномасини такомиллаштириш;

►  ҳаволалар ёки муайян бўшлиқлар мавжудлигини кўрсатиб берган ҳаволаки нормаларга эга бўлган норматив-ҳуқуқий хужжатлар тўғрисидаги маълумотларни қўшимча ахборот сифатида кўрсатиш;

►  фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи, шунингдек, чет эл инвесторлари учун муҳим аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг чет тилларига расмий таржимасини таъминлаш.

 

Босма нашрлар ўтмишда қолади

2019 йил 1 январдан эътиборан давлат органлари ва ташкилотларининг «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами», «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ахборотномаси», «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари тўплами» ва «Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами»га обуна бўлиши тўхтатилади.

Уларни эълон қилиш тўхтатилади ва Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига ўтказилади. Алоҳида нусхалари фақат архивларда, ахборот-ресурс марказларида сақлаш учун, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар талабларига кўра нашр этилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 9.08.2018 йилдан кучга кирди.

 

 

 

Навоий вилоятида қуёш электр станцияси қурилади

 

Вазирлар Маҳкамасининг 8.08.2018 йилдаги 633-сон қарори билан Навоий вилоятида қуввати 100 МВт гача бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши учун хусусий инвестицияларни жалб этиш тажриба лойиҳасини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» маъқулланди.

 

Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, «Ўзбек­энерго» АЖ ва Халқаро молия корпорацияси (ХМК) 17.05.2018 йилда республикада давлат-хусусий шериклик асосида инвестициялар ҳажми 1 млрд АҚШ долларигача бўлган фотоэлектр энергия ишлаб чиқувчи объектларни лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш учун хусусий инвесторларни излаш ва танлов асосида жалб этишда ХМК томонидан молиявий маслаҳат хизматлари кўрсатилиши юзасидан Битим туздилар.

Битим доирасида Навоий вилоятида қуввати 100 МВт гача бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши учун хусусий инвестицияларни жалб этиш бўйича тажриба лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.

«Ўзбекэнерго» АЖ битим ва лойиҳани амалга оширувчи ижрочи орган, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси улар амалга оширилишини мувофиқлаштирувчи этиб белгиланди.

«Йўл харитаси»га мувофиқ март ойида дастлабки квалификация бўйича ҳужжатларни илова қилган ҳолда расмий матбуот, интернет-ресурсларда халқаро тендер эълон қилиш режалаштирилмоқда. 20.07.2019 йилга келиб тендер ўтказиш ва тендер таклифларини очиш кўзланган. 2019 йил август ойида давлат-хусусий шериклик асосида лойиҳани амалга ошириш тўғрисида ҳукумат қарорини қабул қилиш ва инвестор билан битим имзолаш режалаштирилган.

Кейинги йил сентябрь ойида умумий ҳажми 900 МВт гача бўлган бошқа майдончаларда Битимни амалга ошириш шартлари, ҳажмлари ва муддатлари юзасидан ХМК билан музокаралар ўтказиш кўзланган.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 10.08.2018 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов, Олег Гаевой, «Norma» МЧЖ экспертлари.

Прочитано: 1466 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика